1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Намозни ўз вақтидан кечга суриш ҳаромдир

20:00 / 18.08.2019 3900 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозни ўз вақтидан кечга суришга фақат икки нарсагина – ухлаб қолиш ва эсдан чиқариш узр бўлиши мумкин. Унда ҳам ухлаб қолган уйғониши билан, эсидан чиқарган эсига тушиши билан дарҳол ўқиб олиши шарт қилинади.

Аммо бошқа далил ва ҳужжатлар яхшилаб ўрганиладиган бўлса, яна узрлар борлиги аён бўлади.

Ҳайз ва нифос кўрган аёллардан ўша пайтдаги намозлари соқит бўлади. Улар мазкур намозларнинг қазосини ҳам ўқимайдилар. Шунингдек, асли кофир ёки жинни бўлган одам мусулмон бўлса ёки тузалса, аввалги намозларининг қазосини ўқимайди. Жинни ва ҳушидан кетган кишиларнинг узрли ҳолати беш маҳал намоз вақтидан ортиқ давом этса, улардан намоз соқит бўлади. Агар мазкур миқдордан оз бўлса, қазосини ўқийдилар.

Душманнинг қаттиқ хавфи қоим бўлиб турганда ҳам намозни кечга суришга рухсат бор. Ҳандақ куни мушриклар Пайғамбаримиз алай­ҳиссаломни тўрт вақт намоздан машғул қилганлар.

Шунингдек, туғилаётган боланинг ўлимидан қўрққан доя ва туғаётган она ҳам узрли ҳисобланадилар.

Намозни вақтида ўқимаган одам учун уларнинг қазосини ўқиши лозимлигини билдирадиган бошқа далиллар ҳам кўп.

Қазо намозни ўқиш лозимлиги ҳақида сўз юрита бориб, аллома Бадриддин Айний Ҳанафий «Ҳидоя»га битган «Биноя» номли кўп жилдли китобларининг иккинчи жилди, 582-бетида қуйидагиларни ёзадилар:

«Бу ҳукм уйқу ва унутишга хос эмас. Қачон намозни фосиқлик ёки бепарволик билан тарк қилган бўлса ҳам унга қазо ўқиш фарз бўлишига умматнинг ижмоъси собит бўлган.

Имом Аҳмад «Намозни қасддан тарк қилган одам муртад бўлгани учун қазосини ўқимайди», деганлар. У кишининг фикрича, ундай одамни қазо ўқишга қўймай, қатл қилиш керак.

Қазо намоз худди ўз вақтида адо этиладиган намоз каби ўқилади. Ҳазарда қазо қилса, тўлиқ, сафарда қазо қилган бўлса, қаср қилинади. Қироатни махфий ёки ошкор қилиш ҳам шу намознинг ўз вақтида адо этилишидаги каби бўлади. Витр намозининг қазоси ҳам ўқилади.

Олти вақтгача намозни қазо қилган одам қазоларини тартиб билан ўқийди. Ундан кўп бўлса, тартиб бузилади ва иложини қилганда ўқийверади.

Кимнинг қазо намозлари ададини билмайдиган даражада кўп бўлса, ўзининг тахминида ғолиб бўлиб, қарзим тугади, деган ҳолга етгунча ўқийверади.

Ҳаммамиз яхши ва аниқ билишимиз керакки, мазкур узрлардан бошқа ҳеч қандай узр ила бир вақт намозни ҳам қолдириб бўлмайди. Ҳар бир қолдирилган намоз бенамознинг бўйнига битмас-туганмас гуноҳ бўлиб ёзилади. Шунинг учун бир вақт ҳам намозни қолдирмай ўқишимиз керак. Баъзи бир намоз ўқимай юрган ёр-биродарларимиз, оила аъзоларимиз ва қариндош-уруғларимизга ҳам буни яхшилаб тушунтирмоғимиз керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Молик ибн Динорнинг куёви Муғийра ибн Ҳубайб Абу Солиҳ айтади .Молик ибн Динор вафот этганида у билан бир ҳовлида эдим. Хуфтон намозини у билан бирга ўқидим. Кейин давоми...

2616 08:00 / 10.02.2021
Аллоҳ таолонинг Қуръонда баён этган .Ҳеч бир юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтармас, қоидасига кўра ҳар бир банда қилган амали сабабли ё жазо, ё мукофот олади, ҳеч ким давоми...

3326 11:05 / 07.03.2020
Иброҳим ибн Ашъасдан ривоят қилинади .Фузайл билан бир жанозага бордик. У тинмай панднасиҳат қилар, охиратни эслатаётиб эса ўзи йиғлаб юборар эди. У гўё шу топда давоми...

1744 08:11 / 29.04.2020
Тўйлардаги дабдавозлик айни исрофдир Динимизда исрофгарлик қаттиқ қораланган бўлиб, исроф қилиш ҳаромдир.Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган давоми...

2924 17:30 / 11.10.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021