1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Вазирлар саййиди — Абу Наср Муҳаммад ибн Мансур

18:00 / 25.07.2021 2344 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Буюк вазир, салтанат устуни Абу Наср Муҳаммад ибн Мансур ибн Муҳаммад Кундурий. Султон Туғрулбекнинг вазири.

Улуғлик, саховатпешалик, паҳлавонлик, китобатда замоналарининг ягоналаридан. Муҳаммад ибн Собий «Тарих» китобларида, Али ибн Ҳасан Бохарзий «Думя» китобларида у кишини Мансур ибн Муҳаммад номи билан зикр қилганлар. Муҳаммад ибн Абдулмалик Ҳамадоний эса у кишини Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Мансур деб атаганлар.

Кундур – Найсобурнинг қишлоқларидан. 415 йили Кундурда таваллуд топганлар.

Фиқҳни ўрганганлар, шеъриятдан таълим олганлар. Шаҳар раисига котиб бўлганлар. Сўнгра Хоразмда волийлик қилиб, катта обрў-эътиборга эришганлар. Кейинчалик султонга қарши чиқиб, Хоразм шоҳининг аёлига уйланганлар. Султон ҳийла билан у кишини қўлга тушириб, аёлига уйлангани боис ахта қилдирган. Кейин яна раҳми келиб, уни даволатиб, ўзига вазир қилиб олган. (Бошқа манбаларда айтилишича, душманлари кўра олмасдан, шоҳга бу ҳақда нотўғри маълумот етказишган. У зоти шариф шоҳнинг важоҳатидан қўрқиб, ўзларини ахта қилдирганлар. Бундан хабар топган шоҳ у кишидан кечирим сўраган ва тузалгунларига қадар даволатган.)

Бағдодга кўчиб ўтгач, халифа Қоим биамриллоҳ томонларидан у кишига «Саййидул вузаро» (Вазирлар саййиди) лақаби берилган. Назм ва насрлари бор.

Туғрулбекнинг вафотидан кейин Алп Арслонга бир муддат вазирлик қилганлар, сўнгра бу вазифадан четлаштирилганлар.

Айтишларича, бир аъробий қиз кўпчилик олдида у кишига атаб қўшиқ куйлаган. Кундурий қувониб, унга икки минг динор ва совғалар берганлар. Эртасига: «Кеча бўлиб ўтган мажлиснинг каффорати ўша қизга қанча ҳадя этган бўлсам, Аллоҳ йўлига шунча молни садақа қилишимдир», – деган эканлар.

Кундурий айтганлар: «Салжуқий ҳукмдорлар соясида саодатманд бўлдим: Туғрулбек дунёвий, Алп Арслон эса ухровий ишларни ўргатди».

Тўққиз йил вазир бўлганлар. Охирида у кишининг барча моллари, шу жумладан 300 та қуллари ҳам мусодара қилинган. Ўзларини дорга осиб ўлдиришган, узилган бошларини шаҳар бўйлаб айлантиришган. Кундурийнинг бирор жиноятга қўл урганлари ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ. Лекин подшоҳнинг ғазабидан у киши шунга дучор бўлганлар. 456 йилнинг зулҳижжа ойида 42 ёшда Мараврузда ўлдирилганлар.

Беҳуда миш-мишларга қараганда, у зот шофеъий мазҳабидагиларни камситиб, ҳанафий мазҳабидагиларни қўллаб-қувватлаганлар. (Ибн Халиконнинг Самъонийдан қилган ривоятларига кўра, зикр этилган ушбу маълумот у қадар тўғри эмас. Чунки Кундурий шофеъий мазҳабининг улуғларидан имомул ҳарамайн Абул Маъолий Жувайний билан дўст бўлганлар ва у зотга кўп эҳтиром кўрсатганлар).

У кишидан кейин Низомулмулк вазирлик қилганлар.

«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саудия Арабистони ўзбекларидан бўлган шайх Мансур Абдулбоқий Бухорий 1971 йил Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида туғилган. Унинг оиласи Андижондан 1927 йили давоми...

2659 13:30 / 19.08.2022
Манбаларда келтирилишича, Қўқон хони Шералихон 17971845 тахтга келгунга қадар Қирғизистоннинг Талас водийсида тоғасининг қўлида улғаяди. У болалигидан қирғизлар давоми...

2651 11:27 / 01.01.2022
Фақиҳ, аллома, муфтий Абул Ҳасан Али ибн Иброҳим ибн Насрувайҳ ибн Сахтом ибн Ҳарсама Ғаззий Самарқандий Ҳанафий.Умрларининг охирида ҳаж қилганлар.Бағдод ва давоми...

2438 15:00 / 13.12.2020
Марказий Осиёнинг етук уламоси, Қирғизистоннинг биринчи муфтийси бўлган Кимсанбой ҳожи Абдураҳмонов 1940 йил 10 июль куни Фарғона вилоятининг Янгиобод қишлоғида давоми...

2547 19:12 / 23.11.2022