1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Лайлатул қадр

18:08 / 15.05.2020 7067 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик. Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшидир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом (тинчлик)дир», деган («Қадр» сураси, 1-5-оятлар).

Шарҳ: Ушбу суранинг номи биринчи оятидаги «Лайлатул Қадр» калимасидан олинган. 

Бу муборак кеча икки хил маънода «қадр» деб аталади. Биринчиси – «қадр», яъни қадри улуғ, иккинчиси – «қадар», яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир.

Чунки Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари – тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир.

Барча халқларда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунлар, дастурлар ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Улар ана шу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, ароқхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганча қилишга қулай фурсат топадилар.

Исломда эса байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш Қадр кечаси шулардан биттасидир.

Чунки худди шу кечада Қуръони Карим нозил этила бошлаган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш имкони бор. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун ҳам бу кечада бедор бўлиб, ухламасдан ибодат қилинади.

Қадр сурасида Аллоҳ таолонинг мусулмонларга Ўзи берган улкан неъмати – уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони Каримни нозил қилганини эслатиши бежиз эмас.

Шу ўринда сиз азизларга «Қадр» сурасининг батафсил шарҳини баён этишни лозим топдик.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

1. «Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик».

Бу ояти каримада зикр қилинаётган Қуръони Каримнинг туширилиши унинг Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилишидир. 

Бу маъно Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келтирилган. Ана шу ҳодиса Қадр кечасида содир бўлганлигини ушбу ояти карима очиқ баён этиб турибди. 

Қуръони Карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу дунё осмонидан бўлиб-бўлиб, йигирма уч йил давомида туширилган.

Демак, бу ояти кариманинг маъноси «Биз Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига Қадр кечасида туширдик», дегани бўлади.

2. «Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди?»

Яъни, унинг ҳақиқатини, фазлини тўла тушунишинг қийин. Шунинг учун уни Ўзимиз айтиб берамиз.

3. «Қадр кечаси минг ойдан яхшидир».

Чунки бу кечада Қуръон нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзал.

Мана шу оятнинг тафсирида аллома Ибн Касийр жумладан қуйидагиларни ёзганлар: 

«Бир кишининг силоҳ олиб, Аллоҳнинг йўлида минг ой жиҳод қилганлиги ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳам шундай бўлишини орзу қилиб: 

«Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!» дедилар.

«Лайлатул Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир», деди Аллоҳ таоло».

Қадр кечасининг яна бир фазийлати қуйидаги оятда баён қилинади:

4. «Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир».

Бу оятдаги «Руҳ»дан мурод Жаброил алайҳиссаломдир. Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган ишлар билан тушадилар. Бу ҳам Қадр кечасининг шарафини оширади.

Қадр кечасининг учинчи фазийлати қуйидаги ояти каримада баён қилинади:

5. «У то тонг отгунча салом (тинчлик)дир».

Яъни Қадр кечаси тонг отгунча салом ва тинчлик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Қадр кечасини иймон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар. 

Бу кечани бедор ўтказиш эса намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироати билан бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суфён ибн Уяйна айтади .Муҳаммад ибн Мункадир Кўфада Муҳаммад ибн Савқаникига келди. Уни эшакка миндириб кетаётиб, қуйидагиларни сўради .Эй Абу Абдуллоҳ, сиз учун давоми...

2118 07:05 / 26.09.2019
Аббос ибн Аҳмад ибн Тулуннинг котиби Абдуллоҳ ибн Қосим айтади .Ярим кечаси Аҳмад ибн Тулун мени чақиртирди. Мен юрак ҳовучлаб, қўрқаписа қоровулнинг ортидан давоми...

3066 07:11 / 02.08.2019
Фазола ибн Динор айтади .Муҳаммад ибн Восиъ ўлим тўшагида ётган пайтда мен унинг ёнида эдим. Бир маҳал у шундай дея бошлади .Марҳабо, Роббимнинг фаришталари Лаа давоми...

3021 08:09 / 12.02.2020
Шаъбон ойи ndash ҳижрийқамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, давоми...

3241 18:45 / 06.03.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021