1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Муҳаббатнинг ҳақиқати нимадан иборат?

11:00 / 19.09.2021 3682 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

لَيْسَ الْمُحِبُّ الَّذِي يَرْجُو مِنْ مَحْبُوبِهِ عِوَضًا أَوْ يَطْلُبُ مِنْهُ غَرَضًا، فَإنَّ الْمُحِبَّ مَنْ يَبْذُلُ لَكَ، لَيْسَ الْمُحِبُّ مَنْ تَبْذُلُ لَهُ.

Маҳбубидан эваз умид қилган ёки ундан ғараз талаб қилган муҳаббатли эмас. Албатта, муҳаббатли сенга кўп нарса берадиган кимсадир, сен унга кўп нарса берадиган кимса эмас.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматда муҳаббат ҳақидаги маълумотларни қуйидагича ифода этади.

Бу дунёдаги муҳаббатларнинг кўпчилиги ҳақиқий эмасдир. «Муҳаббат» сўзини мазкур ҳақиқий бўлмаган муҳаббатларга нисбатан ишлатиш барчага одат бўлиб қолган. Аслида мазкур муҳаббатни даъво қилаётганлар бошқанинг эмас, ўзининг муҳаббатига мубтало бўлганлардир. Мисол учун, мен бир одамга муҳаббатим борлигини даъво қилсам, нима учун унга муҳаббатим борлигини сўрашганда, «Мени ҳурмат қилгани учун, менга совға бергани учун ёки мени ёмонлардан ҳимоя қилгани учун унга муҳаббат қиламан», десам, маҳбубга эмас, ўзимга муҳаббат қилган бўламан. Чунки бировга ўзимга етадиган эваз ёки фойда учун қилган муҳаббатим ўзимнинг фойдамга ишламоқда.

Аслида «муҳаббат» сўзи қандай маънони ифода қилади? Унинг ҳақиқати нимадан иборат?

Муҳаббатнинг ҳақиқати маҳбубнинг жамоли қалбнинг ҳаббаси – асл нуқтасидан тутиб олишидир. Шунда қалбда маҳбубдан ўзгага ҳеч нарса қолмайди. Бинобарин, қалб учун маҳбубнинг ризосидан ўзга ғараз қолмайди. Ўша нарса у рағбат қилган нарсанинг айни ўзи бўлади. Шунда у ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам унутиб, фақат маҳбубнигина эслайдиган бўлади.

Бас, ким Аллоҳ таоло ҳақида маърифат ҳосил қилганини ва мазкур маърифат уни Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг муҳаббатига элтганини даъво қилса-ю, қалбида У Зот таолодан ўзганинг муҳаббатидан заррача қолса, даъвоси ботил бўлади.

Ушбу ҳақиқатни Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги иборалар билан баён қилмоқда:

«Маҳбубидан эваз умид қилган ёки ундан ғараз талаб қилган муҳаббатли эмас. Албатта, муҳаббатли сенга кўп нарса берадиган кимсадир, сен унга кўп нарса берадиган кимса эмас».

Бу жумладаги «эваз»дан мурод банданинг ўзи адо этган тоатига Аллоҳ таолодан ажру савоб кутишидир. Тасаввуф адабиётида «эваз» ва «ажр» сўзлари бир-бирининг ўрнига ишлатилади.

Ушбу жумладаги «ғараз»дан мурод банданинг ўзи адо этган тоати учун Аллоҳ таоло унга нафси хоҳлаган дунёвий мартабалар, бойлик ва дабдабага сабаб бўладиган мукофотлар беришини талаб қилишдир.

Демак, банданинг ўзи адо этган тоати учун Аллоҳ таолодан ажру савоб кутиши ва Аллоҳ таоло унга иштаҳаси тортган дунёвий мартабалар, бойлик ва дабдабага сабаб бўладиган мукофотлар беришини талаб қилиши унинг Ҳақ субҳанаҳу ва таолога муҳаббати борлигининг аломати эмасдир.

Аллоҳ таоло ҳақида ҳақиқий маърифат ҳосил қилиши оқибатида У Зотга ҳақиқий муҳаббат қилган банда фарз ва вожиб ибодатларни сидқидилдан адо этади, У Зотга қурбат ҳосил қилиш йўлида ҳеч нарсани аямайди, булар учун охиратда ажр ҳам, бу дунёда мукофот ҳам кутмайди. Мазкур тоатларни Ҳақ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатига вафо қилгани учун адо этади.

Аллоҳ таоло барчамизга маҳбубидан эваз умид қилган ёки ундан ғараз талаб қилган муҳаббатли эмаслигини, албатта, муҳаббатли бизга кўп нарса берадиган кимса эканини ва биз унга кўп нарса берадиган кимса эмаслигини англаб етишни ва шунга мувофиқ амал қилишни насиб этсин!

«Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобидан олинди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фарзандингизга болалигида Қуръон ўқитинг. Унинг қалбини Қуръони Карим ила мунаввар қилинг. Ундан кейин уни ҳар қандай ишга қўйинг, иншааллоҳ ва яна иншааллоҳ, давоми...

1888 14:17 / 03.12.2024
Эрхотин янги маҳаллага кўчиб ўтдилар. Эртаси куни улар нонушта қилиб ўтирганларида аёл қўшни хотиннинг ювилган кийимларни дорга илаётганини деразадан кўриб давоми...

2340 18:40 / 04.01.2023
Ҳикоя қилинишича, бир подшоҳ туш кўрибди. Унинг тушида барча тишлари олдида тўкилиб кетган эмиш. У томоша қилиб ўтирган эмиш. Подшоҳ таъбирчиларнинг биридан давоми...

3028 17:01 / 09.03.2022
Оила қуриш арафасида турганлар учун 16 соатлик ўқув курслари ташкил этилаётган эди. Ҳозир фаолият юритяптими ёки йўқми, билмадим.Аммо рақс тўгарагига йигит билан давоми...

2942 10:00 / 26.02.2022
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021