1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дўстларнинг ҳаммаси ҳам бир хилда бадавлат бўлавермайди

09:00 / 27.05.2022 4102 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккада Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйига тонгда ёки кечқурун бориб турадиган одатлари бор эди. Кунларнинг бирида одатларига хилоф ўлароқ пешин вақтида кириб келдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу зийрак киши эди. Буни англаб ўзига-ўзи: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу соатда бекорга келмаганлар. Бирор иш бўлса керак!», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Эй Абу Бакр! Ҳузурингдагиларни ташқарига чиқар!

Абу Бакр розияллоҳу анҳу деди:

- Эй Аллоҳнинг Расули! Булар қизларим Асмо билан Оиша!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Менга чиқиш(ҳижрат) учун изн берилди!

- Ҳамроҳликми эй Аллоҳнинг Расули?!

- Ҳамроҳлик эй Абу Бакр!

Абу Бакр розияллоҳу анҳу деди:

- Эй Аллоҳнинг Расули! Менда иккита туя бор. Уларни чиқиш учун тайёрлаб қўйган эдим. Улардан бирини олинг!

- Уни пулга оламан. Ўзимники бўлмаган туяни минмайман!

- У сизники!

- Йўқ. Уни сотиб олган пулингга оламан!

- Истасангиз пулига!

Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўрталарида алоқа бунчалик расмий эмас эди. Дирҳам ва динор билан бунчалик ҳисоблашишмас эди. Аксинча, Абу Бакр розияллоҳу анҳу молини ҳам, жонини ҳам Набий алайҳиссаломга фидо қилиб юборган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг молидан ҳеч машаққатсиз олаверар эдилар. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот қилишларидан бир неча кун олдин айтган қуйидаги гаплари далил бўлади:

«Мен учун суҳбати ва моли борасида энг ишончли киши Абу Бакрдир!».

Ана шунинг учун ҳам фақиҳлар ва сийрат уламолари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туянинг пулини беришга бунчалар қаттиқ уринганларидан ҳайратда қолишади. Улар қизиқ бир фикрни айтишган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат ва жиҳод фазилатини мукаммал қилиб олиш учун ҳижратлари ўз жонлари, ўз моллари билан бўлишини истадилар!».

Аслида дўстлар ўзаро бир-бирларига яхшилик асосида алоқа қилишади. Улар орасидаги ҳисоб-китоб худди савдогар ва унинг мижози ўртасидаги муомала каби қоғоз ва қалам билан бўлмайди. Ҳамроҳлик хулқига эга бўлиш учун инсон дўстининг ҳолини ҳис қилиши лозим. Агар дўстининг муҳтожлигини билиб қолса ёки унинг бошига кулфат тушиб қолганини сезиб қолса, дўсти ундан ёрдам сўрашидан аввал дарров ўзи ёрдамга шошилиши лозим. Агар дўсти ёрдам сўраганидан ёки қарз сўраганидан сўнг унга ёрдам қилса, энди қарзнинг бир қисмидан кечиш дўстлик ва макорими ахлоқнинг гўзал бир кўриниши бўлади!

Аммо дўстлар ҳақларини мукаммал ҳолатда адо қилиб юришса бу ахлоққа зид иш бўлмайди. Дўстларнинг ҳаммаси ҳам бир хилда бадавлат бўлавермайди. Дўстнинг ўз дўстига ёрдам бериши, унинг ғамини кетказиши унинг асл инсонлигига далолат қилади. Эҳсон қилиш ва яхшилик қилиш эса хулқларнинг саййиди бўлиб қолаверади!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳнинг олдига бир киши келиб, .Эй Абу Исҳоқ, мен нафсимга кўп эргашиб қоляпман. Менга қаттиқ таъсир қиладиган, қалбимни бундай иллатдан давоми...

4820 07:10 / 23.08.2019
Леонардо да Винчи ўзининг .Адабий ишлар, номли китобида қуйидаги ҳикояни келтиради .Бир киши анжир дарахтига осилиб, шохларини қайириб ўзига тортиб пишган давоми...

2230 14:00 / 13.07.2022
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳдан сўралганда давоми...

3086 19:10 / 10.03.2019
Зиёд Намирий вафоти яқинлашганда шундай деди .Ўлим яқинлашмаганда бу сўзларни ҳеч қачон айтмасдим. Аллоҳга қасамки, ўлим ёди қалбимни тилкапора қилди. Ҳатто мени давоми...

2214 08:00 / 18.02.2020
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021