1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ўзганинг савдоси устига савдо қилиш ҳаромдир

14:00 / 28.07.2019 3252 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири бировнинг савдоси устига, у баҳолашишни тугатмай туриб савдо қилишдир.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَا يَبِعِ الرَّجُلُ عَلَى بَيْعِ أَخِيهِ، وَلَا يَخْطُبْ عَلَى خِطْبَةِ أَخِيهِ إِلَّا أَنْ يَأْذَنَ لَهُ». وَفِي رِوَايَةٍ: «لَا يَسُمِ الْمُسْلِمُ عَلَى سَوْمِ أَخِيهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин, ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Фақат унга ўзи изн берса, майли», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган. Бошқа бир ривоятда:

«Мусулмон ўз биродарининг савдолашиши устига савдолашмасин», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифда савдода содир бўлиб турадиган икки хил ишдан наҳ­йи қилинмоқда:

1. Бировнинг битирган савдоси устига савдо қилиш.

Бу икки хил кўринишда бўлиши мумкин:

Биринчи кўринишда бировдан нарса сотиб олган одамга: «Савдонгни бузиб, нарсасини қайтариб бер, мен сенга худди шу нарсани арзон нархга бераман», дейди.

Иккинчи кўринишда эса: «Бировга нарса сотган одамга: «Савдонгни бузиб, нарсангни қайтариб ол, мен сенга ундан кўра кўпроқ пул тўлайман», дейди.

Бу кишилар ўртасида келишмовчилик, уруш-жанжал келтириб чиқарадиган бузғунчиликдан иборат ишдир. Эркин бозор қоидасига, одамларнинг баъзилари баъзиларидан фойда олишига зид нарсадир. Шунинг учун ҳам бу нотўғри иш шариатда ман қилинган.

2. Бировнинг савдолашиши устига савдолашиш.

Яъни бир киши бир нарсанинг устида савдолашиб қўйди, ҳали бир йўла сотиб олгани йўқ. Шунда бир одам келиб, сотувчига: «Менга сотсанг, ундан кўп нарх бераман», дейиши мумкин эмас. Ёки харидорга: «Менинг худди шу савдолашган нарсангга ўхшаш нарсам бор, сенга арзонга бераман», дейиши мумкин эмас. Савдо битса, битиб кетди, битмаса, учинчи киши ўз мақсадини айтса бўлади. Бу ишда ҳам бошқаларга зарар келтириш борлиги учун ҳаром қилинган.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бозор ва савдо соҳасида келиб чиқадиган кўпгина уруш-жанжал, келишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган масаладир. Кишиларнинг Ислом таълимотларидан бехабарликлари, хабардорларнинг мазкур таълимотларга амал қилмасликлари оқибати нима бўлишини шундан ҳам билиб олаверсак бўлади.

«Бозор ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир соҳада бўлганидек, мўмин кишининг ризқ борасида ҳам ўз қараши бўлади. Ризқнинг манбаи қаерда Ризқни ким яратади ва уни махлуқотларга ким етказади Мўмин давоми...

9444 12:10 / 24.04.2019
Мужоҳиддан ривоят қилинади.Яъла ибн Умайя фатҳдан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отасини у зотга ҳижрат учун байъат қилдиргани олиб давоми...

3466 18:00 / 16.12.2018
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қазони фақатгина дуо қайтаради. Умрни фақатгина яхшилик зиёда қиладир,, дедилар,.Шарҳ давоми...

5667 20:04 / 12.12.2018
Ақоид илмида .ғайбиёт, номини олган масалалар инсон зоти учун бутунлай ғойиб бўлган, уни одамлар кўрмаган ва бошқа нарсага солиштириб, билиб ҳам бўлмайдиган, уни давоми...

2983 09:10 / 30.07.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021