1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жинларга катта куч, маҳорат ва имконият берилган

11:05 / 27.10.2019 4066 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Бас, унга шамолни беминнат хизматкор қилиб қўйдик, унинг амри билан у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. Ва бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб» (Сод сураси, 36-38-оятлар).

Ушбу оятларда Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга хос қилиб берган нарсалар зикр этилмоқда.

«Бас, унга шамолни беминнат хизматкор қилиб қўйдик».

Сулаймон алайҳиссалом нимани истаса, шамол шу истакка сўзсиз бўйсунадиган бўлди:

«...у ирода қилган томонга майин эсаверади».

Бу иш Аллоҳ таолога жуда осондир. Чунки Сулаймон алайҳиссалом ҳам, шамол ҳам Аллоҳ таоло яратган махлуқдир, Аллоҳ таолонинг иродаси остидаги халқдир. Шулардан бирини иккинчисига бўйсундириб қўйиш Аллоҳ таоло учун қийин иш эмас.

«Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам» беминнат хизматкор қилиб қўйдик. Бинокор шайтон-жинлар у кишининг амрига бўйсуниб, оддий одамларнинг қудрати етмайдиган улкан қасрлар қуриб беришар эди. Ғаввос шайтонлар эса денгиздан дуру маржонлар териб беришарди.

«Ва бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб».

Яъни бошқа ўзбошимча шайтон-жинлар кишанланиб, иккита-иккита ёки кўпроқ ҳолда бир-бирларига жамланиб, Сулаймон алайҳиссаломга бўйсундирилган эди. Улар Сулаймон алайҳиссалом хоҳлаган ишларни бажо келтиришарди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кеча жинлардан бири Ифрит менга намозимни бузиш учун бирдан йўлиқиб қолди. (Ёки шунга ўхшаш сўз айтдилар). Шунда Аллоҳ унга нисбатан менга имкон берди. Ҳаммангиз эрталаб туриб, унга назар солишингиз учун уни масжиднинг устунларидан бирига боғлаб қўймоқчи бўлдим. Шунда биродарим Сулаймоннинг «Эй Роббим, менга мендан кейин ҳеч кимга берилмайдиган мулкни бергин», деган гапини эслаб, уни ноумид қилиб, қайтариб юбордим», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Аллоҳ таоло Намл сурасида марҳамат қилади:

«Жинлардан бўлган Ифрит: «Мен уни сенга ўрнингдан тургунингча келтирурман. Албатта, бунда қувватли ва ишончлиман», деди» (39-оят).

Араб тилида ёмонликда учига чиққан ва қувватли жин-шайтон «ифрит» дейилади. Бу сўз шайтонга ўхшаш одамга ҳам ишлатилади. Ифрит сўзи луғатда қудратли, ғалаба қилувчи маъноларида келади. Энг сержаҳл, айёр, кучли-қувватли жинлар ифрит деб аталади. Ифрит номи Қуръони Каримнинг (Намл сурасида зикр этилган 39—оят)

Сулаймон алайҳиссаломга Сабаъ маликаси Билқиснинг тахтини олиб келишга аҳд қилган пайғамбарнинг аскарларидан бири бўлмиш паҳлавон жиннинг номи Ифрит эди.

Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида марҳамат қилади:

«У(жин)лар унга меҳроблар, ҳайкаллар, ҳовузлар каби лаганлар ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб беришар эди» (13-оят).

Аллоҳ таоло томонидан Сулаймон алайҳиссаломга бўйсундирилган жинлар у кишига меҳроблар, яъни улкан ибодатхоналар қуриб беришар, турли нарсаларнинг ҳайкалларини ясаб беришарди. Таом ейдиган лаганлари ҳовуз каби катта бўлар эди. Ўша вақтда шунга эҳтиёж бўлган бўлса керак. Шунингдек, одамлар бажара олмайдиган ишларни қиладиган жинлар ҳақиқатда ҳам Сулаймон алайҳиссаломга мўъжиза сифатида кўрсатилган бўлиши мумкин. Сулаймон алайҳиссаломга тоғ каби собит қозонларни ясаб бериш ҳам жинларнинг вазифасига кирар эди.

«Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишларнинг бор ҳақиқати» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда ndash давоми...

2200 19:00 / 25.04.2020
Абу Алидан ривоят қилинади .Қотиъийнинг онаси вафот этди. У онасини Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг ёнига дафн қилди. Бир неча кундан сўнг тушида онасини кўриб, давоми...

3473 08:00 / 09.07.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар алмашиб давоми...

2545 08:00 / 26.05.2019
Зино луғатда фужурrdquo, яъни фожир, жирканч иш маъносида келади. Уламолар зинога турли ҳил таърифларни берганлар. Таърифларнинг барчасини кўриб чиқилганда давоми...

3958 11:10 / 16.09.2019
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021