1447 йил 28 зулҳижжа | 2026 йил 14 июнь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Қизи бор оталар ўқисин!

17:00 / 25.05.2022 9843 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳикоя қилинишича, саҳрода яшайдиган бир киши амакисининг қизига уйланди. Орадан йиллар ўтиб, аёли унга тўққиз ўғил фарзанд туғиб берди. Яна орадан йиллар ўтиб, аёл ўнинчисига ҳам ҳомиладор бўлди. Ой куни етиб, қиз фарзанд дунёга келтирди. Аёл эрига қиз кўрганининг хабарини берганда, эри жуда қаттиқ хафа бўлди ва ўзини камситилгандек ҳис қилди. Баланд овозда у: «Қандай ҳам қаро тун а-а-а, бу тун», деб дод солиб, аёлини ҳайдади. Унга нафрат нигоҳи билан қарай бошлади. Гўёки, ҳомиланинг қиз бўлишига аёли сабабчидек.

Орадан кунлар, йиллар ўтди. Ота кексайди, танасидан мадор кетди. Бир куни унинг кўзи ҳам ожиз бўлиб қолди. Ўғилларининг ҳаммаси уйланиб, ўз юмушлари билан овора бўлиб, кўзи ожиз оталарини эсдан чиқардилар. Кенжа фарзанди бўлмиш қиз ҳам турмушга чиқиб, оилали бўлган эди. Отасига етган мусибатни эшитган заҳоти унинг ёнига, ҳолидан хабар олгани шошилди. Отасининг хонадонига бориб, падари бузрукворини чўмилтирди, уйларини саранжом-саришта қилди, отасига таом пиширди. Ювиниб покланган ота аввал ҳис қилмаган роҳатни туйди. Қиз отасига дори бермоқчи бўлиб, қўлини узатганда, ота унинг қўлидан ушлади ва: «Эй меҳрибон қизим, сиз кимсиз?», деб сўради.

Қиз кўзларидан шашқатор ёшлар оққан ҳолда: «Эй отажон, мен ўша сизнинг қаро тунингизман», дейди. Бу гапдан ота ўз қизи билан гаплашаётганини англадида, ҳўнграб йиғлаб юборди ва айтган гапларига афсус надомат қилиб: «Қизалоғим, мени кечир! Қанийди, тунларимнинг ҳаммаси қаро бўлса. Уйимда тун қаросида сокинлик ҳукм сурарди. Агар замон менинг ҳаётимни ортга қайтарса, мен қизимни туғилган пайтиданоқ яхши кўрган бўлар эдим. Қизимдан бошқаси менга яхшилик қилмаяпти, мендан хабар олмаяпти. Тўққиз эркак, ҳаммаси ўзи билан овора бўлиб, мендан бохабар бўлишдан анча йироқлар. Мушк анбарнинг исини фақатгина мени кўргани келадиган қизим таратмоқда», деди.

Эй, «Ўғлим йўқ» деб куйинаётган оталар, қиз кўрганингизга ўксиняпсизми? Унутманг, қиз бола фазилат ва барака соҳибидир. У отасига меҳрибон, мушфиқ ва мунис бўлади. Қиз бола отасининг жаннатга киришига сабабчи, дўзахдан парда бўлади. Турмушга чиққан солиҳа қиз, эрининг динининг ярмига қувват бўлади. Солиҳа аёл дунё матоларининг энг яхшисидир. Она бўлганда эса, фарзандлари учун жаннатга олиб кирадиган эшик бўлади. Ёдингизда тутингки, Пайғамбар алайҳимуссаломлар қизларнинг оталари бўлишган.

Аллоҳ таоло қиз тарбия қилаётган ота-оналарга Қиёмат куни қизлари сабабли жаннатга кириш ва дўзахдан қутулиб қолиш неъматини ато этсин!

Арабчадан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
VРамазони муборакда Бадрда эришилган ғалаба мусулмонлар учун тарихий аҳамиятга эга эди. Ўша шонли ғалабадан кейин мусулмонлар жамияти тарих саҳнасига катта куч давоми...

3046 17:00 / 09.02.2019
VIIIСавда бинти Замъа онамиз кўп чиройли ва ҳамида фазилатлар эгаси бўлганлар. Ҳадис, сийрат ва тарих китобларимизда мазкур олиймақом сифатлар ҳақида кўплаб давоми...

3222 17:00 / 24.02.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари ҳақидаги келтирилган маълумотларнинг ниҳоясида нима учун у зотнинг хотинлари кўп бўлганлиги давоми...

3593 16:05 / 25.03.2020
Жисм шаҳвати ҳаётнинг ва наслнинг узлуксиз давомийлигини таъминлаш учун Аллоҳ таоло томонидан жорий этилган табиий инстинктдир. Шу билан бирга, Ислом нуқтаи давоми...

4644 15:10 / 12.05.2019
Аудиолар

232739 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151298 14:35 / 11.08.2021