1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Маҳрнинг ўнта исми бор

11:00 / 17.06.2020 2669 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маҳр никоҳ ақди ёки эр-хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериши лозим бўлган молдир.

Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони Каримда маҳр сўзи ўрнига садоқ, садақа, ажр, фариза, ниҳла каби лафзлар ишлатилган.

Баъзи уламолар «Маҳрнинг ўнта исми бор», деганлар. Бизда «маҳр» сўзи машҳур бўлиб кетган ва бўлғуси келинга бериладиган мол шу ном билан аталади.

Аллоҳ таоло:

«Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар улар ундан бирор нарсани чин кўнгилдан тутсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин», деган («Нисо» сураси, 4-оят).

Шарҳ: Ушбу ояти карима эрнинг келинга маҳр бериши вожиб эканлигини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Агар қовушмай туриб, ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин маҳрни бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо олди-бердиси қачон бўлса бўлаверади.

Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқдирилмоқда. Шу билан бирга, маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.

Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши.

Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб, олган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади

Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳодан:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг берган маҳрлари қанча эди?» деб сўрадим.

«У зотнинг завжаларига берган маҳрлари ўн икки увқия ва бир нашш эди, – дедилар ва: – Нашш нималигини биласанми?» – деб сўрадилар.

«Йўқ», дедим.

«Ярим увқия. Бас, ҳаммаси бўлиб, беш юз дирҳам», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларига берган маҳрлари беш юз кумуш танга миқдорига тенг экан.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ (ранг) асарини кўриб:

«Бу нима?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги тилло (маҳр бериб) уйландим», деди у.

«Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам валийма қилгин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ўша вақтларда куёвлар тўйга ясаниш асносида ўзларига хушбўй нарсалар ҳам суртар эдилар. Ўша хушбўй нарсалар заъфарон аралашган бўлганлиги учун заъфароннинг сариғи кийимларга, у ер-бу ерга юқиб қолар эди. Кийимида ана шу аломат кўринган одамнинг нима учундир ясанганини билиш мумкин эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан сариқ рангнинг аломатини кўриб, нима учун ясанганларини сўрадилар. У киши бир аёлга уйланганлари, маҳрга бир данак вазнида тилла берганларини хабар қилдилар. Бу миқдордаги тилла чорак динор, яъни беш дирҳам кумуш пулга тенг келар эди. Демак, маҳр шу миқдорда бўлиши ҳам мумкин. Афтидан, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу тўй қилмай уйланганга ўхшайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишига «Нимага хушбўй суртдинг? Уйланган бўлсанг, бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қилгин», деган мазмунда гапирганлари шуни кўрсатади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Менинг муборак қизим, бутун оламни қамраган ва таъминлаган Аллоҳнинг раҳматига мазҳар бўлишингни тилаган ҳолда саломларимни йўллаб қоламан. Қайтақайта давоми...

3002 15:00 / 20.01.2022
Аллоҳ таоло яратиб қўйган мўъжизаларни санайдиган бўлсак, охирига етиб боролмаслигимиз аниқ. Она сути ҳам ана шундай мўъжизалардан биридир. Агар оналар кўкрак давоми...

10599 21:00 / 07.11.2022
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг райҳоналари бўлмиш Фотима розияллоҳу анҳо тегирмон айлантиравериб қўллари қавариб кетганидан, мешда сув ташийвериб давоми...

3820 13:00 / 22.02.2022
София бинти Ҳуяй онамиз ўзларининг нозик дидлари ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадрларини олий мақомга кўтарар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу давоми...

3316 16:05 / 27.11.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021