1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Исломга сўзи ва амали билан даъват қилган аллома

18:15 / 11.03.2022 5286 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ донишманд, ҳикматли олим эдилар.

Мақтаганни ёқтирмас, барча ишда Аллоҳ таолога суянар, илмга қизиққан кишиларни яхши кўрар, уларни рағбатлантириб, илмга бўлган қизиқиши ва интилишининг зиёда бўлишига сабаб бўладиган ишларни қилишга уринардилар.

Катта-кичик демасдан, ҳурматини жойига қўяр, ўша инсоннинг қалби ўксимаслигининг чорасини кўрардилар. Керак бўлса, унинг исмини кўпчилик ичида зикр қилиб, илмга оид қилган ишларини эътироф этардилар.

Аллоҳ таоло ҳазратнинг вақтларига, илмларига барака берган эди. У киши

• ибодат қилиш,

• кунлик вирдларни бажариш,

• китоб ёзиш,

• таржима қилиш,

• мақола ёзиш,

• сайтларни кузатиш,

• сайтларга қўйилган мақолаларни ўқиш,

• саволларга жавоб бериш,

• Исломий ташкилотларнинг саммитларида мавъизалар билан иштирок этиш,

• ҳафтанинг турли кунларида мусулмонларнинг шахсий мурожаатларини қабул қилиш,

• турли вилоятларга тўй-маъракаларга бориш,

• Рамазон ойида тўлиқ бир ой турли вилоятлар масжидларида илмий суҳбатлар қилиш,

• оила ишларига бош-қош бўлиш,

• ёзилган китобларнинг аудиосини ўқиш,

• сайт фаолиятига доир мажлисларда қатнашиш,

• сайт томонидан ташкил этиладиган турли тадбирларда қатнашиш,

• уламолар билан ўтказиладиган дарсларга бош бўлиш,

• нашриёт ишларига бош бўлиш,

• спорт билан шуғулланиш,

• дам олиб, хордиқ чиқариш каби ишларга улгурардилар.

Хориждаги таълим, Ислом институтига ректорлик, муфтийлик фаолиятлари ҳам сермаҳсул давр бўлган.

Бир инсоннинг шунча ишга улгуриши ўша бараканинг самарасидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Фотир сурасида шундай марҳамат қилган:

وَمِنَ النَّاسِ وَالدَّوَابِّ وَالْأَنْعَامِ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ كَذَٰلِكَ ۗ إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاءُ ۗ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ

«Шунингдек, одамлардан, ҳайвонлардан ва чорвалардан ҳам турфа ранглиларини чиқардик. Аллоҳдан бандалари орасида фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиздир, мағфиратлидир» (28-оят).

Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, яратилган нарсалардан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва Ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузилиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларини тўлиқ ўрганиб, уларни яратган Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидир», – деган эканлар.

Имом Ҳасан Басрий: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», – деб туриб, «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.

Юқорида мақола ўқиш деб бежиз айтмадим. Шахсан ўзлари мени ҳузурларига чақириб, таржима қилган илк мақолаларимдан бири islom.uz сайтида чиққанини, уни ўқиганларини айтиб, таржимонлик йўналишида давом этишимни тавсия қилиб, ҳаққимга дуо қилган эдилар.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бугун халқимиз у кишининг 120 дан ортиқ асарларини ўқиб, тинглаб, кўриб илм ўрганиб, динимизни англамоқдалар.

Аллоҳ таоло ҳазратимизни раҳматига олсин! Қолдирган илмларидан кўплаб фойдалар олишимизни барчамизга насиб этсин! Зурриёдларимиздан у кишига ўхшаган илмига амал қилувчи олимларни кўплаб чиқарсин!

Ҳазратнинг ҳикматли жавоблари

Бир куни шайх ҳазратларидан «Ҳазрат, Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг жума мавъизаларидан бир нечтасини қўлдан келганича таржима қилган эдим. Шу таржиманинг остига, албатта, Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг исмларини ёздим. Охирида «фалончи таржимаси» дея исмимни ёзиб қўйсам бўладими?» деб сўрадим.

Шунда шайх ҳазратлари табассум қилдилар ва «Албатта, ёзасизда. Ахир Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзбек тилида гапирмаганлар-ку!» дедилар.

Ўша кунга ҳам анча йил бўлибди

2015 йил 10 март куни тахминан кеч соат 19:30 ёки 20:00 лар атрофида менга қўнғироқ қилишди. «Алло» десам, у тарафдаги овоз салом аликдан сўнг «Шайх ўтиб қолибдиларми?» деди. Қулоқларимга ишонқирамай қайта сўрадим: «Нима?»

У тарафдаги овоз яна аввалгидек «Шайх ўтиб қолибдиларми?» деди. Нима бўлаётганини англолмасдим.

Кейин шайх ҳазратнинг энг яқин шогирдларидан бўлган Анвар Аҳмад домлага телефон қилдим. Телефонни кўтардилар. Ҳеч нарса демай йиғлардилар. Мен у кишидан «Шу гап ростми?» деб сўрадим.

У киши: «Ҳозир шифохонага олиб кетишди. Кутиб турибмиз» дедилар-да, телефонни ўчирдилар.

Тик турганча ўйланиб турдим. Орадан кўп ўтмай ўша қадрдон инсоним телефон қилиб, йиғлаган овозда «Рост экан» дедилар.

Аллоҳ таоло ҳазратимизни раҳматига олсин! Қабрларини нурга тўлдирсин! Қилган хизматларининг ажрини кўпайтириб берсин! Қолдирган илмларини ўқиб, кўриб, эшитиб, ўрганиб, амал қилишимизни Ўзи насиб этсин! Юртимиздан, зурриёдларимиздан ҳазратимизга ўхшаганларни кўплаб чиқарсин!

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саудия Арабистони ўзбекларидан бўлган шайх Мансур Абдулбоқий Бухорий 1971 йил Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида туғилган. Унинг оиласи Андижондан 1927 йили давоми...

2632 13:30 / 19.08.2022
Муносабат Ҳар қандай шахснинг салоҳияти, меҳнату хизматлари ва албатта, муносиб тақдирланиши жамият ҳаётида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга воқеа ҳисобланади. давоми...

1907 15:28 / 04.07.2023
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг уйларига ташриф буюрдик.Раҳматуллоҳ қори давоми...

34162 13:24 / 24.01.2018
Америкалик профессор Эдвард Кертис .Encyclopedia of MuslimsAmerikan History, Америка мусулмонлари тарихи энциклопедияси асарида Америкага қул сифатида олиб келинганлар орасида давоми...

2497 12:33 / 31.03.2021