1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Валид ибн Муғийранинг Қуръони карим ҳақида айтган гаплари

16:30 / 06.01.2020 4915 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Валид ибн Муғийра Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва бойларидан бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга озор беришда, Қуръони Каримга қарши ҳужум уюштиришда етакчилардан бўлган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳаамийм. Танзийлул китаби...» оятини масжидда ўқиётганларида Валид ибн Муғийранинг кўнгли юмшаб, ўз қавми – Бану Махзум уруғининг олдига борди ва: «Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас, у жиннинг каломи ҳам эмас. Бу каломнинг ўзгача ҳаловати бор, бу каломнинг ўзгача таъсири бор, албатта, унинг усти самарали, ости баракали. Аниқки, у устун келади ва ҳеч нарса ундан устун бўла олмайди», деди. Сўнг уйига қараб кетди.

Қурайш қабиласи аъзолари: «Аллоҳга қасамки, Валид диндан чиқибди, энди Қурайшнинг барчаси ҳам диндан чиқади», дейишди.

Шунда жияни Абу Жаҳл ўрнидан туриб: «Уни менга қўйиб беринглар, ўзим эплайман», деди. У Валиднинг олдига бориб, хафа ҳолда ўтирди. Валид уни кўриб: «Нега хафа кўринасан?» деди.

«Мен хафа бўлмай, ким хафа бўлсин, – деди Абу Жаҳл муғомбирлик билан: – Қурайш қабиласи сизга ёрдам бериш учун нафақа йиғмоқда, уларнинг фикрича, сиз Муҳаммаднинг каломига тан берибсиз, Муҳаммад билан Абу Бакрдан қолган таомларини сўрамоқчи бўлаётган экансиз».

Валиднинг аччиғи чиқди ва: «Менинг молим ва фарзандим ҳамманикидан кўп эканини билмайсанми? Нима, Муҳаммад ва унинг шерикларининг қорни тўйиб қолибдимики, улардан овқат ортиб қолса!» деди.

Сўнг ўрнидан туриб, Абу Жаҳл билан бирга қабиласи аъзолари ўтирган жойга келди ва: «Муҳаммадни жинни деяпсизлар, унинг жиннилик қилганини ҳеч кўрганмисизлар?» деди.

«Худо ҳаққи, кўрганимиз йўқ», дейишди қабила аъзолари.

«Уни шоир демоқчисизлар, бирор марта шеър айтганини биласизларми ўзи?» деди.

«Худо ҳаққи, билмаймиз», дейишди.

«Уни ёлғончи демоқчисизлар, бирор марта ёлғон гапирганини биласизларми ўзи?» деди.

«Худо ҳаққи, билмаймиз», дейишди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан аввал ростгўйликлари учун «Амин» деган ном олган эдилар. Қурайш қабиласи аъзолари Валид ибн Муғийрага: «Нима дейлик бўлмаса?» дейишди.

Валид ўйланиб қолди, ўзича ўлчаб-бичди-да: «Қуръон таъсирчан сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», деди.

Шундай қилиб, ҳаммалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида одамларга бир хил гап – «У сеҳргардир» деб айтишга келишиб олишди.

Улар ҳаж мавсумида ҳожиларнинг йўлига одам қўйиб, шу маънода тескари ташвиқот олиб боришга режа тузишди.

Кофирлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг содиқликларини, пайғамбар эканларини билишар эди. Лекин билиб туриб инкор қилишди ва куфр келтиришди.

«Ислом тарихи» биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Усмонийлар таслим бўлганидан кейин биринчи жаҳон урушида Мадинани Британияликлардан ҳимоя қилган Фахриддин пошо халқнинг босқинчи кучларга қарши туришига давоми...

4497 16:00 / 17.11.2023
Исҳоқ алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссаломнинг Сора онамиздан туғилган ўғилларидир. Иброҳим алайҳиссалом 99 ёшга, жуфтлари Сора ҳам катта ёшга етиб қолганида Аллоҳ давоми...

4985 16:30 / 21.02.2019
Кавказ ҳақида фикр юритар эканмиз, бунда Осиё билан Европа ўртасида жойлашган, ғарб томони Қора денгиз, шарқ томони эса Каспий денгизи билан чекланган тоғли давоми...

4942 17:00 / 08.06.2022
1979 йилда Каъбатуллоҳнинг олтин эшигидаги ёзув ва безакларни ватандошимиз Абдураҳим Амин Бухорий 19171993 йй. .сулс, хатида ёзиб берган. У 1917 йил Қўқон хонлиги давоми...

2200 15:07 / 23.08.2024
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021