1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Кичик гуноҳларни давомли қилиш уни кабийрага айлантиради

09:10 / 27.08.2019 2250 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоатинг У Зотга манфаат бермас. Маъсиятинг У Зотга зарар етказмас. Фақатгина ўзингга қайтадиган фойда учун У Зот сени унисига амр этди ва бунисидан қайтарди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматини яхшироқ тушуниш учун аввало «тоат» ва «маъсият» сўзларининг луғатдаги ва истилоҳдаги маъноларини ҳамда унинг динимизда тутган ўрнини яхшилаб англаб олмоғимиз керак бўлади.

– «Тоат» сўзи араб тилида ибодат қилиш, бўйсуниш, бировнинг амрида юриш, бировга мувофиқ бўлиш каби маъноларни билдиради.

Тоатнинг шаръий маъноси ҳақида уламолар бир неча таърифларни келтиришган:

– Журжоний: «Тоат биз(Аҳли сунна)нинг наздимизда ишнинг мувофиқ бўлишидир. Мўътазилийларнинг наздида эса ироданинг мувофиқ бўлишидир».

– Кафавий: «Тоат амр қилинган нарсаларни қилишдир, мандуб бўлса ҳам. Ва қайтарилган нарсалардан қайтишдир, макруҳ бўлса ҳам. Қарзни узиш, аёлини ва маҳрамларини нафақа билан таъминлаш ҳамда шунга ўхшаш ишлар Аллоҳ таолонинг тоатидир, ибодат эмас».

– Ибн Муновий Журжонийнинг гапини нақл қилганидан сўнг айтади: «Тоатни яна «Аллоҳ таолонинг розилигига ва У Зотга қурбат ҳосил қилишга сабаб бўладиган ҳар бир нарсадир», дея таъриф қилишган».

– Ибн Аллон айтади: «Тоат Аллоҳ таолонинг, У Зотнинг Расулининг ва уларга даъват қиладиганнинг айтганига сиртдан бўйсуниш  ҳамда ичдан рози бўлишдир».

Ушбу таърифлар ичида маънони кенг олгани ҳам, тор олгани ҳам, ўртача олгани ҳам бор. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиш бор. Ана шу ҳақиқатни унутмаслик зарур.

– «Маъсият», «осийлик», «исён»  сўзлари бир ўзакдан ясалган бўлиб, луғатда «тоатдан чиқиш» деган маънони билдиради.

Уламолар истилоҳида «маъсият» Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсунишни тарк қилишдир.

Бошқа бир таърифда айтилишича, маъсият – амрларни тарк қилишдир. Аллоҳ таолонинг Китобида ва Расулининг тилидан фарз ва вожиб қилинган нарсаларни тарк қилиш ҳамда Аллоҳ таоло амр этган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етказган зоҳир ва ботин амалларни бажармасликдир.

Осийлар икки хил бўлади:

1. Маъсиятни қилиш билан бирга, тоатдан ҳам бош тортади. Бу энг ёмони ҳисобланади.

2. Маъсиятни қилиш билан бирга, тоатларни ҳам адо этади. Бундай банда маъсиятига яраша жазо олади.

Маъсият катта ёки кичиклигига қараб, унинг ҳукми ҳам ўзгаради. Аммо кичик гуноҳни давомли қилиш катта гуноҳни келтириб чиқаради.

Ким катта гуноҳ қилса, фосиқ бўлади ва гувоҳлиги ўтмайди.

Шунингдек, кичик гуноҳларни давомли қилиш уни кабийрага айлантиради ва эгаси фосиқ бўлиб, гувоҳлиги рад этилади.

Аллоҳ таоло маъсиятни қаттиқ қоралаган ва унинг оқибатидан ҳазир бўлишга чақирган. У Зот Нисо сурасида:

ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, У Зот уни абадий қолиши учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир», деган (14-оят).

Охиратда ҳар кимга бу дунёдаги амалига қараб муомала қилинади. Бу дунёда Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат этмай, маъсият қилиб, Аллоҳ таолонинг чегарасидан чиққанлар у дунёда абадий дўзахга киритилади. У ерда, албатта, хорловчи азоблар ҳам бўлади.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ

«Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида ўз ишларини ўзларича (қилишга) ихтиёр йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди», деган (36-оят).

Барча мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устун туради.

Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари турганида мўмин киши, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, ўзича бир иш қила олмайди. Бу мумкин ҳам эмас.

Ким Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг ҳукмини қўйиб, ўзича иш тутса, Аллоҳ таборака ва таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлади.

«Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Яҳё Зуҳрийдан ривоят қилинади .Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Умарий ўлими яқинлашган вақтда шундай деди .Роббимнинг неъматларини айтиб берай тонг отган ҳар бир кун давоми...

2239 08:00 / 21.05.2020
Агар кишининг хотини ва фарзандлари намоз ўқимаса, қиёматда эркак киши улар учун жавобгар бўладимиЖавоб Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Албатта жавобгар бўлади. давоми...

8217 20:40 / 06.01.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга бир замон келурки, унда киши молни нимадан олганига парво ҳам давоми...

6280 10:24 / 14.07.2019
Қувайтлик адиба Нодия Жоруллоҳ раҳимаҳуллоҳ вафот этди. У вафотидан олдин қуйидагиларни ёзиб қолдирган эди.Ўладиган пайтимда ташвишланмайман. Чириб кетадиган давоми...

4097 10:15 / 28.11.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021