1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳаж мавсумларида иштирок этишлари

16:00 / 28.07.2019 2130 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоифдан қайтиб келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини турли қабилаларга очиқ-ойдин таништиришни бошладилар. Бунинг учун энг қулай фурсат ҳаж мавсумлари эди. Ҳажга атроф-теваракдаги қабилалар ҳар йили гуруҳ-гуруҳ бўлиб келишар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одам кўп тўпланадиган жойларга бориб, уларни Исломга чақирар, Қуръони Каримдан тиловат қилиб берар эдилар. У зот: «Эй Бану фулон! Мен сизларга Аллоҳ юборган расулман. Сизларни Аллоҳга ибодат қилишга, У Зотга бирор нарсани шерик қилмасликка буюришга амр қилинганман. У Зотдан бошқа ибодат қилаётган нарсаларингизни тарк этишга чақираман. У Зотга иймон келтиринг! Мени ўз ҳимоянгизга олинг. Токи У Зот юборган нарсани етказай», дер эдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъзларини тугатишлари билан Абу Лаҳаб ўрнидан туриб: «Эй Бану фулон! Манави сизларни Лот ва Уззони ҳамда сизларга ошно бўлган жинларни бўйинларингиздан отиб ташлашга даъват қилмоқда. Ўзи келтирган бидъат ва залолатга чақирмоқда. Унга итоат қилманглар. Унга қулоқ османглар», дер эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даъватларини ҳеч ким қабул қилмаса ҳам, ана шундай ҳолда давом эттирар эдилар.

Ясрибликлар билан учрашув

У зот ҳожилар шайтонга тош отадиган Ақаба номли жойда Ясрибда (Мадинада) истиқомат қилувчи Хазраж қабиласига мансуб бир гуруҳ кишиларга дуч келдилар. Улар олти кишидан иборат эдилар: Асъад ибн Зурора, Авф ибн Ҳорис, Рофеъ ибн Молик, Қутба ибн Омир, Уқба ибн Омир ва Жобир ибн Абдуллоҳ.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан: «Сизлар ким бўласизлар?» деб сўрадилар. «Хазражликлармиз», дейишди.

«Яҳудийларнинг дўстлариданми?» дедилар. «Ҳа», дейишди.

«Ўтирсаларингиз, бир гапим бор эди», дедилар. «Хўп», деб ўтиришди.

У зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар ва Қуръони Каримдан тиловат қилиб бериб, Исломга чақирдилар.

Мазкур хазражликларнинг қалбларида Исломга киришга мойиллик бор эди. Уларнинг юртида яҳудийлар ҳам яшар, улар аҳли китоб бўлишгани учун кўп нарсаларни билишарди. Агар араблар билан яҳудийлар ўртасида жанжал чиқиб қолса, яҳудийлар уларга: «Бизнинг пайғамбаримизнинг чиқиш вақти яқинлашиб қолди. Биз унга эргашиб, сизларни ўлдирамиз. Од ва Эрам халқлари қирилиб кетгандек, сизлар ҳам қирилиб кетасизлар», дейишар эди.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур хазражликларга гапириб бўлишлари билан улар бир-бирларига қараб: «Билдингизми? Бу яҳудийлар васфини келтирадиган пайғамбарнинг ўзи-ку! Улардан олдин иймон келтириб қолиш керак!» дейишди.

Уларнинг барчалари иймонга келишди. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Биз ўз қавмимизни қолдириб келганмиз. Дунёда у қавм каби адоватли ва ёмон қавм бўлмаса керак. Шояд, Аллоҳ уларни сизнинг сабабингиздан жам қилса. Биз бориб, уларни ҳам сизнинг ишингизга даъват этамиз. Уларга сиздан қабул қилган динни таклиф қиламиз. Агар Аллоҳ уларни сизнинг атрофингизда жамласа, сиздан азизроқ одам бўлмайди», дейишди.

Сўнг келаси йили яна учрашишга ваъдалашиб, қайтиб кетишди. Ўша йили мазкур гуруҳнинг ҳаракати билан Ясрибда Ислом дини тарқалди.

“Ислом тарихи” биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб, вафотлари яқинлашганини ҳис қилганларида, мусулмонлар ичида ихтилоф чиқмаслиги учун аввалдан халифа тайинлаб қўйишни ирода давоми...

2419 22:57 / 05.05.2024
Саъид ибн Усмон уларни Мадинага келтирди. Аммо бухоролик асирлар тутқунликдаги ҳаётдан ўлимни афзал кўришди ҳамда Саъиднинг саройида уни ўлдиришди ва ўзларини давоми...

2838 11:00 / 17.12.2020
биринчи мақолаПайғамбарлар келиши бир муддат тўхтаб қолгач, Ийсо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари орасида инсоният давоми...

4199 12:00 / 12.08.2019
Биҳар Ҳиндистоннинг шимолишарқидаги штат бўлиб, Непал билан чегарадош. Унинг майдони 174 минг км2. Аҳолиси 86,3 млн.дан ортиқдир. Маъмурий маркази mdash Патна шаҳри давоми...

2711 09:00 / 22.02.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021