1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Исломда насл-насаб масаласи

10:40 / 02.09.2019 5030 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бола туғилиши билан унинг ҳақлари ҳам бирга туғилади. Ўша ҳақларнинг энг аввалгиларидан бири насаби пок бўлиши ҳаққидир.

Никоҳнинг ва оила қуриб яшашнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, ота-оналик ҳам, болалик ҳам, қариндош-уруғлик ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтиб, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.

«Насаб» сўзи луғатда яқинлик, нисбат бериш деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса ота-онанинг яқинлигини ва бир шахсни ўзига қўшишни билдиради.

Насаб энг муҳим ва ўта нозик ижтимоий ҳукмлардан биридир. Зотан, инсон айнан насаб орқали ота-онасини, бобо-момосини, амаки-тоғасини, амма-холасини ва бошқа қариндошларини танийди, улар билан алоқада бўлади.

Ислом шариатида насабга алоҳида эътибор берилиши унга боғлиқ ўта муҳим ҳақлар борлиги учундир.

1. Насабни яхши аниқлаш келажакда маҳрамлар орасида никоҳланиш каби катта гуноҳнинг олдини олади.

Агар бу иш бўлмаса, одам билмасдан, ўзининг қариндоши билан оила қуриб қўйиши, бунинг оқибатида кўплаб зарар кўриши ва гуноҳга қолиши бор.

2. Насабнинг собит бўлиши ота-она ҳақларининг ҳам собит бўлишига хизмат қилади.

Агар насаб аниқланмаса, баъзи ҳолатларда инсон учун энг муҳим ишлардан бўлган ота-она ҳақларининг поймол бўлиши турган гап.

3. Насабга эътибор бериш қариндош-уруғларга эътибор бериш ва уларга силаи раҳм қилишни йўлга қўйиш демакдир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «تَعَلَّمُوا مِنْ أَنْسَابِكُمْ مَا تَصِلُونَ بِهِ أَرْحَامَكُمْ، فَإِنَّ صِلَةَ الرَّحِمِ مَحَبَّةٌ فِي الْأَهْلِ، وَمَثَرَاةٌ فِي الْمَالِ، وَمَنْسَأَةٌ فِي الْأَثَرِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Насабларингизни ўрганинг, у билан силаи раҳм қиласиз. Зотан, силаи раҳм аҳлга муҳаббат, молнинг зиёдаси ва ортдан асарини қолдиришдир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ҳар бир киши насабини, яъни аждодлари, қариндош-уруғларини яхши таниб олиши лозим. Бу нарса силаи раҳм қилиш учун керак. Бир киши бошқа бир кишининг ўзининг қариндоши эканини билмай, шу туфайли унга силаи раҳм қилмай юрган бўлса, гуноҳкор бўлади. Шунинг учун қариндош-уруғларни яхши билиш, қариндошлик алоқаларини ўрганиш мусулмон кишининг бурчи ҳисобланади.

Силаи раҳм қариндошлар ўртасида меҳр-муҳаббат уйғотади. Қариндош-уруғлар борди-келди қилсалар, бир-бирларини зиёрат қилсалар, бойлари ҳожатмандларига ёрдам қилсалар, ҳол-аҳволларидан хабар олсалар, касал бўлганда бориб кўрсалар, оғирини енгил қилсалар, мушкулларини осон қилсалар, ўз-ўзидан орада меҳр-муҳаббат пайдо бўлади. Шунинг учун шариатда силаи раҳмга, қариндошлик алоқаларини маҳкам боғлашга ва уларни ҳеч қачон узмай юришга қаттиқ тарғиб қилинган.

4. Насабга аҳамият бериш фарзандларнинг ҳаққини ҳимоя қилиш деганидир. Албатта, болаларнинг нафақаси, мерос олиши, уларга ҳомий бўлиш каби ҳақларининг барчаси насабга боғлиқдир.

«Соғлом бола» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг Фотима исмли қизлари бор эди. У имомнинг .Муватто, номли ҳадис тўпламларини ёддан билар эди. Шогирдлар имом Моликка .Муватто,ни ёддан давоми...

2675 11:00 / 21.04.2021
Абдуллоҳ ибн Али ибн Абдуллоҳ Баҳо Козруний Макка муаззинларининг раиси эдилар. У зотнинг ўлими олдидан шундай деганлариини эшитишган .Эй шайтон, мен сени давоми...

2357 08:01 / 06.06.2020
Бир куни Мадинанинг бозорида юрсам, таом сотиш учун келган кишилардан бири одамларга.Ким менга Каъб ибн Моликни кўрсатиб қўяди, демоқда. Одамлар унга мени ишора давоми...

2502 10:30 / 24.12.2018
Амалга ошмайдиган режа тузиш бемаъни иш. Баъзи мамлакатларда аниқ ишлаб чиқилган узоқ муддатли режа ва долзарб муаммоларни ҳал этиш усуллари концепцияси давоми...

3812 15:00 / 29.12.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021