1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Дунёдаги яхши хотинлар (биринчи мақола)

11:30 / 21.08.2021 3303 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исо алайҳиссаломнинг оналари Марям Имрон қизини ёшликларида Аллоҳ таолонинг Ўзи поклади, тарбиялади, бўйга етганларида Жаброил алайҳиссалом: «Албатта Аллоҳ таоло сенга отасиз бир ўғилни ризқ қилиб бермоқчи», дедилар. Марям Аллоҳнинг қазо ва қадарига таслим бўлдилар. Аллоҳнинг мўъжизаси билан муборак ўғил туғилди! Румон — золим подшоҳ болани ўлдирмоқчи бўлди. Марям онамиз яҳудлар билан бирга болани олиб бу ердан кетдилар. Исо алайҳиссалом йигит бўлиб бўйга етганларида Фаластинга оналари билан қайтиб келдилар. Бу давлатга, яъни Бани Исроилга Набий, Пайғамбар бўлгандилар. Яҳудлар у зотни ўлдирмоқчи бўлишди. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини самога кўтарди. Марям онамиз бир оз муддат яшаб вафот этдилар ва Дамашққа дафн этилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта Марям дунё хотинларидан яхшироқдир», «Дунёдаги яхши хотинлар Марям, Осиё, Хадича, Фотимадир», «Эркакларнинг комиллари кўп, лекин аёлларнинг комиллари Марям, Осиёлардир!»

Марямнинг туғилишлари 

Шом шаҳрида, муборак Фаластин ерида Бани Исроил ниҳоятда изтироб ва фасодга тўла ҳаёт кечирарди.

Бани Исроилда ҳам солиҳ инсонлар бор эди. Улар ҳақ диннинг амрларини тарғиб этишарди, Масжидул Ақсода ибодат қилишарди, Таврот ўқишарди. Қавмнинг солиҳ Имрон ибн Мотон ибнул Маозир деган имомлари бор эди. Уларнинг насаблари Сулаймон ибн Довуд алайҳиссаломга бориб тақалади.

Имрон Бани Исроилнинг солиҳа аёли Ханна бинти Фоқузга уйланди. Улар бир неча йил фарзанд кўрмадилар. Бир куни Ханна дарахт тагида ўтирганди, дарахт устидаги бир қуш учиб келиб, инидаги боласига тумшуғидаги таомни едирди. Буни кўриб Ханнанинг қалби болани қўмсади. Аллоҳ таолога муножот этиб, бир бола беришини сўради.

Агар Аллоҳ таоло фарзанд берса, Байтул-Муқаддасга хизмат қилиш учун беришини ният қилди. «(Эй Муҳаммад), Имроннинг хотини: «Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. Бас, (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта Сен эшитгувчи, билгувчисан», деганини эсланг!» (Оли Имрон сураси, 35-оят).

Ханна бир оз вақтдан кейин ҳомиладор бўлди, лекин Имрон бола туғилмасидан олдин вафот этди. Ханна ширингина бир қиз туғди. Қизини назрга атагани эсига тушди, ваъдасига вафо қилишни ният қилди. «Кўзи ёригач эса, бундай деди:

«Парвардигоро, мен қиз туғдим,  ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билгувчироқдир ва (ҳар қандай) ўғил бу қиз каби (бу қизнинг ўрнини босгувчи) эмасдир, - «Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан» (Оли Имрон сураси, 36-оят).

Аллоҳ таоло Ханнанинг дуосини ижобат қилди. Марям ва ўғлини шайтоннинг ёмонлигидан сақлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ҳар бир одамни туғилаётганида шайтон ушлайди, лекин Марям ва ўғли бундан мустасно».

Муслим ривоятлари.

(Давоми бор)

«Мўминалар силсиласи» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугун баъзи аёллар уйларидаги оила сирларини кўчага олиб чиқяптилар. Номаҳрам эркаклар билан ижтимоий тармоқларда ёзишиб, эри, оиласи ҳақида шикоят давоми...

3867 14:00 / 24.05.2022
Қиссадан олинадиган ҳисса ушбу гўзал муҳаббат қиссаси шу мавзудаги кўплаб ҳикоялардан бир неча жиҳатлари ила фарқ қилади бу қисса хаёлий эмас, ҳаётийдир. Унинг давоми...

3108 10:26 / 28.01.2022
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо жамоатчилик ишларида ҳам, хусусан, аёлларга оид ишларга бошқош бўлар эдилар. Бу нарсани ўша пайтдаги баъзи бир маросимлар ҳақида давоми...

4971 21:05 / 11.12.2018
IМуҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик янги келган пайт. Маккаи Мукаррамада ҳамма ана шу ҳодиса ҳақида гапирмоқда. Жоҳилият одамлари асосан бу ишга давоми...

3800 13:50 / 19.01.2019
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021