1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Муҳаббат ва садақа

13:00 / 22.02.2022 3820 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг райҳоналари бўлмиш Фотима розияллоҳу анҳо тегирмон айлантиравериб қўллари қавариб кетганидан, мешда сув ташийвериб елкалари шилинганидан, уй супуриб кийимлари чанг бўлганидан турмуш ўртоқлари Али розияллоҳу анҳуга шикоят қилдилар. Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга асирлар келганини, у кишидан ходим сўрашларини айтдилар.

Фотима розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. У кишининг ҳузурларида бир неча кишилар бор экан. Уларнинг олдида эҳтиёжларини айта олмадилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳуга секин нима сабабдан келганларини айтдилар ва қайтиб кетдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан кишилар кетганидан сўнг Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Фотима розияллоҳу анҳонинг келганларини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳонинг уйларига бордилар. Улар ухламоқчи бўлиб туришган экан. Киришга изн сўрадилар. Сўнгра кириб уларга дедилар:

Сизларга ходимдан ҳам яхшироқ нарсани айтайми? Ухлаш учун тўшакка кирсангиз ўттиз уч марта такбир айтинг, ўттиз уч марта тасбиҳ айтинг, ўттиз уч марта таҳмид айтинг. Ана шулар сиз учун ходимдан яхшироқдир!

Бутун дунё аёлларининг саййидаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жигарпоралари бўлмиш Фотима розияллоҳу анҳо тегирмон айлантиравериб қўллари қавариб кетибди. Сув ташийвериб елкалари шилинибди. Уй супуравериб кийимлари чанг бўлибди. Бу билан Фотима розияллоҳу анҳонинг қадрлари эрлари наздида камайдими, оталари наздида камайдими, Роббилари наздида камайдими?!

Эр ҳатто уй ишларида хотинига ёрдамлашиб туриши гўзал муомалот ва суннатдандир.

Фотима розияллоҳу анҳо чўри эмас эдилар. У кишини ҳеч ким хорламаган эди. Аммо уй ишлари у кишини чарчатган эди. Али розияллоҳу анҳунинг ходима олиб бермаганларига сабаб пуллари йўқлиги эди. Мақсад Фотима розияллоҳу анҳони қийнаш эмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Фотима розияллоҳу анҳога ходима бермадилар. Зеро, у киши одил эдилар. Агар Фотима розияллоҳу анҳога ходима берсалар, Мадинадаги бошқа аёлларга ҳам ходима беришлари лозим бўлиб қолар эди.

Эркак кишининг хотинининг оғзига соладиган биргина луқмасида садақанинг ажри бўлса, аёлнинг оиласи учун бу луқмани пишириб бериши, уларга чиройли тақдим қилиши, оиласининг кийимларини ювиши нега савоб бўлмасин?!

Азиз эркаклар! Аёлларимизга идишларни ювишда ёрдам беришимиз эркакликка зид эмас. Улар ювган ва дорда қуриган кийимларни йиғиштириб олишимиз мардликка тескари эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оламларнинг саййиди бўлсаларда, уй ишларида аҳлларига ёрдам берар, қўйларини ўзлари соғар, кийимларига ямоқ солар, йиртилган ковушларини ўзлари  тикар эдилар!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиланинг бахту саодатида, оила аъзоларининг тотув ва ахил яшашида келинларимиз ҳам алоҳида ўрин тутишади. Қуйида ўтмишда турмушга чиқаётган қизига оналарнинг давоми...

3287 16:00 / 10.05.2023
IХадийжа бинти Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусой Қурашийя Асадийя .Фил воқеаси,дан ўн беш йил илгари Маккада, эътиборли оилада таваллуд топган. У киши бизнинг давоми...

6755 08:10 / 10.10.2018
София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳо иддалари чиққунча Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг қарамоғида турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у кишининг давоми...

3569 20:05 / 13.11.2019
Оиша онамиз розияллоҳу анҳода тақво, зоҳидлик сифатлари ҳам юқори даражада эди. У киши бу дунёнинг орзуҳаваси кетидан тушмаган эдилар. Ўзларида бор нарсани кўпроқ давоми...

6795 17:10 / 01.01.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021