1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Аҳмаджон қори

14:00 / 19.07.2022 2356 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳмаджон қори домла 1900 йили Наманган шаҳри «Сардоба» даҳаси «Аминжон» маҳалласи (ҳозирги «Қўқон» кўчаси)да дунёга келди. Падари бузруквори Холмирза ота — уста дурадгор бўлиб, аҳли илм ва аҳли Қуръонларни ўзига дўст тутган ибодатгўй ва тақводор киши бўлган.

Аҳмаджон қори дастлабки диний таълимни оила муҳитида олди. Сўнгра ўша даврнинг машҳур олими Абдусамад (1888-1972) қори домлада давом эттириб, 11 ёшида ҳофизи Каломуллоҳ бўлиб етишади. Кейинчалик Ҳомидхон (1893-1992) маҳдум қўлларида Қуръони Карим такрорини мустаҳкамлайди.

Маълумотларга кўра, Аҳмаджон қори домла узоқ йиллар Сардобадаги «Сирли масжид» ва «Махдум эшон» масжидларида Рамазон ойларида хатми Қуръонга ўтиб, халқ хизматида бўлганлар. У зот Рамазонни алоҳида тараддуд билан кутиб олар, эрта тонгдан то кечга давр рўзғор ташвишида меҳнат қилиб, кечқурун хатмонага имомликка ўтар эканлар. Дарҳақиқат, у зотнинг қувваи ҳофизалари ўткирлигидан хатмонага ёлғиз ўтиб, ҳеч қаерда янглишмай, гўзал қироат якунлар эканлар.

Маҳалладошларининг айтишларича, «Аҳмаджон қори домла оқ сариқдан келган, очиқ чеҳрали, баланд бўйли, оппоқ соқолли киши бўлганлар. Табиатлари нозик, ваъз қилсалар дин-у исломдан гапирар, бўлмаса сукут билан ерга боққанларича тасбеҳ ўгирирдилар», дея эслашади.

Набиралари Собиржон ака қори домлани шундай эслайдилар: «Бобом раҳматли узоқ йиллар ҳукуматнинг нон ва газлама дўконларида сотувчи, кейинчалик ёғ-мой комбинатида оддий ишчи бўлиб ишлаганлар. Урушдан кейинги даврлардаги очарчилик, ун ва нон маҳсулотлари тақчиллиги пайтида ҳам бобом етимлар, қўни-қўшни-ю маҳалладошлар ҳолидан хабардор бўлиб, ҳаммани кўнглидан йўл топишга ҳаракат қилардилар.

Қуръон  ва суннатга мувофиқ умргузаронлик қилган Аҳмаджон  қори домла 1996 йили 96 ёшларида бу ёруғ оламни тарк этдилар. У киши шаҳарнинг катта қабристони «Мавлавий»  мозорига дафн этилдилар.

Аҳмаджон қори домла узоқ умрлари давомида икки маротаба оила қурдилар. Аввалги заифалари Саломатхон (1911-1963) ойим бўлиб, улардан бир ўғил ва тўрт қизлари бор. 

Улар: Турсунхон (1938-2012), Маҳмудахон (1940), Маҳфузахон (1944-2019) Зоҳидахон (1951) аялар ва Муҳаммад Солиҳ (1946-2014) исмли ўғилларидир.

Аҳмаджон  қори домланинг кўз очиб кўрганлари оламдан ўтганлиги боис, Рокияхон (1911-1992) ойим исмли аёл билан иккинчи турмуш қурадилар. Бироқ, улардан зурриёд кўрмаганлар.

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зокиржон Исмоилов,диний бошқарма раисининг собиқ ўринбосари, Андижон Шайх ҳазратларининг падари бузрукворлари Ҳожи дада доим фарзандларини кузатиб юрар, гоҳо давоми...

6431 16:56 / 30.04.2018
Баъзи ориф зотлар айтадилар .Имом Жазулий бир неча жиҳатдан бошқалардан ажралиб, пешқадамликни қўлга киритган. Хусусан, у зотнинг .Далоилул хойрот, китоби ҳамма давоми...

1036 16:39 / 24.11.2025
Мулла Аҳмадхон қори 1914 йили Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси ҳозирги Нодира кўчасида зиёли оилада таваллуд топди. Қиблагоҳи мулла Бобохон ваф.1947 қори, бобоси эса давоми...

2822 17:00 / 14.04.2022
Муҳаддис, фақиҳ, усулий, мантиқий, мутакаллим, тарихчи, тадқиқотчи, танқидчи олим, шайх Абулҳасанот Муҳаммад Абдулҳай алАнсорий алЛакнавий алҲиндий бўлиб, аллома давоми...

5213 22:02 / 27.04.2017