1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Мазлумнинг дуосидан қўрқ!

11:07 / 12.01.2022 5145 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб насиҳат қилдилар. Насиҳатлари ичида «Мазлумнинг дуосидан қўрқ. Унинг дуоси билан Аллоҳ ўртасида парда йўқ», деган гап ҳам бор эди.

Яҳё Бармакий халифа Ҳорун ар-Рашиднинг вазири эди. Халифа унга жуда катта имтиёзлар берган эди. У Аббосийлар давлатидаги катта-кичик ҳамма ишга аралашар эди. Бармакийлар ҳаддидан ошишди. Арабларда: «Подшоҳлик самарасизликдир!, деган мақол бор. Султонларнинг ғазабига учраш қиёмат олдидаги қиёматдир. Халифа Ҳорун ар-Рашид уларни жазолади. Қатл қилганини қатл қилди, қамаганини қамади.

Яҳё Бармакий ва унинг ўғли Фазл аввалда қамалганлардан эди. Кейинроқ Ҳорун ар-Рашид Фазлни қатл қилдирди. Қамоқда эканлигида Фазл отаси Яҳё Бармакийга: «Шунча амри-маъруф, наҳйи-мункарлар ва неъматлардан сўнг шу ҳолга тушиб қолдикми ота?!», деди. Яҳё Бармакий деди:

«Бу мазлумлар дуосидир. У дуо кечалари юрган. Биз ундан ғафлатда бўлганмиз. Аллоҳ эса ғофил эмас!».

Ибн Абид Дунё ўзининг «Дуоси ижобат бўлганлар» номли китобида айтади:

«Буср ибн Саъид роҳимаҳуллоҳ Маймуна бинту Ҳорис онамизнинг хоналарида тарбия топди. У обид, зоҳид, тақводор ва парҳезкор эди. Бир киши халифа Валид ибн Абдулмалик ҳузурида уни ёмонлаб: «Буср одамларни сизга ва салтанатингизга қарши даъват қиляпти, одамларни сизга қарши қайраяпти», деди.

Валид Бусрни олиб келиш учун одам юборди. Ҳалиги чақимчи ҳам унинг ҳузурида эди. Буср оёқ-қўли титраган ҳолатда келди. Чунки у Валиднинг ғазаби ёмонлигини билар эди. Буср халифанинг ҳузурига киргач, халифа унга ҳалиги чақимчининг гапини айтди. Буср ибн Саъид роҳимаҳуллоҳ қасам ичиб бундай қилмаганини айтди. Шунда Валид ҳалиги чақимчини гапиришга ундади. Чақимчи қасам ичиб Бусрдан халифага қарши гапирган гапларини эшитганини айтди.

Буср ибн Саъид бошини қуйи туширди. Сўнгра бошини кўтарди, қўлларини осмонга кўтариб дуо қилди:

«Аллоҳим! Кўриб турибсан, у мен айтмаган гапни айтди деб гувоҳлик бермоқда. Аллоҳим! Агар мен ростгўй бўлсам у ёлғон гапиргани учун унда қудратингни кўрсат!».

Буср дуосини тугатиши билан ҳалиги чақимчи ерга йиқилди. Типирчилаб-типирчилаб жони чиқди.

Мазлумлар дуосидан қўрқишимиз керак. Уларнинг дуоси хато кетмайдиган ўқдир. Зулм қилинган мазлумни заиф демаслигимиз керак. Заиф мурожаат қиладиган Аллоҳ қудратлидир.

Уламолардан бири айтган эди:

«Аллоҳ таоло ҳатто мазлум бўлган кофирнинг золим мусулмоннинг зарарига қилган дуосини қабул қилади. Мусулмонни ёмон кўриб, кофирни яхши кўргани учун эмас, адолатни яхши кўриб, зулмни ёмон кўргани учун!».

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни туш кўрдилар. Тушларида саҳобалар билан биргаликда Маккага кириб, Каъбани тавоф қилаётган эканлар. Уйқудан тургач, давоми...

3383 10:08 / 17.12.2024
Фарзанд отаонага вақтинчалик берилган илоҳий омонат бўлиб, унинг қалби отаонасидан кўрган барча яхши ва ёмон нарсаларни нусха кўчириб оладиган ва шунга кўра давоми...

1264 15:32 / 14.10.2025
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи Менга давоми...

2410 11:08 / 26.06.2021
Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломнинг ҳақиқатларини баён қилади .У Ийсо бир бандадир, Биз унга неъмат бериб, уни Бану Исроилга мисол қилдик,, яъни Ийсо алайҳиссалом давоми...

2311 10:38 / 12.02.2025