1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳ жинларни нима учун яратди?

16:05 / 13.10.2019 5171 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жинлар ирода ва ихтиёрли, илм ва маърифатга қобилиятли, иймон ва ибодатга таклиф қилинган ҳамда куфр ва исёндан қайтарилган махлуқотлардир.

Аллоҳ таоло Зарият сурасида марҳамат қилади:

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим. Улардан ризқ ирода қилмасман ва Мени таомлантиришларини ҳам ирода қилмасман» (56-57-оятлар).

Демак, инсон каби жин ҳам Аллоҳ таолога ибодат қилиши лозим.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:

«Эй жин ва инс жамоалари! Сизларга оятларимни қисса қилиб берадиган, сизларни ушбу кунингизга йўлиқишингиз ҳақида огоҳлантирадиган ўзингиздан бўлган расуллар келмадими?» Улар: «Ўзимизга қарши гувоҳлик бердик», дерлар. Уларни дунё ҳаёти алдаб қўйди ва кофир бўлганларини айтиб, ўзларига қарши гувоҳлик бердилар» (130-оят).

Ушбу оятда жин ва инс жамоаларига Аллоҳ таоло томонидан берилаётган савол уларга ўзларидан бўлган пайғамбарлар борган-бормаганини билиш учун эмас. Чунки Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборганини жуда яхши билади. Аммо савол жину инсларга ўзларидан бўлган пайғамбарлар келганига уларни иқрор қилдириш учун берилмоқда. Қиёмат куни бутун махлуқот маҳшар майдонида тўпланганида, кофир жинлар ва кофир инсларнинг иқрор бўлиб, айбларини бўйинларига олишлари, ўзларига ўзлари қарши гувоҳлик беришлари учун шундай савол ташланмоқда.

Қиёмат куни Аллоҳ таоло улардан:

Эй жин ва инс жамоалари! Сизларга оятларимни қисса қилиб берадиган, сизларни ушбу кунингизга йўлиқишингиз ҳақида огоҳлантирадиган ўзингиздан бўлган расуллар келмадими?» деб сўраганда,

«Улар: «Ўзимизга қарши гувоҳлик бердик», дерлар».

Яъни «Иқрормиз, бизга ўзимиздан чиққан пайғамбарлар келиб, оятларингни айтиб берганлар ва ушбу қиёмат кунига дучор бўлишимиз ҳақида огоҳлантирганлар», дейишди.

«Уларни дунё ҳаёти алдаб қўйди ва кофир бўлганларини айтиб, ўзларига қарши гувоҳлик бердилар».

Ушбу оятда жинлар жамоасига пайғамбарлар келганига ишора қилувчи маъно бор. Аммо бошқа ўринларда бу ҳақда аниқ оят ёки ҳадис йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам инсларга, ҳам жинларга Пайғамбар эканлари Қуръонда ҳам, суннатда ҳам, воқеъликда ҳам собит ҳақиқатдир.

Демак, кофир жин ва инслар қиёмат куни юқорида таърифланган ночор ҳолга тушадилар. Уларнинг бу кўйга тушишларига дунёдаги қилмишлари сабаб бўлади. Чунки бу дунёда

«Уларни дунё ҳаёти алдаб қўйди».

Улар дунё ҳаётининг матоҳларига алданишди. Унинг кетидан юриб, кофир ва осий бўлдилар. Охир-оқибат

«...ва кофир бўлганларини айтиб, ўзларига қарши гувоҳлик бердилар».

Бу эса улар ўзларини ҳимоя қилишга ҳеч қандай баҳона топа олмай, ноилож қолишларининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло барчани ана шундай қилиб огоҳлантиради, пайғамбар юборади ва бандаларнинг ўзларини иқрор қилдиради.

«Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишларнинг бор ҳақиқати» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сафларни аввалгисидан бошлаб тўлдириб бориш ndash суннат. Баъзи фуқаҳолар вожиб деганлар. Биринчи саф тўлмай туриб, кейинги сафга турилмайди. Иккинчи саф тўлмасидан давоми...

3866 12:00 / 12.04.2019
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳақларида Ашараи мубашшарага кирган Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Авф Абу Авф Қурайший Зуҳрий розияллоҳу анҳунинг жоҳилият давоми...

2342 17:03 / 14.11.2020
Шаръий насс ndash ҳужжат бўладиган матн билан талаб қилинган, тарғиб қилинган фарз, вожиб, суннат амаллар асл мақсад ҳисобланади. Бундай амалларни шариатда қандай давоми...

3400 13:02 / 18.11.2018
Ёзувчи Аҳмад ибн Юсуф Котиб ўзининг .Мукофот ва гўзал оқибат, номли ажойиб китобида айтади .Абу Ҳабиб алМуқриънинг аҳволи танг бўлиб қолди. Унинг қўлида фақатгина давоми...

3655 17:00 / 24.06.2022
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021