1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Эй уммат қиёмат яқин... (еттинчи мақола)

15:00 / 03.07.2020 3287 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида:

«Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида. Ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг, куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб: «Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик. Йўқ! Бизлар зулм қилгувчилар эдик», дерлар», деган.

Каҳф сурасида айтиб ўтилганидек, қиёматнинг аломатларидан бири–Зулқарнайн қурган садд-тўғон очилиб, Яъжуж ва Маъжужлар чиқиб кетишидир. Ушбу оятда:

«Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида» деб айтилмоқда.

Демак, улар жуда кўп бўлиб, кўпликларидан юрганларида худди сел оққандек оқиб келар эканлар.

«...Ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг...», яъни қиёмат қойим бўлгандаги ҳолни кўрсанг, унинг даҳшатидан, қўрқинчи ва азобидан

«...Куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб», яъни қотиб қолади. Кўзларини юма олмайдилар. Айни пайтда, ўз ҳолларига йиғлай бошлайдилар:

«Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик», яъни, қиёмат қойим бўлиб, ҳамма қайта тирилиб, сўроқ-савол, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот бўлишидан ғафлатда эдик. Бундай бўлишини ўйлаб кўрмаган эдик.

«Йўқ! Бизлар зулм қилгувчилар эдик», дерлар». Йўқ, биз ғафлатда ғафлатда эмас эдик. Балки билиб туриб тайёргарлик кўрмаган эдик. Ишонмаган эдик. Зулм қилган эдик, дерлар.

Ақоид илми уламоларимиз Яъжуж ва Маъжуж ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни мукаммал ўрганишиб, қуйидаги хулосани айтадилар: «Яъжуж ва Маъжуж жуда ҳам кўп сонли бир қавм бўлиб, уларнинг чиқишлари қиёматнинг аломатларидан бир аломатдир. Улар ер юзини фасодга ва харобга тўлғазадилар. Уларнинг қачон чиқишини эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди».

7.Учта ер ютиши. машриқдаги ер ютиш, мағрибдаги ер ютиш ва араб жазирасидаги ер ютиш.

8.Ямандан чиқиб одамларни маҳшарга қувлайдиган ўт. Бу ўт-олов Адан шаҳри қаъридан чиқиши ҳақида бошқа ривоятлардан айтилган.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Токи мусулмонлар яҳудийларга қарши уруш қилмагунча, уларни мусулмонлар қатл қилмагунча, яҳудий тош ва дарахт панасига беркиниб олганда тош ва дарахт «Эй Аллоҳнинг бандаси! Мана яҳудий! Ортимда турибди. Кел, уни қатл қил» демагунча қиёмат қоим бўлмайди. Фақат Ғарқадгина буни айтмайди. Чунки у яҳудларнинг дарахтларидандир», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Масканлар Иҳоб ёки Яҳобгача етади», дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Абу Довуднинг лафзида:

«Келажакда мусулмонлар Мадийнага қамал қилинадилар. Ҳаттоки энг узоқ чегаралари Салоҳ бўлиб қолади», дейилган.

Шарҳ: Иҳоб Мадийнаи Мунавварадан бир неча мил узоқликдаги жойнинг номи. Салоҳ Хайбарнинг паст тарафидаги жойнинг номи. Қиёмат яқинлашганда Ислом диёрлари хароб бўлиб мусулмонлар Мадийнаи Мунавварага қараб қочиб бораверадилар. Улар устидан ўрнатилган қамал торайиб бориб чегара Салаҳ номли жой бўлиб қолади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Ислом ғариб ҳолда бошланган ва келажакда худди бошланганидек ғариб ҳолга қайтади. Бас, ғарибларга яхшилик бўлсин!» дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ислом янги тарала бошлаганда мусулмонларнинг сони оз бўлган. Уларнинг кучлари ва имкониятлари жуда ҳам оз бўлган. Қиёмат яқин қолганда ҳам ўша биринчи даврга ўхшаган ғариблик ҳолга қайтилади. Ўшанда ғариб мусулмонлар ер ёзидаги энг яхши одамлар бўлиб қоладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Албатта, дин худди илон уясига жамлангандек, Ҳижозга жамланади. Дин ўзи учун худди урғочи тоғ эчкилари тоғни қароргоҳ қилиб олганларидек, Ҳижозни қароргоҳ қилиб олади. Албатта, дин ғариб ҳолда бошланган ва ғариб ҳолга қайтадир. Мендан кейин одамлар бузган суннатимни ислоҳ қиладиган ғарибларга яхшилик бўлсин!» дедилар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Албатта, қиёматнинг аломатларидан; Илмнинг кўтарилмоғи, жаҳлнинг зоҳир бўлмоғи, зинонинг тарқалмоғи, хамрнинг ичилмоғи. Аёллар кўпайиб, эркаклар озайиб элликта аёлга битта бошлиқ бўлмоғи», дедилар».

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, токи йиртқичлар инсга гапирмай туриб, кишига қамчисининг учи, кавшининг ипи гапирмасдан туриб, сони ундан кейин унинг аҳли нима қилганининг хабарини бермай туриб қиёмат қоим бўлмайди», дедилар».

Ушбу учтани Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадису-шарифда хабари келган қиёмат яқин қолганда тилсиз нарсаларнинг тилга киришини уламолар икки хил таъвил қилганлар.

Биринчиси одамлар фисқу фасодга берилиб, гуноҳларга ботиб кетганларидан уларга йиртқич ҳайвон ҳам, жонсиз нарсалар ҳам ва ўзининг аъзолари ҳам танбеҳ берадиган бўлиб қолар экан.

Иккинчиси динни ушлаган одам кам қолганидан ҳар бир диндор банда соҳиби каромат кишига айланиб қолар экан. Унга ҳайвон ҳам, жонсиз нарсалар ҳам ва ўзининг аъзолари ҳам керакли гапларни айтиб турадиган бўлиб қолар экан.

(Давоми бор)

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
.Ширкат, луғатда .аралашиб кетиш, маъносини англатади.Шариатда эса ширкат деб сармоя ва фойда хусусида шерик бўлганлар орасидаги ақдга айтилади.Ширкат муомаласи давоми...

2812 11:05 / 19.12.2019
Канаданинг Альберта провинциясида истиқомат қилувчи ёш муслима олмос қазиб олишнинг янги усулини кашф қилди. Айни пайтда оддий усулда олмос қазиб чиқариш давоми...

3738 19:20 / 05.01.2019
Энг бахтли кунингиз қайси кунКимдир .Уйланган куним,, дейди.Кимдир .Институтни битирган куним,, дейди.Кимдир .Фалон шайхни кўрган куним,, дейди ва ҳоказо...Аммо давоми...

3084 11:00 / 17.02.2021
Саҳл ибн Аҳмад Таймийдан ривоят қилинади .Мужаммаъ вафот этгач, уни тушимда кўрдим. .Эй Абу Ҳамза, аҳволингиз қандай, десам, .Зоҳидлар дунё ва охират яхшилиги билан давоми...

2084 08:00 / 08.11.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021