1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ақийда илмга асосланган бўлади

19:00 / 15.02.2020 1888 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, «бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш» деган маънони англатади. Бу сўзнинг жами (кўплик шакли) «ақоид» бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.

Аслида, бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун аввало, ўша нарсани идрок қилиш лозим. Кейин эса ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади.

Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим.

Али Қорийнинг «Ал-Фиқҳул Акбар»га ёзган шарҳи такмиласининг 146-саҳифасида ақийда илмига:

«У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади», деб таъриф берилган.

Исломнинг ақийда қисмидаги сўзни ушбу иймоннинг рукнлари ҳақидаги маънолардан бошлаймиз. Иймон-эътиқоднинг инсон ҳаётидаги аҳамияти чексиз эканини инсоният иймонсизлик жафосини тортиб кўрганидан кейингина тушуниб-етиб турибди. Қадимдан иймонсизликнинг турли кўринишлари зоҳир бўлиб келган бўлса ҳам, у бор ҳақиқат сифатида ўртага чиққан эмас эди. Ҳамма иймонга у ёки бу тарзда юзланар эди. Кўпчиликнинг хатоси Аллоҳ баён қилган тарздаги иймонга юзланмасликда эди. Ҳеч ким Аллоҳ таолони йўқ демас, аммо кўплари Унга ширк келтирар, исмлари, сифатлари ва амалларининг баъзиларини инкор қилар ёки нотўғри тушунар эдилар. Шунинг учун ҳам қадимги ақийда китобларимизда Аллоҳнинг борлиги ҳақида эмас, У Зот таолонинг тавҳиди, сифатлари, исмлари ва амаллари ҳақида сўз юритилган. Озгина эътиборсизлардан бошқа ҳамма Аллоҳнинг борлигини эътироф қилгани учун ақоид уламолари бу масалада баҳс юритиб ўтирмаганлар.

Исломда иймон Аллоҳ таоло тарафидан бандаларга берилган неъматларнинг энг улуғи сифатида қадрланади. Ислом инсоннинг қадрини иймон билан ўлчайди. Иймонсиз одам икки дунёда ҳам ҳеч бир нарсага эриша олмаслигини қаттиқ таъкидлайди. Ислом ҳамма нарса иймон асосида олиб борилишига алоҳида аҳамият беради.

«Мукаммал саодат йўли» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Бугунги кунда ўзларини турли хил жозибадор номлар билан атаб, одамларни тўғри йўлдан оғдириш билан шуғулланаётганлар ҳамда уларнинг найрангига давоми...

7506 11:35 / 05.07.2019
Исом ибн Юсуф бир куни Хотамул Асомнинг мажлисига кирди. Сўнг .Эй Хотам, намоз ўқиётганингизда Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб турасизми, деди. Ҳотамул Асом давоми...

3254 08:30 / 28.06.2020
Иброҳим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади .Аммамнинг уйига бордим. Аммаваччаларим билан кўришмоқчи эдим, қаергадир кетишган экан. Аммамдан сўрасам, .Абдуллоҳ ибн давоми...

1415 08:00 / 06.10.2020
Мавлид маросимлари ўтказишни мустаҳаб деб айтган уламоларимиз қадимдан бу ишнинг жоиз бўлиши, савобли бўлиши учун бир қатор шартларга, одобларга амал қилиш давоми...

4097 15:06 / 23.11.2018
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021