1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Маккада Худоёрхон билан қандай воқеа содир бўлган?

11:30 / 26.04.2021 8127 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1498 йил (бундан 523 йил олдин) – тарихчи Хондамирнинг маълумот беришича, Пули чироғ дарасида Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг ўттиз ёшли ўғли Бадиуззамон ўртасида қаттиқ жанг бўлди. Ота ва ўғил ўртасидаги уруш Султон Ҳусайннинг ғалабаси билан тугади. Бадиуззамон Қундуз томон чекинди. Бу ҳақда тарихчи Хондамир қуйидагича ёзади:

«Ана шу аҳвол асносида хислати мақтовга сазовор хоқон (Султон Ҳусайн) ўзининг иқболли соясини ана шу маъракага туширди. Бадиуззамон мирзонинг кўзлари подшоҳ байроғининг моҳчасига тушиши билан ўзини йўқотди ва шу тарзда отага қарши туришни ҳурмат юзасидан ақлга сиғмайдиган иш деб ҳисоблаб, ихтиёр ва зарурат юзасидан жанг майдонини ташлаб чиқди ва юзини чекиниш водийсига қаратди...»

1879 йил (бундан 142 йил олдин) – «Туркистон вилоятининг газети»да Қўқоннинг собиқ хони Худоёрхон ҳақида хабар босилди. Бу вақтда Худоёрхон Оренбург сургунидан қочиб Яқин Шарқда юрган эди. У ҳукмронлик қилган Қўқон хонлиги ҳам руслар томонидан тугатиб юборилганди. Адабиётшунос ва тарихчи Шариф Юсуповнинг қайд этишича, хабарда бундай дейилган:

«Ушбу яқинда Макка мазмаъидин қайтиб келган бир ҳожи Худоёрхон тўғрисида айтган хабаридан зоҳир бўладурки, ушбу йил Худоёрхон Макка мазмаъиға бориб ҳаж қилғон экан. Худоёрхон хонлиғ вақтида бир кишини шаҳардан бадарға айлаб, тасарруфидаги амволларини хазинага олиб, ўзини ҳайдаб юборгандин сўнг ул бечора ночор ҳажға бориб, бир неча йилдин буён ўша тарафларда турғон экан.

Чун Худоёрхон ҳаж учун Макка мазмаъиға борганда, ул киши Худоёрхонни кўруб: «Эй ноинсоф, манга мунча жабр-зулм қилиб, ахийри ўзунгнинг ҳам ахволинг шул бўлдиму?» – деб тош бирла оғзига уруб, Худоёрхонни тишини синдирибдур. Баъдаз он хон ўшал ерни улуғларига арз қилиб, урган киши билан тафтишга тушган экан. Аммо ишлари нечук бўлуб битушгани маълум эмасдур. Ба ҳар тақдир худ шу кунларда Худоёрхоннинг ўзи Шом шаҳрида турган эмиш».

Бироқ ўзбек маърифатпарвари, шоир Исҳоқхон Ибратнинг ёзишича, воқеанинг якуни газетадаги хабардан бошқачароқ бўлган. Газетада ёзилганидек, у ўша ернинг улуғларига арз қилиб, урган киши билан тафтишга тушмайди, балки Маккадаги жазо идоралари айбдорга тўрт йиллик қамоқ жазоси белгилаганда, собиқ хон унинг гуноҳидан кечганлигини айтиб бу жазо юмшатилишига эришади.

1917 йил (бундан 104 йил олдин) – «Улуғ Туркистон» газетасининг биринчи сони чиқди. Обуна учун «ғазитанинг баҳоси йиллиқ 7 сўм, олти ойлиқ 4 сўм, уч ойлиқ 2 сўм 25 тийин» нарх белгиланган. Газета 4 саҳифадан иборат бўлиб, унинг биринчи бети юқори қисмида эълон (реклама) ундан сўнг куннинг энг муҳим воқеаси баён этилиб, кейинги саҳифаларда «Телеграф хабарлари», «Сиёсий аҳвол», «Адабиёт», «Доҳилия хабарлари», «Туркистон хабарлари», «Тошканд хабарлари» ва яна охирида эълонлар ўрин олган.

Манба: uza.uz

Алишер Эгамбердиев тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муртадларга қарши лашкар тайёрлашАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу юқорида зикр қилинган юришлардан кейин Мадинага қайтиб келдилар. Усома розияллоҳу анҳунинг давоми...

2409 14:12 / 14.01.2024
АББОСИЙЛАРНИНГ МУҲИМ ВАЗИФАСИ. Аббосийларнинг давлат ичида низолар чиқаришга, ҳокимлар обрўйини тўкишга, қимматчиликка, араблар билан мусулмонлар, яъни давоми...

10856 05:00 / 24.02.2017
Юсуф алайҳиссаломнинг насаблари ҳақидаги энг ажойиб гап Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги сўзларидир.У давоми...

3902 19:45 / 02.03.2019
ҳижрий 41ndash132 милодий 661ndash750 Умавийлар халифалиги даври рошид халифалик тугагандан сўнг, ҳижрий 41 йил милодий 661 йил Рамазон ойида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу давоми...

2066 11:44 / 22.01.2025
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151232 14:35 / 11.08.2021