1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Сабр қилиш фазилати

05:00 / 03.03.2017 5697 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бинобарин, бахтли онларда ҳовлиқмаслик, кулфат ва машаққатга йўлиққанда эса, бахтиёр кунлар яна келажагини ёдда тутиш ва шунга биноан, сабр-тоқат, қаноатни қўлдан бермаслик катта фазилат саналади. Қуръони каримда сабр-тоқат етмиш жойда зикр қилинган бўлиб, бундан бошқа бирор фазилат бу даражада кўп такрорланмаган. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг синовларига сабр қилган кишиларнинг ажр-мукофотини дунёда ҳам, охиратда ҳам орттириб беришни ваъда қилади: “...Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар, 10).

Аллоҳ таоло Қуръон оятида бундай марҳамат қилади: “Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) фақат бизгагина қайтарилурсизлар” (Анбиё, 35).

Қуръон оятининг хабарига кўра, инсон хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон, хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон, дунё ҳаётида яшар экан, у Аллоҳ тарафидан мусибатлар, машаққатлар ва турли ёмонликлар билан ҳам, омад, муваффақият ва яхшиликлар билан ҳам имтиҳон қилинади. Киши ҳаётда турли-туман ҳолатларга тушади: айрим ҳолларда қувончдан боши осмонга етади, баъзан эса кўзига дунё зимистон бўлиб кўринади. Бундай пайтларда кўпчилик, айниқса, ёшлар ўзларини омадсиз, нотавон ҳис қилишади, омадсизлик аламига дош беролмай, турли бўлмағур чоралар воситаси ила аламдан чиқмоқчи бўлишади. Ўз жонларига суиқасд қилувчи нотавонлар ҳам учрайди. Ҳолбуки, оддий тафаккур кўзи билан қаралса, инсон умри бир текис, равон ўтавермаслиги — бахтиёр кунларда машаққатлар эҳтимоли йўқолмагани, уқубатли дамларда эса яхши кунлар умиди сўнмаганини кўриш мумкин. 

Демак, инсоннинг кўп ва узоқ мусибат чекиши унинг ёмон одамлигига, кимнингдир назаридан қолганига ёки бир кишига қилган одобсизлигига муносиб жазо олаётганига далолат қилмайди. Бирор одамнинг омади, муваффақиятининг бардавом бўлиши ҳам унинг яхшилигига, уддабуронлигига далолат бўлмайди. Бу дунё банданинг қилмишига яраша жазо бериладиган жой эмас. Барчаси синов бўлиб, мукофот ёки жазо охиратдаги абадий ҳаётда берилади. Бу дунёдаги ҳолатларнинг барчаси охират учун тайёргарликдан иборат.

“...Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган амалларининг чиройлилари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл, 96).

“Яна сабрлари сабабли уларни жаннат ва (эгниларига) ипак (либослар) билан мукофотлар” (Инсон, 12).

“Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” (Анфол, 46).

Қуръони карим ўргатган сабрли, саботли бўлиш ёмонликларни йўқотиш ва ҳақиқат йўлида қийинчиликларга бардош бериш, одамларнинг озорларига чидаш, камбағаллик, касаллик ва яқин кишиларни йўқотиш каби мусибатларга бардош беришдан иборат. Ҳатто Аллоҳ буюрган ибодатларни ўз ўрнида адо этиш ҳам сабр билан бўлади: “...Бас, Унга ибодат қилинг ва Унинг ибодатида тоқатли бўлинг!..” (Марям, 65).

“Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг!..” (Тоҳо, 132).

Аллоҳ таоло мусибатларга сабр қилувчи инсонлар Аллоҳнинг қандай мукофотига эришишлари мумкин эканини башорат бериш учун Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай хитоб қилади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг мулкимиз ва албатта, биз Унинг сари қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара, 155-157).

Қуръони карим ўргатган сабр шулардан иборат. У эзилган қалбларга тасаллидир. Бу ҳаётда умид билан яшашга, муваффақиятларга эришишга ундовчи омилдир. Шунинг учун мусибатларга сабр қилиш билан бирга, бошқалар ҳолидан хабар олиш, кўнгилларини сўраш, яхшилик сари етаклаш, қўллаб-қувватлаб юбориш ҳар биримизнинг мусулмонлик ва инсонлик бурчимиздир.


Шавкат АҲМЕДОВ

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”

жомеъ масжиди ноиби – имоми



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Билинг Барча матлуб нарсалар неъмат, деб номланади, лекин ҳақиқий неъмат ndash бу ухровий неъматдир. Уни неъмат деб номлаш жоиздир. Бизга изофа этилган ишларнинг давоми...

4543 05:00 / 03.03.2017
Сенга ҳам, менга ҳам Аллоҳ тавфиқ берсин, азизим билгинкиМусулмон инсон қуйидагиларга иймон келтирмоғи лозим1Албатта мўминларқалблари, ақллари ва тиллари билан давоми...

5373 05:00 / 03.03.2017
Тилдан келадиган офатлар кўп ва турлитуман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли давоми...

13708 17:53 / 15.03.2017
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур, Зумар сураси, 23оят деб марҳамат қилган.Доктор Лоуренс Браун давоми...

4411 09:30 / 21.03.2022
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021