1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тақсит савдоси ва унинг низоми

20:00 / 06.08.2019 4169 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Тақсит» сўзи луғатда бўлиб-бўлиб тўлаш маъносида бўлиб, шаръий истилоҳда савдо молини нақд қилиб, баҳосини насия қилишга айтилади. Бунда савдо молининг баҳоси нақд тўлашга нисбатан қимматроқ ёки баробар ёхуд пастроқ бўлишининг эътибори йўқ.

Ислом Фиқҳи Академиясининг еттинчи мажлисида ушбу савдо тўғрисидаги уламолар муноқашаларини тинглангач, унинг жоизлиги тўғрисида қарор қабул қилинди. Албатта, ушбу савдо турининг ҳам тўғри бўлиши учун маълум шартлар амалга оширилиши керак.

Тақсит савдосининг шартлари:

1. Сотилаётган савдо молининг мубоҳ нарса бўлиши;

2. Савдо моли сотувчи ёки вакилининг мулкида бўлиши;

3. Бўлиб бериладиган маблағ бўлакларининг қиймати маълум бўлиши;

4. Муддатнинг аниқ тайинланган бўлиши;

5. Икки тараф насия ва муддат орасида иттифоққа келишмай, ажралиб кетмаслиги.

 

Тақсит савдосининг низоми

1-модда. Тақсит савдоси насия савдо турларидан бўлиб, бунда сотувчи ва олувчи келишилган пулни тайинланган вақтларда бўлиб-бўлиб тўлашга келишишади.

2-модда. Тақсит савдосининг битимида қуйидаги шартлар икки нусхада тўлиқ баён қилиниб, ҳар бир нусха сотувчи ва олувчининг қўлида бўлмоғи лозим:

1. Савдо молининг тўлиқ сифати;

2. Баҳонинг миқдори ва (агар берилса) олдиндан бериладиган маблағнинг миқдори;

3. Бўлиб тўлашга қўйилган муддатнинг аниқлиги;

4. Бўлиб тўланадиган маблағларнинг аниқлиги;

5. Бўлиб тўланадиган бўлакларнинг адади;

6. Бўлиб тўланадиган бўлакларнинг вақти;

7. Баҳонинг тўлиқ тўлаш шартлари;

8. Шу билан бирга, сотувчи ва олувчининг ўзидан содир бўлиши мумкин бўлган баёнотлар, ўзаро келишув асосида қандай баёнот ёки шартлар бўлса, уни келтириш...

3-модда. Савдо моли битим тузилган вақтда харидорга тўла-тўкис берилиши лозим;

Бериш – савдо молига боғлиқ бўлган нарсаларни ва ундан фойдаланишда доимий сифат бўлиб эътибор қилинадиган ҳар бир нарсани ўз ичига олади. Бу эса нарсанинг табиати, урф ва икки томоннинг мақсад тақозосига мувофиқ бўлади. Шу билан бирга, савдо молини олувчи ундан ҳар қандай тўсиқсиз, тўлиқ тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлиши шарт ҳисобланади. Бу нарса шаръий истилоҳда «таслим» дейилади.

4-модда. Тақсит савдосида сотувчи харидордан баҳонинг ҳамма қисмини тўлиқ адо этгунича гаров ёки зарарнинг ва тўлиқ тўлашнинг кафолатини сўраши жоиздир;

5-модда.

А. Сотувчида тақситга сотиладиган товар қийматининг 20%дан кам бўлмаган маблағини олдиндан олиш ҳуқуқи бор;

Б. Харидор гаровни ёки зарар ҳамда тўлиқ тўлаш кафолатини келтирса, келишувга қараб, юқоридаги нисбат озайиши мумкин;

6-модда. Харидор бўлиб-бўлиб бериладиган пулни қайси манзилда адо қилишини ҳам аниқ белгилаб олишлари лозим.

7-модда. Битимда харидор зиммасидаги келишилган баҳонинг кўп қисми берилган бўлса ва харидор ўз зиммасидаги бўлаклардан бир қисмини беролмай қолса, икки тараф учун ҳам ушбу савдо шартномасини бузиш талаби жоиз бўлмайди;

8-модда. Харидор зиммасидаги бериши керак бўлган бўлакни камида икки маротаба ўз вақтидан кечиктирсагина, қолган пулни нақд қилиб бериш ҳақида тузилган келишув амалга ошади.

Тақсит савдосининг баъзи келишувларида, «Агар харидор келишилган маблағнинг бир бўлагини ваъдалашган вақтда адо қилмаса, қолган бўлаклари нақдга айланиб қолади ва бу ҳолатда сотувчи учун шу ҳолда харидордан қолган бўлакларнинг ҳаммасини нақд тўлашни талаб килиши жоиз бўлади», дейдиганлар ҳам бордир. Ушбу шарт жоизми? Бу масала айрим ҳанафий китобларида зикр қилинган.

«Хулосатул фатаво»да» шундай дейилади:

«Агар (сотувчи олувчига): «Бўлакнинг тўлаш вақти кирса-ю, тўламасанг, қолган (насия) бўлаклар нақдга айланади» деса, дуруст бўлади ва мол нақдга айланади».

Бу масала «Фатавои Баззозия»да ўзгартирилган, маъно у билан тўғри бўлмайдиган ҳолда зикр қилинган. Рамлий «Жомиъул фусулайн»га ёзган ҳошиясида ана ўшандан огоҳлантириб, қуйидагиларни айтади:

«Баззозия»да келган матннинг маъноси шундай:

Ижарага берувчининг «Қачон бўлакнинг тўлаш вақти кирса-ю, тўламасанг, қолган (насия) бўлаклар нақдга айланади» дейиши дуруст. Шундай булган тақдирда ижарага берувчининг «тўловнинг қолган қисмлари нақдга айланади», дейиши муддатни йўққа чиқаради. Чунки ижарага берувчи ўзининг бу талаби билан шартни бузган бўлади»

«Хулоса»нинг иборасида ҳам: «Қачон бўлакнинг тўлаш вақти кирса-ю, тўламасанг, қолган (насия) бўлаклар нақдга айланади», деса дуруст бўлади ва «мол нақдга айланади», дейиш билан муддатни йўққа чиқариш шартни бузганлиги сабабли ҳосил бўлади», дейилади.

Демак, ушбу фиқҳий матнлар бу каби шартни қўйишнинг жоизлигини кўрсатади. Харидор тақсит савдосидаги шартлардан айримларини бузганда сотувчида ҳам насия муддатини нақдга айлантириш ҳуқуқи ҳосил бўлади. Лекин бундай ҳолатда сотувчи нақдга айланган муддатдаги фойдаларни олмаслиги шартдир. Яъни сотувчи «Муддатни кутаман» деса, фойда олишга ҳақли бўлади, лекин харидорнинг айрим шартларни бузиши сабабли насия муддатини нақдга айлантирса, ўша муддатдаги фойдаларни чиқариб ташлаши лозимдир.

«Бозор ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон мияси коинотдаги жамики яратилмиш хилқатлар ичида энг мураккаби ҳамда моҳияти ҳали тугал ечилмаган жумбоқли аъзо ҳисобланади. Машҳур невролог олим Cangeux давоми...

10738 21:30 / 07.02.2019
Мерос илмида ишлатиладиган қоидага биноан, меросга қолган молни тақсимлашда аввал фарз эгаларининг ҳақлари берилади. Сўнгра асабаларга берилади. Чунки давоми...

2003 10:08 / 18.11.2019
Собит Баннонийдан ривоят қилинади .Ҳасан Басрий иккимиз Сафвон ибн Миҳрозни кўргани кирдик. У оғир аҳволда ётган экан. У бизга шундай деди .Ким менинг ҳолатимда давоми...

3028 08:00 / 13.02.2020
Зиёд ибн Ҳасандан ривоят қилинади .Мен Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ ўғли Абдулмаликни кўмаётганини кўрганман. Умар ўғлининг устига тупроқ тортди. Одамлар давоми...

3334 07:00 / 20.12.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021