1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳузайл қабиласининг адабини бериш

18:00 / 11.12.2020 2780 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Холид ибн Суфён Ҳузалий исмли одам Мадинага бостириб бориш ниятида лашкар тўплади. Ҳузайл қабиласи Маккага яқин жойда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид Ҳузалийни ўлдириш учун Абдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳуни юбордилар. Холид ўлдирилди, жамлаган одамлари эса тарқалиб кетишди.

Абу салама сарийяси

Муҳаррам ойида мушрикларнинг Бану Асад қабиласи Тулайҳа ибн Хувайлид раҳбарлигида Мадинага бостириб боришни режалаштириб турган бир пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг юртига Абу Салама розияллоҳу анҳу бошчилигида сарийя юбордилар. Душман қочиб кетди ва мусулмонлар ўлжаларни қўлга киритдилар.

Ражийъ фожиаси

Сафар ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Ҳун ибн Хузайма қабиласининг Азал ва Қора уруғларидан баъзи кишилар келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг ичимизга саҳобаларингиздан юборинг, бизга динни ўргатишсин», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ибн Исҳоқ ривоятига кўра, уларга саҳобаларидан олти кишини қўшиб жўнатдилар.

Макка билан Усфон ўртасида жойлашган Ражийъ деган жойга етганларида Азал ва Қора уруғларининг хиёнаткор экани ойдинлашди. Бир қанча қуролли кишилар мусулмонларни ўраб олишди. Мусулмонлар қуролларини қўлга олиб, ўзларини ҳимоя қилишга шайландилар. Шунда мушриклар: «Биз сизларга аҳду паймон берганмиз, сизларни ўлдирмаймиз», дейишди.

Мусулмонлар иккига бўлиндилар. Марсад ибн Абу Марсад, Осим ибн Собит ва Холид ибн Букайр розияллоҳу анҳум: «Биз ҳеч қачон мушриклардан аҳд ҳам, паймон ҳам қабул қилмаймиз», дедилар ва жанг қилиб ҳалок бўлдилар.

Ушбу уч шаҳиднинг бири – Осим ибн Собит розияллоҳу анҳу Уҳуд урушида қурайшлик бир аёлнинг икки ўғлини ўлдирган эдилар. Ўша аёл агар имконини топса, Осим ибн Собитнинг бош чаноғида хамр ичишни назр қилган эди. Осим розияллоҳу анҳу ўлдирилганида, ўша аёл унинг бошини беришларини сўраб келди. Одамлар Абу Суфёнга: «Ўз амакиваччангнинг бошини бундай қилишларига йўл қўйма», дея илтимос қилишди. Аммо Абу Суфён Осимнинг бошини кесиб, ҳалиги хотинга беришга амр қилди. Аллоҳ таоло эса Осим розияллоҳу анҳунинг бошларини Ўзи ҳимоя қилди. Бошни кесиб олмоқчи бўлганларида бир тўда арилар учиб келиб, бу ишни қилишга йўл қўймади.

Мушриклар қолган уч киши – Абдуллоҳ ибн Ториқ, Хубайб ибн Адий ва Зайд ибн Дасинналарни асир қилиб олишди ва уларни сотиш учун Макка сари олиб кетишди.

Макка яқинидаги Заҳрон деган жойга етганларида Абдуллоҳ ибн Ториқ розияллоҳу анҳу қўлини бўшатиб, қиличини олишга муваффақ бўлди. Аммо мушриклар билиб қолиб, у кишини ўлдиришди.

Хубайб ибн Адийни Ҳорис ибн Аммор ибн Навфалнинг ўғиллари оталарининг ўчини олиш учун сотиб олишди. Хубайб уларнинг отасини Бадр урушида ўлдирган эди. Улар Хубайб розияллоҳу анҳуни турли азобларга гирифтор қилишди. У киши эса ҳамма азоб-уқубатларни сабр билан қарши олдилар. Кўнгилларини тўқ қилиб, сабр-бардош намуналарини кўрсатдилар. Охири у кишини осиб ўлдиришга тайёргарлик кўра бошлашди. Шунда Хубайб розияллоҳу анҳу уларга: «Агар маъқул кўрсангиз, менга икки ракъат намоз ўқиб олишга ижозат беринглар», дедилар. Улар: «Майли, ўқиб ол», дейишди.

У киши яхшилаб икки ракъат намоз ўқидилар ва жаллодларга қараб кулимсираб: «Аллоҳга қасамки, агар «Ўлимдан қўрқяпти» де­йишларингни ўйламасам, кўпроқ намоз ўқиган бўлар эдим», дедилар.

Мушриклар Хубайб розияллоҳу анҳуни осиш учун бўйинларидан боғлашди. Шунда у киши: «Аллоҳим, биз расулингнинг рисолатини етказдик, бугун бизни нима қилишаётганини у зотга Сен Ўзинг етказгин. Аллоҳим, уларнинг ададини санаб қўйгин. Ҳаммасини парчалаб, ҳалок қилгин. Улардан биттасини ҳам қўймагин», дедилар ва қуйидаги байтни айтдилар:

«Ўлдирилсам муслимона, чиқса жон Аллоҳ учун,

Қилмагум парво, бу жонсиз жисм қай ён-ла қулар!

Буки бўлди ҳақ Илоҳ йўлида, бас, У хоҳласа,

Парча-парча гўшт бўғимларга мубораклик берар!»

Худди ўша куни Хубайб розияллоҳу анҳунинг шериклари Зайд ибн Дасинна розияллоҳу анҳуни ҳам Умайя ибн Халафнинг ўчини олиш учун бошқа бир мушриклар гуруҳи осиб ўлдиришди. Мушриклардан бир қанча одам томоша учун дор тагига тўпланган эди. Зайд розияллоҳу анҳу сабр билан, хотиржам ва хушвақт турар эдилар. Мушрикларнинг бошлиғи Абу Суфён у кишига қараб: «Эй Зайд, Худо ҳаққи, ростини айт! Ҳозир Муҳаммад бизнинг қўлимизда бўлиб, сен ўз аҳлинг билан бўлишни хоҳлармидинг?» деди.

Зайд розияллоҳу анҳу бунга жавобан: «Аллоҳга қасамки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳозирги жойларида тикан киришини ҳам ўзимнинг аҳлим ичида ўтиришимга алмаштирмайман», дедилар.

Шунда Абу Суфён: «Мен бировни унинг асҳоблари Муҳаммаднинг асҳоблари Муҳаммадни севганларичалик севганини кўрмаганман», деди.

«Ислом тарихи» биринчи китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мушрикларнинг тазйиқи остида қолган мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳижратга изн сўрай бошладилар, чунки улар Ясрибда ўз диндошлари уларга давоми...

3362 11:30 / 28.05.2020
Ташаббускор ва масъулиятни чуқур ҳис қиладиган инсон Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кечалари ҳеч кимга билдирмай, одамларнинг ҳолларидан хабар олишни ҳам давоми...

1997 12:25 / 24.08.2024
1498 йил бундан 523 йил олдин ndash тарихчи Хондамирнинг маълумот беришича, Пули чироғ дарасида Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўттиз ёшли ўғли давоми...

8144 11:30 / 26.04.2021
Вақт ўтиши билан Ислом жамияти ҳар томонлама ривожланиб борарди. Чегаралар, вилоятлар, амирлар ва бошқаларнинг сони тезлик билан ортиб бормоқда эди. Девонлар давоми...

3511 15:43 / 19.07.2024
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021