1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Рибога йўл қидириш жоҳилликдир

17:00 / 21.12.2021 3680 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар орасида рибонинг тақиқланиши борасида ҳеч қандай ихтилоф мавжуд эмас ва барча йўналиш ва мазҳаблар рибонинг оғир гуноҳ эканлигига иттифоқ қилганлар. Ислом дининингнг асосий манбалари бўлмиш Қуръон ва Суннатда рибо очиқ-ойдин тақиқланган.

Жумладан, бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ الرِّبَا أَضْعَافًا مُّضَاعَفَةً وَاتَّقُواْ اللّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг. Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, зафар топсангиз. (Оли Имрон сураси, 130-оят)

Рибо ҳақида «Бақара» сурасида ҳам маълумотлар берилган. Бу оят:

«Эй иймон келтирганлар! Рибони бир неча баробар қилиб еманг», – дея жоҳилият вақтидаги бир ёмон ҳолатни алоҳида эслатмоқда.

Ҳофиз ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилишларича, берилган қарзнинг муддати тугаб қолганда қарз берувчи қарздорга: «Ёки қарзингни тўла ёки рибони кўпайтир», – дер экан. Тўласа, тўлади, бўлмаса, қарз муддатини чўзиш эвазига рибонинг миқдорини ҳам кўпайтирар экан. Ҳар йили шундай бўлаверганидан кейин рибо бир неча баробарга кўпайиб кетар экан. Ушбу ояти каримада ўша ҳолат муолажа қилинмоқда.

Нафси бузуқ баъзи кимсалар бу оятни ушлаб олиб, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Рибони бир неча баробар қилиб еманг», – деган. Демак, бир неча баробар оширмай, маълум фоиз еса бўлаверади, деган даъволарни ҳам қилишади. Бу жоҳилликдир, Аллоҳ ҳаром этган нарсани ўзига ҳалол қилиб олиш йўлидаги ғаразли ҳаракатдир. Ҳолбуки, ояти карима воқеъликдан келиб чиқиб, жоҳилият даврининг энг ёмон одатларидан бирини аста-секинлик билан муолажа этмоқда. Қолаверса, рибо ҳақида Қуръони Каримда фақат битта шу оятгина бор эмас, ахир. Рибонинг ҳаромлигини баён қилувчи асосий оятлар «Бақара» сурасида келган. Унда «Рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг», – дейилган.

Гуноҳни, жумладан, рибохўрликни ҳамма ҳам осонгина тарк қилавермайди. Бунинг учун аввало Аллоҳ таолога тақво қилиш лозим:

«Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, зафар топсангиз».

Албатта, Аллоҳга тақво қилган ва бу дунёю у дунёда нажот топишдан умидвор бўлган одамлар рибохўрлик қилмайдилар.

وَاتَّقُواْ النَّارَ الَّتِي أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِينَ

Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган оловдан қўрқинг. (Оли Имрон сураси, 131-оят).

Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзах оловидан қўрқадиган одам ҳам рибохўрлик қилмайди. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Бу оят Қуръони Каримдаги энг хавфли оятдир, чунки Аллоҳ мўмин бандаларга, агар улар Аллоҳ ҳаром қилган нарсадан четланмасалар, кофир бандалар учун тайёрланган дўзах ўтини ваъда қилмоқда», – дер эканлар.

Имом Насафий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам шу маъноларда: «Ушбу оятда Муржиъа мазҳабининг «Иймони бўлса, гуноҳ зарар қилмайди ва асло дўзахда азобланмайди», деган гапи мутлақо ноўрин эканига кучли далил бордир», – деганлар. Бу фикр эгалари айниқса, ҳозир кўпайган. Уларнинг кўпчиликлари ҳатто шаҳодат калималарини айта олмайдилар, аммо исмлари мусулмонча эканидан фахрланиб, жаннатнинг тўри меники, деб юрадилар.

وَأَطِيعُواْ اللّهَ وَالرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

Аллоҳга ва Расулига итоат этинг. Шоядки, раҳм қилинсангиз. (Оли Имрон сураси, 132-оят).

Яъни, «Аллоҳга ва Унинг Расулига ҳамма нарсада итоат этинг. Шоядки, ушбу итоатингиз раҳмат қилинишингизга сабаб бўлса».

Демак, рибо масаласида ҳам Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этиш лозим ва лобуддир.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Мулк сурасида шундай марҳамат қилади .Ва батаҳқиқ, Биз дунё осмонини чироқлар билан зийнатлаб қўйдик ва уларни шайтонларга отиладиган нарса ҳам давоми...

4651 10:03 / 23.02.2019
Қавминг уни ёлғонга чиқарди. Ҳолбуки, у ҳақдир. Сен .Мен устингизда вакил эмасман, Анъом сураси 66оят. .Ҳар бир хабарнинг ўз вақти бор. Тезда буни давоми...

756 19:00 / 20 январь
Аллоҳ таоло Жин сурасида шундай марҳамат қилади .Фақат Аллоҳдан Унинг рисолатларини етказиш, холос. Кимки Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, унга давоми...

4042 14:04 / 24.11.2018
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қалбларингиз касб қилган нарса учун тутадир. Ва давоми...

3653 11:08 / 08.02.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021