1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Савоб иш учун ўртага тушишдан орланманг!

09:00 / 09.01.2022 3014 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уҳуд ғазотида Абдуллоҳ ибн Ҳаром розияллоҳу анҳу шаҳид бўлди. У машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг отасидир. Абдуллоҳ ибн Ҳаром розияллоҳу анҳу Абуш Шаҳм номли яҳудийдан ўттиз васақ (1 васақ=130 кг) хурмо қарз олган эди. Жобир розияллоҳу анҳу отасининг қарзини тўламоқчи бўлди. Аммо хурмозор боғига қараб ҳосилнинг озлигини кўрди. Бу қарзни тўлашга етмас эди. Жобир розияллоҳу анҳу яҳудийнинг олдига келиб отасининг қарзини тўлаши учун унга муҳлат беришини сўради. Абуш Шаҳм муҳлат бермади. Жобир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб Абуш Шаҳмга айтишларини илтимос қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абуш Шаҳмнинг олдига келиб ундан Жобирга муҳлат беришини сўрадилар. Абуш Шаҳм бу муборак воситачиликни қабул қилмади. Шунда Набий алайҳиссалом Жобир розияллоҳу анҳу билан бирга унинг боғига бордилар. Хурмолар орасида юриб Жобир розияллоҳу анҳуга дедилар: «Мевани йиғиштир. Унинг қарзини бер!».

Жобир розияллоҳу анҳу пишган хурмоларни йиға бошлади. Ҳосилнинг кўплиги уни даҳшатга солди. Жобир розияллоҳу анҳу Абуш Шаҳмнинг ўттиз васақ қарзини берди. Ўзига ундан ҳам кўпроқ хурмо қолди. Сўнгра хушхабар бериш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди. Набий алайҳиссалом намоз ўқиётган эдилар. Намозларини тугатгач, у кишига бўлган воқеани айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу воқеани Умарга ҳам айтиб бер!», дедилар. Жобир розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдиларига бориб бўлган воқеани айтиб берди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у хурмозорда юрганларини кўрганимда у ерга барака тушишини билган эдим!», дедилар.

Агар бандаларнинг ҳаққи соқит бўлганида Аллоҳ йўлида жон берган мана шу шаҳиднинг қарзи соқит бўлган бўлар эди. Аммо Аллоҳ таоло шаҳиднинг қарзидан бошқа барча гуноҳларини кечади, қарзини эмас. Маййитнинг оиласи қўлларидан келганича унинг қарзларини тўлашга ҳаракат қилишлари керак. Абдуллоҳ ибн Ҳаром гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг байроқлари остида жанг қилиб шаҳид бўлган бўлсада, унинг қарзлари соқит бўлмади. Ваҳоланки, қарз берган киши яҳудий эди. Бошқаларни энди қўяверинг.

Хайр йўлида воситачилик қилиш бу улуғларнинг иши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюкликларига қаранг! У зот сиёсий тушунчада давлат раҳбари, диний тушунчада эса Аллоҳнинг Набийсидирлар. Аммо Жобир розияллоҳу анҳу илтимос қилганида воситачиликдан бўйин товламаяптилар.

Буюклар каби бўла олмасакда, уларга ўхшашга ҳаракат қилаверишимиз керак.

Савоб иш учун ўртага тушишдан орланманг. Инсонларнинг хизматида юринг. Оддий инсонларнинг муаммоларини ҳал қилинг. Заифлар манфаати учун ўртага тушинг.

Аммо ҳақни ботил, ботилни эса ҳақ қилиш учун ўртага тушманг.

Воситачилигимиз қабул қилинмаса «бундан сўнг ўртакашлик қилмайман!», деб аразлаб олмаслигимиз керак. Ишни шахсий муаммога айлантирмаслигимиз лозим. Бировларнинг ҳожатини раво қилиш шахсий иш эмас, охират ишидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдек инсоннинг ўртага тушишлари қабул қилинмади. Шундай бўлсада у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охиригача муҳтожлар учун воситачилик қилишдан тўхтамадилар.

Нафс иззати эшигидан шайтонга киришга йўл қўйманг!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Абду Наҳм Музаний исломга киришни ниҳоятда истар эди. Аммо унинг қавми унга босим ўтказиб исломга киришдан ман қилишди. Унинг бу йўлда қаттиқ давоми...

3066 14:00 / 18.06.2022
халифалик даври ҳижрий 6064 милодий 680683 Тўлиқ исми Язид ибн Муовия ибн Абу Суфён. Муовия ибн Абу Суфённинг бу эрка фарзанди ёшлигидан роҳатфароғатда ўсди. Овга, давоми...

1407 14:13 / 27.04.2025
халифалик даври ҳижрий 137158 милодий 754775 Абу Жаъфар Мансур ndash Абдуллоҳ Соний ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Абдуллоҳ ибн Аббосдир. У Бану Аббоснинг энг шижоатли, энг давоми...

932 11:18 / 11.12.2025
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам Атога ўғиллари Шис алайҳиссаломни ато қилди. Шис алайҳиссалом ҳам набий бўлганлар. У зотга Аллоҳ таоло кўплаб ўғиллар ва қизлар давоми...

12664 15:29 / 12.01.2019
Аудиолар

232708 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151234 14:35 / 11.08.2021