1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Ҳазрати Умму Ҳоний бинти Абу Толиб (иккинчи мақола)

19:03 / 22.07.2020 2238 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижратдан сўнг

Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилганларида Фаҳита Маккада эри ва болалари билан қолди. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам эришган зафарлари ҳақида эшитса, беҳад қувонарди. Фаҳита мусулмонлар Маккага кирадиган буюк зафар кунини интизорлик билан кутарди.

Макка фатҳ этилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбага кирдилар. Барча бутларни синдирдилар. Билолнинг розияллоҳу анҳо овози тавҳид, такбир ва шаҳодатлар билан жаранглаб, Каъба узра юксалди:

«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар! Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ! Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ, ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ…»

Бу овозларни эшитган Умму Ҳонийнинг эри Хубайра орқа олдига қарамай, Маккадан қочди. У Аллоҳ таолонинг динига киришдан қочаётган, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зафарларини кўришни хоҳламаётган эди.

Ҳубайра Умму Ҳонийни ҳам ўзи билан кетишга даъват этди, аммо Умму Ҳоний қабул этмади. Чунки у Аллоҳ таолонинг динига кирган, мусулмон бўлган эди. Ҳорис ибн Ҳишом Макка фатҳ этилган кун қони ҳалол қилинган кишилардан эди. Аммо Ҳорис Умму Ҳонийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қошидаги мавқеини билгани учун, ҳимоя қилишини сўраб, унинг уйига борди. Буни кўрган Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ҳорисни ўлдириш учун изма-из келди. Умму Ҳоний:

«Эй онамнинг ўғли! Мен унга омонлик бердим», деб уни ҳимоясига олганини билдирди.

Али розияллоҳу анҳу эса бу гапларга қулоқ солмай, қиличини суғурди. Умму Ҳоний унинг қўлларидан тутди:

«Аллоҳ хайрингни берсин, ўлдирма. Мен унга омонлик бердим», деди.

Али розияллоҳу анҳу ундан қутулишга ҳаракат қилди, аммо оёқларини ердан кўтаролмади. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолдилар. Умму Ҳоний:

— Ё Расулуллоҳ, мен Ҳорис ибн Ҳишомни ҳимоямга олдим. Али эса уни ўлдирмоқчи. Нимага буюрасиз? — деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Сен ҳимоя этганингни биз ҳам ҳимоя этамиз, сен омонлик берганингга биз ҳам омонлик берамиз. Аммо Алининг жаҳлини чиқарма. У қизишса, Аллоҳ таолонинг ғазаби келади. Уни қўйиб юбор, — деб буюрдилар.

Шундан сўнг Умму Ҳоний Алини қўйиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазиллашиб:

– Ё Али, бир аёл сендан ғолиб келди, — дея марҳамат қилдилар

ҲазратиАли:

— Аллоҳга қасамки, оёқларимни ердан кўтаролмадим, - деди.

Қаҳрамонлар қаҳрамони, довюраклар довюраги Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бу гапи Умму Ҳоний ҳақидаги одил бир шаҳодатдир. Аллоҳ ҳар иккисидан ҳам рози бўлсин.

Умму Ҳоний эридан айрилганидан сўнг, бутунлай фарзандларининг тарбияси билан банд бўлди. Фарзандларининг қалбига фазилат уруғларини экди. Ислом ва имон билан уларни ўстирди. Фарзандларининг барчаси олим, фозил кишилар бўлиб етишдилар. Баъзи фарзандлари Умму Ҳонийдан ҳадис ривоят этган. Улар орасида набиралари Жаъда ал-Маҳзумий, Яҳё ибн Жаъфар ва Ҳорунлар ҳам бор.

Умму Ҳоний биродари Ҳазрати Алининг халифалик давригача яшади. Ҳижратнинг 40-йили вафот этди.

Аллоҳ таоло ундан рози бўлсин ва уни ҳам рози этсин. Омин.

(Тамом)

Маҳмуд Маҳкам таржимаси

 

Мавзуга оид мақолалар
СаволМаълумки, аёлларнинг намозида эркакларникидан айрим ўринларда фарқланади. Саволим шуки, аёлларнинг ҳажида ҳам эркакларникидан ажралиб турадиган фарқли давоми...

1986 17:00 / 29.07.2020
Фотима бинти Муҳаммад ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Хадича онамизнинг кенжа ва суюмли қизлари, имом Ҳасан, давоми...

3082 17:02 / 11.11.2020
Бир куни Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули Мана, Хадича қўлида бир идиш билан ҳузурингизга давоми...

3224 15:04 / 06.11.2024
.Ва батаҳқиқ, сизларни яратдик, кейин сизларга суврат бердик, Аъроф сураси, 11оят дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога Ўзининг Холиқ сифатига мос ҳамду санолар бўлсин. давоми...

2813 16:24 / 21.01.2024
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021