1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Қуръоннинг дўсти

10:00 / 05.03.2022 3111 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Аббод ибн Бишр розияллоҳу анҳу)

Аббод ибн Бишр Ансорий розияллоҳу анҳу Мадинада Исломга биринчилардан бўлиб кирган таниқли саҳобалардан. Мусъайб ибн Умайрнинг даъватидан сўнг мусулмон бўлган. Тақводор, ҳалол, омонатдор, Қуръони Каримни тинмай қироат қилиб юрувчи обид зот бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча ғазотларда қатнашган. Бу саҳобий Абу Бакр Сиддиқ замонларида диндан қайтган муртадларга қарши урушда ҳалок бўлган.

Аббод ибн Бишр розияллоҳу анҳунинг номи Ислом тарихида ёрқин из қолдирган. Агар уни обидлар ичидан изласангиз, тақволи, ҳалол, тунлари ибодатда қойим туриб, Қуръон оятларини ажиб овозда тиловат қилаётганига гувоҳ бўласиз. Агар уни волийлар орасидан истасангиз, мусулмонларнинг молига ва жонига ниҳоятда омонатдорлигига амин бўласиз. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо фазл жиҳатидан ҳеч ким тенг келолмайдиган уч мадиналик ансорни зикр этганида унинг номини ҳам тилга олганди.

Аббод маккалик даъватчи йигит Мусъаб ибн Умайрнинг мажлисида бир марта бўлдию, у билан дўстлашиб қолди. Ҳар икковининг қалбидаги иймоннинг ниҳоятда мустаҳкамлиги, хулқ-атворларидаги олийжаноб ахлоқ ва гўзал фазилатларнинг умумийлиги улар ўртасидаги дўстликни янада кучайтирди. Мусъабнинг хуш овозда Қуръон тиловат қилаётганини эшитган Аббод Аллоҳнинг Каломини бир умрга севиб қолди. У Каломуллоҳ қироатини ўзининг кундалик севимли машғулотига айлантирди. Юрсаям-турсаям, сафарда ҳам, муқимликда ҳам Аллоҳнинг Китобини қўлдан қўймади. Ҳатто саҳобалар орасида «Имом», «Қуръоннинг дўсти» лақабларини орттирди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Оишанинг масжидга тақаб солинган ҳужрасида таҳажжуд намозига турган эдилар, Аббод ибн Бишрнинг овозини эшитиб қолдилар. У Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломнинг қироатига ўхшатиб жуда ёқимли қилиб қироат қилаётганди. Шунда Расули акрам ҳазрати Оишадан: «Эй Оиша, бу Аббод ибн Бишрнинг овозими?» деб сўрадилар. Тасдиқ жавобини олгач, «Ё Аллоҳ, унинг гуноҳларини мағфират айла», деб дуо қилдилар.

Аббод ибн Бишр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ғазотларида у зот билан бирга қатнашди. Ҳатто у зот Зотур-риқоъ ғазотидан қайтаётганларида Аббод маккалик тутинган иниси Аммор ибн Ёсир билан бирга ҳаётини хавфга солиб бўлса-да, Аллоҳнинг Пайғамбарини қўриқлаб чиқишган. Ўшанда аламзада мушрик камондан уч марта ўқ узиб, намоз ўқиётган Аббодни қаттиқ жароҳатлаганига қарамай, у дам олаётган шеригини уйғотишга кўзи қиймайди, қўриқчиликни давом эттираверди. Аммор Аббоднинг уч еридаги жароҳатидан қон оқаётганини кўриб, «Субҳаналлоҳ, нега биринчи ўқ теккандаёқ мени уйғотмадинг?» деди. «Бир сурани ўқиётган эдим, охирига етказмай тўхтатишни истамадим. Аллоҳ ҳаққи, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини зое қилиб қўйиш хавфи бўлмаганида намозни тўхтатишимдан кўра нафас олишни тўхтатишим осонроқ бўларди», деди.

 Аббод кейинчалик Абу Бакр Сиддиқ замонларида диндан қайтган муртадларга қарши урушда ҳалок бўлди. Ўшанда Мусайлима Каззоб деган ёлғончи пайғамбар пайдо бўлиб, ҳаммани Исломдан чиқишга, ўзига эргашишга чақира бошлади. Абу Бакр Сиддиқ Мусайлиманинг разолатига чек қўйиш учун қўшин ҳозирладилар. Аббод ҳам мужоҳидлар сафининг аввалида эди.

Ҳал қилувчи жанг олдидан тунда Аббод туш кўрди. Тушида осмон очилибди, Аббод ичкарига кирганидан сўнг у ёпилибди. Тонг отгач кўрган тушини Абу Саъид Худрийга сўзлаб бераркан, «Аллоҳга қасам, мен шаҳид бўламан, эй Абу Саъид!» деди. Кун ёйилиши билан қаттиқ жанг бошланиб кетди. Аббод бир тепалик устига чиқиб, ансорларни жангга руҳлантира бошлади. Такрор-такрор даъватидан сўнг унинг атрофида тўрт юз чоғли ансор тўпланди. Улар орасида Собит ибн Қайс, Баро ибн Молик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган қиличнинг эгаси Абу Дужоналар бор эди. Аббод биродарлари билан қақшатқич жангга отланди. Мусайлима Каззобнинг шавкати синиб, унинг издошлари «Ўлим боғи»га яшириниб олишди. Аббод эса жароҳати кўплигидан жасадини таниб бўлмайдиган даражада боғ девори остида шаҳодат топди. Юксак мақомга эришган бахтиёр саҳобани баданидаги бир аломати орқалигина зўрға таниб олишди.

 

Муниба Аҳмад

«Ҳилол» журналининг 1(34) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларидан доим ажабланаман.Мен ёлғончихиёнаткор эмасман. Ёлғончи хиёнаткорлар мени алдай олишмайди,.Саййидимиз Умар давоми...

3226 13:00 / 22.11.2021
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуга .Ҳатто сен ҳам менинг гапимни хато санаяпсанми, эй қора хотиннинг ўғли,, дедилар. Билол розияллоҳу анҳу давоми...

3807 14:00 / 13.03.2023
.Эй Аллоҳ, уни мол ва фарзанд билан ризқлантир ва унга барака бер, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларидан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга онаси давоми...

3603 11:00 / 22.05.2023
Абодилаrdquo сўзи Абдуллоҳrdquo исмининг кўплик шакли ҳисобланади. Ибн Салоҳга кўра, Абдуллоҳ исмли саҳобалар сони икки юз йигирмага, Ибн Фатҳунга кўра, уч юзга яқин. давоми...

5647 19:35 / 21.04.2017
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021