1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Эмизишга оид маълумотлар

16:00 / 06.05.2020 4364 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эмизиш араб тилида «разоъ» дейилади. Бу сўз луғатда аёл кишининг кўкрагини, сигир, қўй каби ҳайвонларнинг елинини оғизга олиб, сўришни англатади.

Шаръий истилоҳда эса:

«Икки ёшга тўлмаган боланинг қорнига аёл киши сутининг етиб боришидир».

Ушбу қоидага хилоф бўлган нарса шаръий эмизиш ҳисобланмайди ва у туфайли ҳеч қандай шаръий ҳукм ҳам собит бўлмайди.

Никоҳни ҳаром қилувчи даражада эмизиш собит бўлиши учун бир неча шартлар бўлиши керак.

У шартларнинг баъзилари эмизувчига, баъзилари эмувчига ва яна баъзилари сутга боғлиқдир:

1. Эмизувчига боғлиқ шартлар иккитадир:

Биринчиси – эмизувчи аёл киши бўлиши шарт.

Бошқани ким ва нима эмса ҳам, никоҳни ҳаром қилувчи шаръий эмизиш собит бўлмайди. Мисол учун, бир гўдак ўғил бола ва бир гўдак қиз бола битта қўйни ёки эчкини эмсалар, сутини ичсалар, эмикдош ака-сингил бўлиб қолмайдилар.

Иккинчиси – эмизувчи аёл тўққиз ёшдан катта ёшда бўлиши керак.

2. Эмувчига боғлиқ бўлган битта шарт бор:

У ҳам бўлса эмувчи икки ёшдан кичик бўлиши керак.

Имом Абу Ҳанифа «Икки ярим ёш», деганлар. Лекин бошқа ҳамма имомлар, жумладан, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар ҳам «Икки ёш», деганлар. Ҳанафий мазҳабида ҳам амал «Икки ёш» деган қавлга мувофиқдир.

3. Сутга боғлиқ шартлар бештадир:

Биринчиси – сут суюқ ҳолатда бўлиши шарт.

Чунки у «бола эмди», дейишга лойиқ бўлиши керак. Шунинг учун, фаразан, аёлнинг сути қуйилтирилиб, ундан бир нарса тайёрланса, у гўдак болага едирилса, никоҳни ҳаром қилувчи эмиш собит бўлмайди. Чунки ундай нарсани «еди», дейилади, «эмди», дейилмайди.

Иккинчиси – сут боланинг қорнига кўкракни сўриш орқали ёки томоғидан ва бурнидан қуйиш орқали етиб бориши керак. Бошқа томондан ва бошқа йўл билан қоринга сут етиб борса ҳам эмизиш собит бўлмайди.

Учинчиси – мазкур сут боланинг қорнига бола икки ёшдан кичик бўлган муддатда етиб бориши шарт.

Бу муддатдан кейин бўлса, ҳар қанча эмса ҳам, никоҳни ҳаром қилувчи эмиш собит бўлмайди.

Аммо икки ёшдан кичиклик муддатида бўлса, бир қатра сут қорнига етса ҳам шаръий эмизиш собит бўлади.

Тўртинчиси – сут боланинг қорнига аниқ етиб бориши керак.

Бу ҳолатга қараб аниқланади. Сўраб-суриштирилади. Агар аёл киши бир боланинг оғзига кўкрагини солса-ю, «Кўкрагимда сут бор эди», деса, бу гап қабул қилинади.

Бешинчиси – сут таом билан аралашган бўлмаслиги шарт.

Мисол учун, аёл кишининг сути пиширилаётган таомга қўшилиб кетса-ю, уни ёш бола ичса, эмиш собит бўлмайди. Шунингдек, қуюқ ҳолатдаги нарсаларга қўшилса ҳам.

Аммо аёлнинг сути суюқ нарсага қўшилганда текшириб кўрилади. Агар аёл кишининг сути ғолиб келса, яъни ўша нарсадан кўп бўлса, эмизиш собит бўлади, бўлмаса – йўқ.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қиссадан олинадиган ҳисса ушбу гўзал муҳаббат қиссаси шу мавзудаги кўплаб ҳикоялардан бир неча жиҳатлари ила фарқ қилади бу қисса хаёлий эмас, ҳаётийдир. Унинг давоми...

3092 10:26 / 28.01.2022
Сулаймон алайҳиссалом Билқисга мактуб ёздилар.Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Сулаймон ибн Довуддан Билқис Сабаъ маликасига .Сизлар менга кибрҳаво қилмай, ҳузуримга давоми...

3032 15:00 / 11.05.2021
Бу расмни кўрар эканман, ушбу ҳадис ёдимга келди. Расмдаги учар от эмас, аммо расмни кўрганимда шу ҳадис эсимга келгани учун расмни ҳадис остига жойладим.Оиша давоми...

4684 09:20 / 17.10.2021
Қуръони Каримда .Нисо, Аёллар деган сура бор.Аёл кишининг илтимоси туфайли бир сура нозил бўлди. Бу Мужодала сурасидир.Оиша онамизнинг покликларини таъкидлаб давоми...

5035 11:00 / 11.07.2021
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021