1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Тавҳид» рисоласи аҳли сунна ақийдаси бўйича муҳим манба (учинчи мақола)

11:30 / 18.04.2020 2439 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Китобнинг Имом Мотуридийга нисбати

Бу асарни «Тавҳид китоби» номи ила Абу Муъин Насафий «Табсиротул-адиллаҳ» (1/359-с.) китобида, Абу Юср Баздавий «Усулуддини Баздавий» (3-с.) асарида ва Бруклиман «Тариху адабил-арабий»да (4/42-с.) Абу Мансур Мотуридийнинг асарлари қаторида санаб ўтган. Бироқ, Ҳожи Халифа «Кашфу-зунун»да, (2/1406-с.) Хатиб Бағдодий «Ҳадийятул-орифин» китобида (2/36-с.) асарни Имом Мотуридийга нисбат берар экан, уни «Ат-Тавҳид ва исбатус-сифат» деб номлайди.

«Тавҳид» китобининг қўлёзма нусхаси

Жаҳон кутубхоналарида «Тавҳид» китобининг ҳозиргача фақат ягона қўлёзма нусхаси маълум. У Кембридж университет кутубхонасида 3651 рақам остида сақланади.

«Тавҳид» китобининг таҳқиқ қилинган ва нашр этилган нусхалари

1. «Тавҳид» китобининг биринчи таҳқиқ қилинган нашри Доктор Фатҳуллоҳ Халиф тарафидан тайёрланган, бўлиб, 1970 йили Байрут шаҳрида «Дарул-машриқ» босмахонасида чоп этилган.

Бир муддат ўтиб, 1979 йили айнан ушбу нусха Истанбул шаҳрида «Исломий мактаба» нашрёт-матбаа уйида қайта нашр қилинган. Кейинроқ худди шу нусха Мисрда сўратга олиниб, «Дарул-жамиъат ал-мисрийя» босмахонасида қайта чоп қилинди.

2. 2003 (1432 ҳ.) йили Туркияда (Анқарада) «Вақф диёнати» босмахонасида амалга оширилган нашр. Уни Доктор Муҳаммад Аруший ва Доктор Бакр Тубол ўғли таҳқиқ қилган.

Бу нусханинг иккинчи нашри кейинроқ Байрутда «Дарус-содир» матбаъасида амалга оширилди.

3. 2006 (1427 ҳ.) санада «Дарул-кутубил-илмийя» нашрёт-матбаасида чоп қилинган нашр. Унинг матнини Доктор Осим Иброҳим Кайёлий тайёрланган.

4. 2018 (1439 ҳ.) йили «Ал-Азҳарийя лит-турос» матбаа-нашрёти томонидан тақдим қилинган нашр. Уни Доктор Саъд Муҳаммад Абу Ҳаттоб таҳқиқ ва тадқиқ этиб, нашрга тайёрлаган.

5. Асарнинг Доктор Бакр Тубол ўғли тарафидан қилинган туркча таржимаси илк бор 2002 йилда нашр қилинган бўлса, 2018 йилда унинг 13 нашри амалга оширилди.

Асарнинг ёзилиш сабаби

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг замонида мўътазила фирқасининг бузуқ фикрлари мусулмонлар оммасига таъсир қилиб, кўпчииликнинг ақийдасини заҳарлаган, уларни Қуръон ва Суннат таълимотларидан чалғитиб қўйган эди. Ҳатто фиқҳда ҳанафий мазҳабида бўлган айрим олимлар ҳам уларнинг қарашларидан таъсирланиб қолди. Бу ҳолат аҳли сунна уламоларини қаттиқ ташвишга солди. Олимлар бу тоифа кишиларига Қуръон ва Суннат билан раддия берсалар, улар Юнон фалсафасидан кириб келган мантиқдан (илми калом) қаттиқ таъсирланганлари учун бу далилларга қаноатланмай, ақлий далиллар сўрашар эди. Зотан, улар ноқис ақлларини нақлдан устун қўярдилар.

У пайтда Ислом оламида улардан ташқари яна хавориж, шиъа, жаҳмия ва қадарийя каби тоифалар ҳам бор эди. Аҳли сунна уламолари буларнинг барчасига раддия бериш, уларнинг ботил гапларини йўқ қилиш ва шу орқали соф Ислом ақийдасини сақлаш билан шуғулланар эдилар.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ўзи яшаб турган катта бир минтақада ана ўшандай тоифаларга қарши фикрий кураш олиб борди, бу йўлда бор билиму салоҳиятини ишга солди, умрини ҳақни ҳимоя қилишга бағишлади ва ўз ишида муваффақият қозонди. У киши мазкур тоифалар билан улар ўзи эътироф этадиган ақлий далиллар билан тортишиб, уларни мағлуб қилар эди. У киши бу борадаги фикр-мулоҳазаларини, қарашларини кейинги авлодларга ҳам мерос қолдириш учун уларни ўз асарларида қайд эди.

«Тавҳид» китобининг услубияти

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ «Тавҳид» китобида ўзига хос услуб қўллаган бўлиб, бу ҳақда қуйидагиларни айтиш мумкин:

‒ Агар ёритилаётган масаланинг мавзуси қайсидир тоифага раддия беришга қаратилган бўлса, аввал қарши тарафнинг сўзлари ва далиллари келтирилади-да, сўнг бирма-бир уларнинг сўзига раддия бериб, билдирган шубҳалари бартараф этилади. Бордию, ўртага ташланган масалада нишонга олинган фирқалардан бошқа тоифаларнинг сўзлари ёки қарши фикрлари бўлса, уларни ҳам айтиб ўтилади ва мавзу аҳли суннанинг сўзлари, далилларини келтириш билан якунланади.

‒ Ёритилаётган мавзу умумий бўлса, аввал нақлий далиллар (кўпроқ Қуръон оятларидан) келтирилиб, бу борада аҳли суннага зид фикр айтган тоифаларнинг сўзларидан қисқача эслаб ўтиб, барчасига батафсил жавоб берилади.

‒ Муаллиф одатда ўзи ҳақ деб билган фикрни, яъни аҳли суннанинг сўзини мақоланинг этагида, сўнгида келтиради.

‒ Муаллиф китобнинг асосий қисмини Исломни ҳақ дин деб тан олмайдиганлар, Қуръон ва Суннатни қабул қилмайдиганлар, ақли калталигидан бу диннинг буюклигини англамай, турли шак-шубҳаларни тарқатадиган динсизлар, бошқа диндагилар ва адашган фалсафачиларга раддия беришга қаратган.

Одатда бундай тоифаларга улар қабул қилган ақлий далиллар билан хитоб қилинади. Имом Мотуридий ушбу асарда айнан шу жиҳатга кўпроқ эътибор қаратади. У киши мазкур тоифаларнинг қарашлари нотўғри эканини ақл ва мантиқ қоидалари асосида исботлайди. Шунинг учун ҳам китобда Қуръон ва Суннатдан далиллар бошқа ақида асарларига нисбатан камроқ қўлланган.

‒ Китобда учта асосий асослар ‒ илоҳийёт, нубувват, самъийёт масалаларига батафсил тўхтаб ўтилган. Бу асар ақийда асарлари билан калом илмига оид китоблар орасини боғлаб берадиган манба деб эътибор қилинади. Бу услубни Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ақийда рисолаларида ҳам кўришимиз мумкин. Бироқ, унда мавзулар маълум бир манҳажда, тартибли равишда эмас, тарқоқ шаклда келтирилган.

(Давоми бор)

Иккинчи мақоланинг ҳаволаси
https://islom.uz/maqola/13653

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

05.03.2020

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Яқзон Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман .Кишининг намози узун, давоми...

1949 14:58 / 27.01.2022
Бу воқеа, аслида 1999 йилда рўй берган. Унгача Жефри Ланг эътиқод масаласида жуда кўп қарамақаршиликларга дуч келганди.Ёш католикЖефри Ланг АҚШдаги энг йирик давоми...

5634 20:08 / 16.11.2018
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар .Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб қолди. Уни кўргани бориб, суҳбат қилдикndash Абу Абдурраҳмон, қандай тонг давоми...

2382 08:00 / 02.11.2019
Саудиялик аёл Рамазон ойида ҳар куни ифторликдан аввал фарзандларини жамлаб биргаликда шундай деб дуо қилишар экан.Эй Роббим, бизларга мулк этиб, олдида анҳори давоми...

5453 16:32 / 17.04.2021
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021