1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ўлим ҳақ. Бироқ биз тайёрмизми?

17:00 / 25.11.2020 3568 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср олдин айтган илмий ҳақиқатлардан бири ҳақида сўз юритсак. Бу кексалик ва ўлим сирларига оид бўлиб, бу мавзуга доир сўнгги илмий кашфиётларни кўриб, Қуръони Каримда баён қилинган оятларни ўргансак.

Танаккус ҳеч қачон тўхтатиб бўлмайдиган жараёндир.
Араб тилида «танаккус» деб аталган сўз ўзбек тилида «кексайиш», «заифлашиш», «кучдан қолиш», «қариб, хотирадаги илмлар кетиб, ёш боладек бўлиб қолиш» каби маъноларни билдиради. Қуръони Каримда умр узайгани сайин тананинг мўртлашиб, кучдан қолиши, қувват кетиши баён қилинган. Ҳар қандай тирик ҳужайра фаолиятини бошлаши билан ўлим жараёни ҳам бошланади. Олимларнинг айтишича, ҳар бир яратилган тирик ҳужайра ўлим сари кетиб боради. Ҳужайранинг азалий яшаши мумкин эмас! Чунки ҳужайранинг тузилиши куни келиб ўлиши учун яратилганини кўрсатади.

Юлдузларда бўладиган жараён қандай бўлса, ҳужайраларда ҳам шундай бўлади. Юлдузлар аввал бошда ўладиган қилиб яратилгандир. Улар ўзидаги ёқилғисини ишлатиб бўлгач, ўлиб, бошқа ҳолатга ўтади. Бундай жараён ўсимликларда ҳам, ҳашаротлар оламида ҳам бўлади. Коинотдаги ҳар бир нарса охирида ўлишга мослаб яратилган. Энг сўнгги илмий тадқиқотлардан бирида айтилишича, коинотнинг ўзи ҳам ўлади. Олимлар коинот завол, ўлим сари кетаётганини таъкидлашяпти.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَلَا تَدْعُ مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آخَرَ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ كُلُّ شَيْءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجْهَهُ لَهُ الْحُكْمُ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ۝

«Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга илтижо қилма. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир. Ҳукм Уникидир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз» (Қосос сураси, 88-оят).

Ушбу оят Аллоҳ таолодан бошқа барча нарса ўлишини таъкидламоқда.

Ҳужайраларнинг ўлиш жараёни тартибли тарзда бўладиган жараёндир. Уни тўхтатиб бўлмайди. Бошида ҳужайра ўлим сари секинлик билан ҳаракатланади, лекин ҳужайра ҳаётининг ярмидан сўнг ўлим сари ҳаракати тезлашади. Кексайиш бошлангани сари ҳужайраларнинг сустлашиши, заифлашиши тезлашади. Шу тарзда ҳужайра яратилгач, ўсиб, етилиб, сўнгра қаришга, кексайишга ўтади ва охирида фаолиятдан қолиб, ўлади. Ушбу ҳолат барча жонзотларда бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 اللَّهُ الَّذِي خَلَقَكُم مِّن ضَعْفٍ ثُمَّ جَعَلَ مِن بَعْدِ ضَعْفٍ قُوَّةً ثُمَّ جَعَلَ مِن بَعْدِ قُوَّةٍ ضَعْفًا وَشَيْبَةً يَخْلُقُ مَا يَشَاء وَهُوَ الْعَلِيمُ الْقَدِيرُ۝

«Аллоҳ сизни заифликда яратган, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган, сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган Зотдир. У хоҳлаганини яратадир. У ўта билувчидир, ўта қодирдир» (Рум сураси, 54-оят).

Аввал заифлик, кейин куч-қувватга тўлиш даври ва охирида яна заифлик. Субҳаналлоҳ!

Кейинги ўрганишлар асносида олимлар инсонни тўғри овқатланиш тартибига амал қилдириш орқали ҳужайранинг умрини узайтиришга муваффақ бўлдилар. Лекин қисқа муддатга. Яъни, агар сиз кўпроқ яшашни истасангиз, таом ва ичимликларни истеъмол қилишда исрофга йўл қўймаслигингиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 يَا بَنِي آدَمَ خُذُواْ زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ وكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ۝

«Эй Одам болалари! Ҳар бир ибодатда зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).

Барчамизга маълумки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилган пайтларида атроф хурофотлар ва абадий яшайдиган кишилар ҳақидаги қиссаларга тўла эди. Мана шундай хурофотлар тўлиб-тошган замонда инсон ўзича «Барча одамлар яқинда ўладилар» деб айта олмайди. Лекин бу ишни Қуръони Карим қилди.

Қуръони Каримда шундай оят бор:

أَيْنَمَا تَكُونُواْ يُدْرِككُّمُ الْمَوْتُ وَلَوْ كُنتُمْ فِي بُرُوجٍ مُّشَيَّدَةٍ

«Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам ўлим сизни топадир» (Нисо сураси, 78-оят).

Абадий яшаш ҳақидаги қиссалар кўпайган пайтда бирор инсон ўзича шу гапни айта оладими? Ҳар бир инсон куни келиб ўлиши аниқлигини эълон қила оладими? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлмай яшаш ҳақидаги хурофотлар кўпайган пайтда ушбу оятни одамларга қироат қилиб беришлари у зотнинг ҳақ пайғамбар эканликларига далилдир. Чунки ўша даврда Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким башариятнинг ўлишини, Ўзидан бошқа ҳеч ким абадий қолмаслигини айта олмайди. Мазкур оятни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи нозил қилгандир! Одамларга уни эълон қилишни Ўзи буюргандир!

Олимлар ҳужайранинг қариш жараёнини тўхтатадиган дори ишлаб чиқара оладиларми? Албатта, йўқ! Чунки ҳужайра аслида қариш, ўлишга мослаб яратилган. Инсон қарийдиган, бир кун ўладиган қилиб яратилган. Бугун олимлар ушбу ҳақиқатни тан олиб, таслим бўляптилар.

Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Атаба ибн Абу Суфён ўлими олдидан шундай деган эди .Эй Миср аҳли, қиёматда уқубат бўладиган ишларни қилган эканман. Ўша пайтда бу ишларимга ажрмукофот умид қилар давоми...

1806 08:00 / 14.07.2020
Убода ибн Сомитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ, давоми...

6329 20:00 / 02.05.2019
.Раҳийм, сифати луғатда .юмшоқлик,, .ачиниш, ва .кўнгилчанг бўлиш, каби маъноларни ифода этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни ҳам раҳмат дейиш билан бирга, унда ёмғирни давоми...

6205 20:30 / 17.03.2019
ИнтервьюТошкент Ислом институти катта ўқитувчиси, .Новза, жоме масжиди имом хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов билан суҳбатndash Домла, янги ўқув йили арафасида турибмиз, давоми...

2315 15:09 / 23.09.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021