1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Хафа бўлганингда қарор чиқарма!

17:00 / 13.03.2022 3601 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қисса ва масаллар асосан турли маъноларни инсоннинг фаҳмига яқинлаштириш учун кўприк бўлади. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга кўп ҳикоялар айтиб берар эдилар. Бир куни саҳобаларга Аллоҳ таоло тавба қилган кишидан хурсанд бўлишини, уни яхши кўришини айтдилар. Уларга қуйидаги ҳикояни айтиб бердилар:

«Аллоҳ таоло бандасининг тавбасидан, йўқолган туясини топиб олган бандасининг хурсандлигидан ҳам кўпроқ хурсанд бўлади. У банда саҳрода эди. Банданинг туяси бор, унинг устида овқат, сув ва матолари бор эди. Иссиқ кучайиб кетгач, у бир соя жой топиб у ерда дам олмоқчи бўлди. Туясини боғлаб қўйишни унутди. Сояда ухлаб қолди. У ухлаб ётганида туяси қочиб кетди. У киши уйқусидан уйғонгач, ўнгдан ва чапдан туясини қидира бошлади. Аммо бефойда эди. У туясини топишдан умидини узгач деди: «Ухлаган жойимга қайтиб то ўлгунимча ўша ерда ётаман!»

У Аллоҳ хоҳлаганича ухлади. Уйғонганида туяси олдида турар эди. У қаттиқ хурсанд бўлганидан: «Эй Аллоҳим! Сен менинг қулимсан, мен сенинг Роббингман!», деб юборди!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо: «У қаттиқ хурсанд бўлганидан хато қилди!», дер эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зарбулмасал айтишдаги ҳикматларига қаранг! Қиссани қавмлари яшаб турган ҳолат ва шароитдан оляптилар. Улар саҳрода яшар эди. Чўлу-биёбонлар оша сафарлар қилиб туришар эди. Устида сув ва овқати бор бўлган туянинг нақадар қадрли эканлигини улар яхши тушунар эди. Улар уни йўқотиб қўйиш ўлим билан тенг эканлигини яхши билар эди. Уларга туясини йўқотиб қўйган мусофирнинг қайтадан яна топиб олишидаги хурсандлиги ҳам маълум эди. Шунинг учун улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳикматни дарров тушунишди.

Шунинг учун даъватчилар ва мураббийлар инсонларга воқеликка мувофиқ гапиришлари керак. Улар тушунадиган нарсаларни гапиришлари лозим. Университетда талабаларга айтиладиган гаплар масжиддаги намозхонларга тушмаслиги мумкин. Қирқ ёшдаги аёлга айтиладиган ҳикмат ёши ўнда бўлган қизчаларга аҳамиятсиз бўлиши мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз пайғамбарлар инсонларга уларнинг ақли миқдорида гапиришга амр қилинганмиз!», дер эдилар. Уларнинг ақли деганда уларнинг тили, урф-одати, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий аҳволи назарда тутилади!

«У қаттиқ хурсанд бўлганидан хато қилди!».

Юқоридаги кишининг гапи зоҳиран очиқ-ойдин куфр гапдир. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга баъзи ҳолатларда инсонларни маъзур тутишимизни англатяптилар. Баъзан инсон шундай ҳолга тушадики, унда ақлини йўқотиб қўяди. Уни биз танимай қоламиз. Инсоннинг бошига мусибат тушганида гоҳида у тўғри йўлни йўқотиб қўяди. Баъзан ана шундай пайтларда қўпол гаплари билан атрофдагиларни ранжитиб қўйиши мумкин. Унинг ўз чегарасидан чиқиб кетганини тушунсак уни айблашга шошилмаслигимиз керак. У ўзининг табиий ҳолида бу гапларини айтмаган бўлар эди!

Хурсандлик ҳам гоҳида мусибат каби инсонни ўз чегарасидан чиқариб юборади. Хурсанд инсонни ҳам бунақанги ҳолатда мувозанатдан чиқиб кетганининг гувоҳи бўламиз. У ҳам ўзида турган вақтида бунақанги гапларни айтмаган бўлар эди!

Демак, инсонларнинг шароитларини ҳисобга олишимиз лозим. Нафс турли довонлардан ўтади. Тоғлардан, водийлардан ўтади. Гоҳида тепага кўтарилса гоҳо пастга тушади.

Мустафо Маҳмуд айтади:

«Биз бошқа бировларга йўлни енгиллатиб беришдан ўзгасига молик эмасмиз!».

Аммо биз ана шунақанги ҳолатларда қўлимиздан келганича ўзимизни қўлга олишга ҳаракат қилишимиз керак. Аввалгиларнинг бир гапи бор:

«Бахтиёрлигингда ваъда берма, ғазабланиб турганингда жавоб қайтарма, хафа бўлганингда қарор чиқарма!».

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дейдиларки, олим илми билан, зангин моли билан, фақир эса жони билан имтиҳон қилинади. Олимга илми борасида синовлар, имтиҳонлар берилади. Фитналарга тутилади. давоми...

4057 11:00 / 15.07.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўладиrdquo, деганлар.Имом Муслим давоми...

11606 15:31 / 28.04.2024
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Мадорижус соликин, номли китобида шундай келтиради .Йўлдан кетаётганимда бир ҳовлининг эшиги очилди. Ундан бир ёш болакай давоми...

2843 09:00 / 21.03.2023
Бир бой киши деразадан ташқарига қарадида ахлат ташланадиган қутидан баъзи нарсаларни ажратаётган бир кишини кўриб .Аллоҳга шукрки, фақир эмасман, деди. Фақир давоми...

3872 14:00 / 10.03.2023