1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Кўчат экувчилар савоби

05:00 / 04.03.2017 6737 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мақоламизда деҳқончилик, хусусан кўчат экиш фазилати ва унинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Муслим ривояти).



Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.

Бошқа бир ривоятда “Агар мусулмон банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган (Муслим ривояти).

Демак, киши эккан дарахти бошқалар томонидан истеъмол қилинса ҳам, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, унинг ҳаққига савоб ёзилиб турилар экан.

Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимиз Исломда бундай ишлар қадрланади.

Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди” (Аҳмад ривояти).

Ҳикматда айтилади: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кирар, у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан. Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик!

Одилхон Исмоилов (ТошкентшахарШайх Зайниддин жомеъ масжиди имом хатиби)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Энам Тозагул момонинг айтганлариХудога минг қатла шукрки, биз невараларга бувимизнинг қартайиб, сочлари оқариб, кексалик гаштию азобларини тортаётганларини давоми...

3374 15:00 / 15.08.2021
Ўзининг каломи шарифида Эй иймон келтирганлар Албатта, хамр, қимор, бутлар ва фол очадиган чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, давоми...

5107 05:00 / 02.03.2017
Бу маънодаги тарафкашлик ўз қавми ёки тарафи фойдасига ноҳақдан тарафкашлик қилишдир. Восила ибн алАсқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг расули, давоми...

3743 05:00 / 02.03.2017
1Аллоҳга итоат қилувчи ва дунёда бахту саодатга эришган. 2 Аллоҳга итоат қилувчи ва дунёда бахтсиз. 3Аллоҳга осий дунёда бахтли. 4Аллоҳга осий дунёда бахтсиз. давоми...

10843 13:04 / 13.01.2018
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021