1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Бану Назир ғазоти

15:00 / 05.01.2021 2803 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом дини жорий этила бошлаган даст­лабки пайтда яҳудийлар Ясриб (Мадина) шаҳрида, шунингдек, Хайбар, Фадак ва бошқа шаҳарларда истиқомат қилишар эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Ясрибга ҳижрат қилиб келганларидан сўнг улар билан қўшни бўлиб яшай бошладилар.

Ўша пайтда Мадина яҳудийлари учта қабила эдилар: Бану Қайнуқоъ, Бану Назир ва Бану Қурайза.

Бану Назир қабиласи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан урушмаслик, бир-бирига озор етказмаслик ва Пайғамбаримизнинг душманларига ёрдам бермасликка келишиб, у зот билан иттифоқчилик шартномаси тузди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр урушида ғолиб келгач, улар: «Тавротда сифати келган пайғамбар шу бўлса керак, унинг байроғи ҳеч қачон паст бўлмайди», деб юришди. Бироқ Уҳуд урушида мусулмонлар мағлуб бўлганларидан сўнг Бану Назир қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қилинган шартномани бузиб, у зот алайҳиссаломга очиқ-ойдин хиё­нат қилиш йўлига ўтиб олишди.

Воқеа қуйидагича содир бўлган:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирлари – Амр ибн Умайя Зомрий розияллоҳу анҳу «Биъру Маъуна» фожиаси ҳақида у зотга хабар бериш учун Мадинага келаётганларида йўлда янглишиб, Бану Килоб қабиласидан икки кишини ўлдириб қўйдилар. Рабиъул аввал ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келишилган аҳдномага биноан, ўлдирилган кишиларнинг хунини тўлаш учун Бану Назир қабиласининг чекига тушадиган ҳиссани олишга бордилар ва улар яшайдиган уйлардан бирининг девори тагида ўтирдилар.

Яҳудийлар томдан келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига катта бир харсанг тошни ташлаб ўлдирмоқчи бўлишди. Шунда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳга бу фитнанинг хабарини етказди ва у зот бирдан ўринларидан туриб, Мадинага қараб жўнадилар. Саҳобалар ҳам у зот билан бирга қайтишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларнинг жинояткорона бу ҳаракатидан сўнг уларга қарши уруш очишга қарор қилдилар. Саҳобаларини урушга тайёргарлик кўришга буюрдилар.

Мусулмонлар етиб келишганда, Бану Назир ўз қўрғонлари ичига беркиниб олган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан қўрғонларини ташлаб, ўн кун муддат ичида Ясрибдан чиқиб кетишларини талаб қилдилар. Яҳудийлар ўзларининг кучсиз эканларини сезиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмларига бўйсунишдан ўзга чора топа олишмади.

Лекин Бану Авф қабиласига мансуб бир гуруҳ мунофиқлар Ибн Салул бошчилигида уларга: «Собит туринглар, биз сизни ёлғизлатиб қўймаймиз. Агар сизга қарши уруш бўладиган бўлса, биз сизлар билан биргамиз. Агар сизлар Ясрибдан қувиб чиқариладиган бўлсангиз, бирга чиқамиз», деб хабар юборишди.

Бану Назир қабиласи жойлашган қўрғонлар жуда ҳам мустаҳкам бўлиб, уни қисқа муддатда ишғол қилиш амримаҳол эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг хурмоларини кесиб, қўрғон атрофига йиғишга ва ўт қўйишга буюрдилар. Яҳудийлар олов ўртасида қолишди. Энди улар учун фақат икки йўл қолган эди: ё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг талабларига кўниш ёки қўрғондан чиқиб, уршиш.

Улар биринчи йўлни танлашди. Олти ёки ўн беш кунлик қамалдан сўнг Бану назирликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан гуноҳларини кечишни ва кўчиб кетишга изн беришни сўрашди. Ҳар бир киши қурол-яроғдан ташқари, мол-мулкидан бир туядан юк оладиган бўлди. Сўнг Ясрибни тарк этиб, Хайбар шаҳрига, баъзилари Шом ўлкасига жўнаб кетишди.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида Бану Назир қабиласининг хиёнатини баён этган. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу сурани «Бану Назир сураси» деб ҳам атаганлар.

«Ислом тарихи» биринчи китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ана шундай оғир бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан бошқа ерда ҳам Ислом даъватини қилиб кўриш ҳақида ўйлай бошладилар. Бу жой ўша пайтларда давоми...

7569 19:03 / 25.03.2020
Яҳё алайҳиссалом Закариё алайҳиссаломнинг ўғиллари эканини юқорида айтиб ўтдик. Бу икки зот Бану Исроилнинг охирги набийларидан бўлганлар. Улар ўз қавмларидан давоми...

9074 14:40 / 26.04.2019
Кавказ ҳақида фикр юритар эканмиз, бунда Осиё билан Европа ўртасида жойлашган, ғарб томони Қора денгиз, шарқ томони эса Каспий денгизи билан чекланган тоғли давоми...

4971 17:00 / 08.06.2022
ҳижрий 41ndash60 милодий 661ndash680 Абдурраҳмон ибн Абу Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан давоми...

2455 09:39 / 01.02.2025
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021