1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом тинчлик динидир

15:00 / 14.08.2019 2457 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз ҳиссаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи Зотдир». (Нисо сураси, 85-оят).

Араб тилида «шафоат» сўзи бизда танилган маънодан кўра кенгроқ маънода ишлатилади. Бировни бошқалар олдида оқлаш учун қилинган саъй-ҳаракат ва гап-сўз ҳам шафоат ҳисобланади. Инчунин, қоралаш учун қилингани ҳам. Шунингдек, бир ишнинг яхшилигини тушунтириш учун тарғиб қилиш, унга қизиқтириш яхши шафоат, ўша ишни ёмон деб тушунтириш эса ёмон шафоат ҳисобланади.

Юқоридаги оятларда гап жиҳод ҳақида кетаётган бўлса ҳам, бу оятнинг ҳукми умумий бўлгани учун умумий тарзда, жиҳодга боғламай зикр қилинди. Шу билан бирга, яхши шафоатга яна ҳам қизиқтириш, ёмон шафоатдан яна ҳам қайтариш мақсадида:

«Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи Зотдир»,  деб ҳар бир каттаю кичик, яхшию ёмон шафоат ўз баҳосини Аллоҳ томонидан олишини эслатиб қўйди.

Шафоатдан кейин жамиятдаги алоқаларни юрғизиб турувчи, жамият аъзоларининг савиясини билдириб турувчи омил – саломлашиш ҳақида сўз очилади:

«Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчидир». (Нисо cураси, 86-оят).

Ҳар бир қавмнинг, ҳар бир халқнинг, ҳар бир миллатнинг ўзига хос саломлашиш услуби бор. Саломлашиш услуби, иборалари ҳамда одатлари ўша халқнинг қандай халқ эканидан дарак бериб туради. Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда танигангаю танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса вожибдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

– Қайси амал энг яхши амалдир? – деб сўралганда, у зот:

– Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг, – деб жавоб берганлар.

Ушбу ояти каримада саломлашишнинг аҳамиятли нарса экани таъкидланиб, берилган саломга ундан кўра яхшироқ ёки ўзига баробар жавоб беришга амр этилмоқда. Бу амрга қандай амал қилишни Пайғамбаримизнинг суннатларидан ўрганамиз.

Ибн Жарир қилган ривоятда Салмон Форсий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:

– Ас-салому алайка, йаа Расулуллоҳ, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у одамга:

– Ва алайкас-салому ва роҳматуллоҳи, – дедилар. Кейин бошқа бир одам келиб:

– Ас-салому алайка, йаа Расулаллоҳи ва роҳматуллоҳи, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

– Ва алайкас-салому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, – дедилар. Сўнгра яна бошқа бир одам келиб:

– Ас-салому алайка, йаа Расулаллоҳи ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

– Ва алайкас-салому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, – дедилар. Шунда у одам:

– Эй Аллоҳнинг Расули, отам ҳам, онам ҳам сизга қурбон бўлсин, ҳузурингизга Фалончи, Фалончилар келиб, салом бердилар. Сиз уларга мендан кўра яхшироқ жавоб бердингиз? – деб сўради. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сен менга ҳеч нарсани қўймадинг. Аллоҳ: «Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг», – деган. Сенга ўзидек жавоб бердик, – дедилар».

Салом беришнинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар мавжуд.

Асрдош уламоларимиздан баъзилари: «Жиҳодга даъват қилувчи, жангга ундовчи оятлар орасида салом (тинчлик) масаласи келишидан Исломнинг асосий қоидаси тинчлик эканини англаса бўлади. Ислом тинчлик динидир, Исломда уруш қилинса-да, тинчлик учун қилинади», – деганлар.

“Тафсири Ҳилол” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади Бир яҳудий ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан сўради Қуръонда Жаннатнинг кенглиги осмонлар ва ер баробарида...rdquo Оли Имрон, 133оят давоми...

5838 07:09 / 27.11.2018
Кумуш узук эркакларга неча грамм миқдорда жоиз Бўйинга, билакка кумуш тросслар тақиш жоизми Жавоб Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

10078 17:58 / 12.12.2018
Аллоҳ таоло яшаб турган курраи заминни беҳикмат яратмаган. Унда бирор нарса мукаммалик сифатидан йироқда эмас. Хоссатан дунё осмонига назар солсак тунда қоронғу давоми...

9058 15:00 / 11.12.2020
Абу Айёш Қаттон айтади .Басрада Мунийба исмли ибодатли аёл яшарди. Унинг ўзидан ҳам ибодатлироқ қизи бор эди. Ҳасан Басрий ўша қизни кўриб, ёш бўла туриб ибодатга давоми...

2235 08:00 / 16.06.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021