1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

У куннинг рўзасини тутишга ҳаракат қилайлик!

02:00 / 07.08.2022 3213 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Қурайш жоҳилият даврида Ашуро куни рўзасини тутар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жоҳилият даврида унинг рўзасини тутар эдилар. Мадинага келганларида ҳам унинг рўзасини тутдилар ва тутишга амр қилдилар. Рамазон фарз қилингач, Ашуро куни (рўзаси)ни тарк қилдилар. Бас, ким хоҳласа, тутар, ким хоҳласа, тарк қилар эди».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Ашуро куни рўзасининг тарихига оид маълумотларни келтирмоқдалар.

Қурайш мушриклари ҳам Исломдан олдинги жоҳилият даврида Ашуро куни рўзасини тутган эканлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларига ваҳий келиб, Пайғамбар бўлгунларича Ашуро куни рўзасини тутар эканлар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан ке­йин ҳам бир йил Ашуро рўзасини тутганлар.

Кейин эса ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзаси фарз бўлганда Ашуро рўзасини тарк қилиб, Рамазон рўзасини тутганлар. Одамлардан хоҳлаганлари Ашуро рўзасини тутганлар, хоҳламаганлари тутмайдиган бўлганлар.

Шу ерга келиб, Оиша онамизнинг ривоятлари тамом бўлади. Аммо биз аввал ўрганган ҳадисларимиздан кўринадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан бир йил олдин Ашуро рўзасини тутганлар ва тутишга амр қилганлар. Шундай қилиб, бу куннинг рўзаси суннати муаккада бўлиб қолган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар ва:

«Бу нима?» дедилар.

«Бу солиҳ кундир. Бу кун Аллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган», дейишди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен сизлардан кўра Мусога ҳақлироқман», дедилар ва унинг рўзасини тутдилар, тутишга амр қилдилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятдан мусулмонлар Аллоҳ юборган олдинги пайғамбарларга уларга эргашишни даъво қилаётганлардан кўра ҳақлироқ эканликларини кўрамиз.

Шу билан бирга, Ашуро куни улуғ кун эканлиги, у кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом бошлиқ Бани Исроилга ўз душманидан нажот берганлигини билиб оламиз.

Шунинг учун ҳам Мусо алайҳиссаломга эргашиб, у куннинг рўзасини тутиш шариатимизга киритилган. Қолаверса, бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қилган ҳамда сиз билан бизларга амр қилинган ишдир.

Шунинг учун ҳар йили Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутишимиз лозим.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Хайбар аҳли Ашуро кунининг рўзасини тутар, уни ийд қилиб, аёлларига ўша кунда тақинчоқларини тақтирар, ясантирар эдилар.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлар унинг рўзасини тутинглар», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилганлар.

«Хайбар» Мадинаи мунавварага яқин жой бўлиб, у ерда яҳудийлар истиқомат қилар эдилар.

Хайбар яҳудийларининг Ашуро куни рўза тутиб, байрам қилишлари у куннинг улуғ кун эканлигидандир. Улар Пайғамбар Мусо алайҳиссаломни улуғлаб рўза тутганликлари аввалги ҳадисда зикр этилган эди.

Бу ҳадисдан эса уларнинг бу куни рўза тутибгина қолмай, ҳайит ҳам қилишларини, аёлларининг ясаниб, тақинчоқларини тақиб юришларини кўряпмиз.

Мусулмонлар Мусо алайҳиссаломга яҳудийлардан кўра ҳақлироқ бўлганларидан у зот қилган ишга, Ашуро рўзасини тутишга амр қилиндилар. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ҳар биримиз у куннинг рўзасини тутишга ҳаракат қилишимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Билолнинг азони ҳам, уфқда бундай ердан осмонга чўзилган оқлик ҳам давоми...

5898 19:00 / 07.05.2020
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни эслаб йиғладилар, ҳатто ердаги тошлар ҳўл бўлиб кетди. У киши шундай дедилар .Умар Исломнинг давоми...

2164 08:10 / 29.10.2019
Шайх Абул Ҳасан Али ибн Фаззол ибн Али Мужошиъий Қойровоний наҳвийнинг шундай деганини эшитганман .У бизнинг ёнимизга ҳижрий 469 йилда келган эди. Уни Фахрул ислом давоми...

2021 10:49 / 12.06.2020
Аллоҳ таоло еру осмонларни яратиб, қуёш ва ойни йил ва ойкунларни ҳисобкитоб қилиш асоси қилиб белгилаганида ойларни ўн иккита бўлишини ирода қилди. У Зот бу ойлар давоми...

2640 10:00 / 22.04.2020
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021