1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом ана шундай ажойиб дин

11:00 / 15.06.2022 6663 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мукаммал саодат йўли» китобини ёзиб битиргандан сўнг «Хотима» сарлавҳасини ёзиб, бошқа нарса ёзмасдан, тарк қилган эдим. Хотима кейинроқ ёзилар, деган фикр бор эди. Китобнинг таҳрири тамом бўлганидан сўнг муҳаррир қилган ишларни кўргач, мулоҳазаларни ҳисобга олиб, баъзи аниқликлар киритиб, охиригача келдим. Шунда «Хотима» деган сарлавҳа яна кўз ўнгимда намоён бўлди. Табиий ҳолда «Нима қилиш керак?» деган савол кўндаланг бўлди. Сарлавҳани ўчириб қўйсаммикан, деган фикр бир оз ўйлантирди. Кейин қисқача бўлса ҳам, бир нарса ёзиш керак, деган фикр такрор-такрор хаёлга келди.

Ва ниҳоят, Ислом динидан бехабар бўлган икки кишининг оз бўлса-да, ундан хабардор бўлгач, бу динга кирганларидан сўнг эришган бахти ҳақидаги ўзим эшитган ва қаттиқ таъсирланган икки ҳикояни тақдим қилиш истаги туғилди.

Зотан, китобимизнинг бош мавзуси ҳам инсонларни Ислом билан таништириш, унинг ҳақиқатидан хабардор бўлишга чақириш, ким бўлишидан қатъи назар, бугунги кун кишиси Ислом билан тўғри шаклда танишса, албатта фойда олишини таъкидлашдир.

Ҳикоя бугунги кунимизда, Тошкент шаҳрида жойлашган шифохоналардан бирида бўлиб ўтган. Иттифоқо, шифохонага даволаниш учун келган икки киши бир хонага жойлашибдилар. Улардан бири – ёши ўтиб қолган рус миллатига мансуб киши, иккинчиси – ўзбек миллатига мансуб ёшроқ инсон.

Икки бемор бир хонада даволана бошлаганлар. Орадан бир муддат ўтгандан сўнг рус киши ўзбек йигитдан:

«Нима учун сени кўргани жуда кўп одамлар келишяпти?» деб сўрабди.

«Биз мусулмонмиз. Динимиз беморларни зиёрат қилишга, улардан ҳол сўрашга чақирган ва бу иш учун савоб берилишини таъкидлаган», – дебди йигит.

«Менимча, бошқа мусулмон беморлардан кўра сенинг ҳузурингга зиёратчилар кўпроқ келишяпти», – дебди рус миллатига мансуб бемор.

«Менинг диний илмим бор, шогирдларим ҳам келиш­япти», – дебди қори йигит.

Ушбу суҳбатдан кейин уларнинг орасида савол-жавоблар, сўраб-суриштиришлар бўлиб турибди. Рус миллатига мансуб бемор ўзини қизиқтирган саволларга қониқарли жавоблар олишга сазовор бўлибди. Ўзбек миллатига мансуб бемор ўз дини ҳақида билганларини айтиб берибди.

Кўп ўтмай, рус миллатига мансуб бемор мусулмон бўлиш истагини билдирибди. Аллоҳ таоло унга шаҳодат калималарини нутқ қилиб, мўмин-мусулмон бандалардан бўлиш бахтини ато этибди. Фурсати етганда намоз ўқишга тайёргарлик кўрилибди.

Билимли мусулмон янги мусулмонга керакли маълумот ва таълимотларни тақдим қилибди. Таҳоратлар олиниб, жойнамозлар солинибди. Билимли мусулмон имом бўлиб, янги мусулмон иқтидо қилиб, намоз ўқиш бошланибди. Такбири таҳрима айтилиб, қулоқ қоқилибди. Қироат қилиниб, рукуъга, сўнгра саждага кетилибди. Имом саждадан кейинги ракъатга турибди. Аммо иқтидо қилган янги мусулмон турмабди. Имом шошилиб, салом бериб, қараса, янги мусулмон Ўз Роббига жон таслим қилган экан...

Бу ажойиб ҳикояни бизга айтиб бераётган ибодати, тақвоси билан танилган инсон «жон таслим қилган экан» деган иборани айтиши билан кўзидан дув-дув ёш тўкиб, йиғлаб юборди. Бу йиғи оддий йиғи эмас эди. Бу йиғи йиғиларнинг ичида тенги йўқ йиғи эди. Бу йиғи ҳавас йиғиси эди. Ҳа, ота-бобосидан тортиб, мустаҳкам эътиқодли, бардавом ибодатли сулола фарзандининг янги мусулмон бўлган, Роббига биринчи сажда қилиш жараёнида жон таслим қилган саодатманд инсонга ҳавас қилиб йиғлаши эди. У ўша умридаги биринчи саждаси пайтида Роббига жон таслим қилган, абадий саодатга аниқ ишонган кекса ёшдаги янги дин қардошига ҳавас қилиб йиғлаётган эди. Ўзининг оқибати нима бўлишини билмагани учун янги диндошига ҳавас қилиб йиғлаётган эди.

Ҳа, Ислом ана шундай ажойиб дин. Инсонларга икки дунё саодатини тақдим қиладиган дин. Фақат инсонларнинг ўзлари бу диндан бехабар қолиб, бахтдан мосуво бўладилар, холос.

«Мукаммал саодат йўли» китобидан

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Робиъ ибн Сулаймон айтади .Муҳаммад ибн Идрис Сулаймон Шофиъий Рамазон ойида Қуръонни олтмиш марта хатм қилар эди. Барча хатмни намозда қилар эди,.Имом Шофеъий давоми...

1949 08:30 / 10.05.2020
Аллоҳ таоло еру осмонларни яратиб, қуёш ва ойни йил ва ойкунларни ҳисобкитоб қилиш асоси қилиб белгилаганида ойларни ўн иккита бўлишини ирода қилди. У Зот бу ойлар давоми...

2609 10:00 / 22.04.2020
Исломда болалар тарбияси отаонанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. давоми...

13632 20:00 / 23.12.2018
Зиёд ибн Ҳасандан ривоят қилинади .Мен Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ ўғли Абдулмаликни кўмаётганини кўрганман. Умар ўғлининг устига тупроқ тортди. Одамлар давоми...

3323 07:00 / 20.12.2018
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021