1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ғайбий эъжоз ёхуд 20 та ҳақиқат (14-16)

15:00 / 22.10.2020 1814 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(тўртинчи мақола)

14. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат аломатларини гапираётганларида «Токи илм қабз қилинмагунча» деган гапни ҳам айтганлар.

Афсуски, олимлар бирин-кетин вафот этишмоқда. Бу ҳам илмнинг қабз қилинишидир. Одамлар фатво айтишга журъатли бўлиб боришмоқда. Бирор масаланинг ҳукмини билмасалар ҳам, ўзларича, тахминий равишда айтиб юбормоқдалар. Билмаганлар эса ўша гапни тўғри деб эргашмоқдалар. Илмсиз равишда фатво бериш кишининг дўзахга журъатидир. Раҳбарларнинг раъйига қараб, шариатга мувофиқ келмаса ҳам, уларни хурсанд қиладиган «фатволар» илмнинг қабз қилинаётганининг бир кўринишидир. Илмсизлик, жоҳиллик кўпайиб, илмга қизиқиш сусайиши, турли енгил-елпи, кўнгилхушлик ишларига кўп вақт сарфлаш ҳам илмнинг қабз қилиниши кўринишларидандир. Жоҳилликнинг кўпайиши қиёмат аломати экан, демак, қиёмат яқин. Нега илм олиб, амал қилиб, охиратга тайёргарлик кўрмаймиз?

15. Бир ҳадисда шундай дейилган «Менинг умматим ичида номини ўзгартириб хамр ичувчилар бўлади. Уларнинг олдида қўшиқ айтиб, рақсга тушувчи аёллар ҳам бўлади. Бундай одамларни Аллоҳ таоло ерга юттириб юборади ёки уларнинг кўринишини маймун, тўнғизларга айлантириб қўяди».

Бугун хамрнинг номлари кўпайиб кетди. Коняк, пиво, виски, водка ва ҳоказо номлар билан аталсада, оқибати бир хил: кўп ҳолларда мастлик, ахлоқсизлик, беҳаёлик, сўкиниш, жиноят содир этиш юз беради. Аёлларнинг қўшиқ айтиб, рақсга тушишлари, маст ҳолдаги эркакларнинг кўнгилхушлиги учун шундай ишларни қилиши бугун роса авжига чиқди. Тунги клублар, турли базмларда бу ҳол урчиган. Хамрнинг мазкур номлари ўн тўрт аср олдин одамларга маълум эмасди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга келажакда одамлар хамрнинг номини ўзгартириб ичишлари, қўшиқчи ва раққоса аёлларнинг чиқиши хабарини ким берган? Албатта, Аллоҳ таолонинг Ўзи бергандир!

16. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу айтди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Замона охирида ер ютиш, тош ёғиш, … (бошқа махлуққа) айланиш бўлади» – дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бу қачон бўлади?,– дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чолғу асбоблари ва хонанда аёллар чиққанида» – деб жавоб бердилар.

Табароний «ал–Мўъжамул Кабийр» 5678.

Бу ҳадисда айтилаётган аломатлар ўтган асрда тарқала бошлаган бўлса-да, бугунги кунга келиб кенг ёйилди. Одамлар куй-қўшиқларга ошиқ бўлиб, хонадонларда мусиқа ва қўшиқлар жаранглаяпти, турли кафе-ресторанларда, тунги клубларда мижозларнинг кўнглини овлайдиган қўшиқчи ва раққоса аёллар ишламоқда. Қолаверса, аёлларнинг қўшиқ айтиб, рақсга тушиши бутун дунёда тарқалмоқда, кўпайиб бормоқда. Телевизор, радио, интернет ва бошқа жойларда аёлларнинг рақс тушиб, қўшиқ куйлаши тўлиб ётибди. Мусиқага йўналтирилган кўплаб каналларда аёллар тинмай қўшиқ куйлаб, рақсга тушмоқдалар. Тўйлар, базмларда ҳам аёллар қўшиқ куйлаб, эркаклар билан бир даврада рақс тушмоқдалар. Бундан 14 аср олдин, бирорта одам куй-қўшиқ ва рақсларнинг бу даражада тарқалишини тасаввур ҳам қила олмайдиган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чолғу асбоблари ва хонанда аёллар чиқишини қаердан билиб айтдилар экан? Албатта, бу нарсаларни у зотга Аллоҳ таолонинг Ўзи билдирган!

(Давоми бор)

Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир киши ҳаж қилди. Ҳаж амаллари тугагач, юртига қайтиш олдидан Каъбанинг эшиги олдига келиб, .Аллоҳга ҳамд бўлсин, У Зотнинг биз биладиган ва билмайдиган барча давоми...

6467 11:19 / 15.04.2021
Бир савдогар Хуросондан ҳажга отланди. Ҳажга келгач, эҳтиёжидан ташқари минг динор пули ортиб қолди. Ўзигаўзи .Агар буни ўзим билан олиб юрсам, хатарга қоламан. давоми...

3980 08:00 / 23.11.2020
Закариё Абдий Иброҳим Нахаий ҳақида шундай дейди У бетоб бўлиб қолгач, йиғлади. Ундан Эй Абу Имрон, нега йиғлаяпсанrdquo деб сўрашди. У Қандай қилиб йиғламай, ахир давоми...

3677 12:01 / 19.11.2018
Ассаламу алайкум Қурбонликка доир маълумотларни ўрганиш асносида бир ҳадис ўқиб қолдим. .Кифоя, китоби 3жуз 394бет. .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй, одамлар, давоми...

3659 10:08 / 31.07.2020
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151233 14:35 / 11.08.2021