1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Раҳмат бўлган Ҳабибим соллаллоҳу алайҳи васаллам

15:25 / 13.02.2022 3387 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Баззор раҳимаҳуллоҳ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни мамнун ҳолда кўрганимда у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг ҳаққимга Аллоҳга дуо қилинг” дедим.

У зот: “Эй Аллоҳ, Оишанинг аввалги ва кейинги, яширин ва ошкора гуноҳларини мағфират қилгин” деб дуо қилдилар”.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо қаттиқ кулдилар, ҳатто кулгудан бошлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўйниларига йиқилдилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоим сени хурсанд қилдими?” деб сўрадилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Сизнинг дуоингиз қандай қилиб мени хурсанд қилмасин?!” деб жавоб бердилар.

Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, бу ҳар намозда умматимнинг ҳаққига қиладиган дуоимдир!” дедилар.

Раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биз умматларига меҳрибонликларини қаранг.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг жуда хурсанд бўлишларига сабаб бўлган дуони биз умматларнинг ҳаққига қилар эканлар.

Қилганда ҳам бир-икки марта эмас, балки ҳар куни, ҳар намозда қилар эканлар.

Намоз энг улуғ ибодатлардан эканини ҳисобга олсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларининг ҳаққимизга ана шу буюк ибодат асносида дуо қилар эканлар.

Қолаверса, оламлар сарвари, Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг улуғи, Оламлар Роббининг эркаси бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари, иншаа Аллоҳ, ижобатдир.

Ҳар биримизда гуноҳ, камчилик бор. Биз ожиз бандалар гуноҳларимизнинг кечирилишига муҳтожмиз. Хўш, гуноҳларни ким мағфират этади? Албатта, Аллоҳ таоло!

Биз гуноҳкор қуллар учун аввалги ва кейинги, ошкора ва яширин гуноҳларимизнинг мағфират этилиши буюк саодатлардандир. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур дуолари биз учун сув ва ҳаводек зарур бўлган дуолардандир.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зоти бобаракотнинг аҳли байтларига, содиқ саҳобаларига чексиз салавот, салом, баракот ва дуруд юборсин!

Аллоҳ таоло биз гуноҳкор бандаларнинг аввалги-кейинги, ошкора-яширин, билиб-билмай, катта-кичик, қасддан-ноқасддан қилган гуноҳларимизни мағфират этсин!

Роббимиз барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Унинг турмуш ўртоғи 2016 йил вафот этгач, она фарзандларининг тарбияси устида қаттиқ меҳнат қилишга аҳд қилди. Ўша кезларда энг кенжа фарзанди атиги икки ойлик эди.7 давоми...

2821 09:00 / 20.10.2021
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ дедилар .Динингда турли қарамақаршилик ва баҳслар тўлқинига тушиб қолсанг, динда собит турганларни ўта қаттиқ давоми...

1899 09:00 / 21.02.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Наҳл сурасида шундай деб марҳамат қилади .Илоҳингиз ягона Илоҳдир. Охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари давоми...

3170 13:28 / 13.03.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда биз мусулмон бандаларини садақа беришга буюриб шундай деб марҳамат қилган .Ва бирингизга ўлим келиб .Роббим, агар мени давоми...

3180 11:00 / 02.03.2021