1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Ораларингиздаги никоҳсизларни никоҳлаб қўйинг! (ўнинчи мақола)

17:05 / 22.07.2020 3244 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имконияти бўла туриб уйланмай ёки турмушга чиқишни рад этиб юриш инсонни зинога олиб бориши мумкин бўлган йўллардандир. Бу ишга баъзи ҳолларда ота-оналар тарафидан ҳам рағбат қилинади. Бунга сабаб қилиб улар: «Болам ёшлигида ўйнаб қолсин», дейдилар ёки шунга ўхшаш баҳоналарни айтадилар. Ёшлар ҳам «ёшлик қайтиб келмайди, кейин эслаб юраман» қабилидаги гапларни гапирадилар. Исломда эса никоҳ ёшига етган ёшлар имконият бўлиши билан никоҳланишлари мақталган ишлардандир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир. Никоҳ (имкони)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар» (Нур сураси, 32-33-оятлар).

Демак, никоҳлаш ва никоҳланиш катталар ва ёшларнинг бурчидир.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй ёшлар жамоаси! Сиздан ким уйланишга имкони бўлса уйлансин. Албатта, уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир. Кимнинг имкони бўлмаса, у рўзани ўзига лозим тутсин. Албатта рўза тутиш у учун бичилишдир» дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «уйланишга имкони бўлса» деганлари ҳар тарафлама, яъни жисмоний, моддий, маънавий-руҳий тарафлама тайёр бўлиши тушунилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир» деганларидан никоҳдан ўтганлар никоҳдан ўтмаганлардан кўра фаҳшга кўпроқ йўлиқишлари мумкин эканлигини билдирмоқда. Фаҳшнинг энг каттаси эса зинодир.

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига: «Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин: намозни вақти кирганда, жаноза ҳозир қилинганда, эрсиз аёлнинг ўз тенги топилганда» деб айтдилар.

Термизий ривояти.

Намоз вақтида ўқилиши фарз, маййитни иложи борича тезроқ кўмиш шарт. Ушбу зарурий, кечиктириб бўлмайдиган ишлар орасида аёлнинг ўз тенги чиқиб турганида узатиш ҳам санаб ўтилиши бу ишнинг ўта муҳим, кечиктириб бўлмайдиган иш эканлигига далолат қилади.

Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳ суннатимдир, ким суннатимдан юз бурса мендан эмасдир» деб марҳамат қилганлар

Имом Бухорий ривояти.

Энди имконияти бўла туриб уйланмай ёки узатилмай юришга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:

- Исломда никоҳ суннати муаккада амаллардандир, яъни бажарилиши таъкидланган суннатдир. Аммо, никоҳланишнинг ҳукми ҳолатга қараб фарз, суннат, макруҳ ва ҳаромга ўзгариб туради.

- Зино ва фаҳш ишлардан ўзини тўхта олмаслигига кўзи етган никоҳланмаган инсон учун уйланиш ёки турмушга чиқиш фарз бўлади. Шундай ҳолатда ҳам уйланмай ёки турмушга чиқмай юрса ҳаром ишни қилган бўлиб, қаттиқ гуноҳкор бўлади.

- Эрлик вазифасини ёки хотинлик вазифасини бажара олмаслигини билган инсонга уйланиш ёки турмушга чиқиш ҳаром бўлади. «Эрлик ёки хотинлик вазифасини бажара олмаслик» дейилганда қуйидагилар тушунилади:

1. Жинсий ожиз бўлган ҳолда билдирмасдан соғлом инсон билан оила қуриш.

2. Жинсий ёки бошқа хавфли юқумли касали бўла туриб билдирмасдан соғлом инсон билан оила қуриш.

3. Руҳий ҳасталиги ёки руҳий камчилиги сабабли турмуш ўртоғига жисмоний, моддий ва маънавий-руҳий зарар келтириши мумкин бўлганда оила қуриш.

4. Никоҳланаётганлардан бири никоҳга рози бўлмаган ҳолда, мажбурланаётгани учун оила қураётганини билган иккинчи тараф учун оила қуриш ҳам ҳаром бўлади. Исломда мажбурлаб никоҳлаш йўқ.

5. Жинсини ўзгартирган одамга никоҳланиш мутлақо жоиз эмас.

Афзал Аброр таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зинога қўл урган талаба.Ўқишга чет давлатга кетдим. У ерда ўқишим, ҳаётим бир маромда борар эди. Ўқишдагилар билан ҳам яхши чиқишар эдим. Ҳатто гуруҳимдаги бир қиз давоми...

4042 15:00 / 30.11.2020
Аллоҳ таоло айтади.Шакшубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас, Зумар сураси, 3оят.Яъни, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсани ҳидоятига муваффақ давоми...

20049 18:00 / 08.07.2019
Аллоҳ таоло айтади.Албатта, Биз ҳар бир нарсани аниқ ўлчов билан яратдик, Қамар сураси, 49.Ибн Жавзий тафсирларида бу оятнинг нозил бўлиш сабаби хусусида икки хил давоми...

5645 17:00 / 06.12.2018
Аллоҳ азза ва жалла айтади.Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар, Аҳзоб сураси, давоми...

4317 13:10 / 28.02.2019
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021