1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Зуҳд ва парҳезкорлик

10:26 / 04.01.2023 1883 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абул Ҳасан Надавийнинг «Қисосун мин ат-тарихил исломий» номли китобида келади:

«Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шогирдларидан бирининг уйи соясида ўтиришни одат қилган эди. Ўша шогирд имомдан қарз сўради. Қарз берганининг эртаси кунидан Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ унинг уйи соясида ўтирмайдиган бўлди.

Шогирди сўради:

- Нега уйимнинг соясида ўтирмаяпсиз?

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ деди:

- Бу ишим рибо бўлиб қолишидан қўрқаман!

- Аммо менга қарз беришдан олдин ўтирар эдингиз-ку?!

- Унда сен менга соянг туфайли марҳамат кўрсатаётган эдинг. Энди эса мен сенга пул қарз бердим. Бу ҳолатда мен сенга марҳамат кўрсатяпман. Шунинг учун қўрқяпман!».

Бу ҳикоя фиқҳий бобларда эмас, парҳезкорлик ва зуҳд бобида келтирилади. Парҳезкорлик дегани ҳаромга тушиб қолишдан қўрқиб баъзи ҳалоллардан ҳам тийилиш деганидир!

Олдингилар парҳезкорлик ҳақида хаёлга сиғмайдиган ҳикояларни келтиришган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бир хушбўйлик келтирилди. Уни мусулмон аёлларга тақсимламоқчи бўлиб деди:

- Қани энди бирор аёл буни тақсимлаб берса эди!

Шунда хотини деди:

- Мен тақсимлаб бераман!

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди:

- Йўқ! Сен тақсимламайсан. Кийимингга унинг ҳидидан тегадими деб қўрқаман. Бу эса бизга ҳалол эмас!

Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ Шомда турганида бировдан бир қаламни омонатга олди. Марвга қайтганида қаламни қайтариш ёдидан кўтарилганини англади. Дарҳол Шомга қайтиб қаламни эгасига топширди ва яна Марвга қайтди!

Шом билан Марв ўртасидаги масофани тасаввур қиляпсизми?

Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ одамларга олма тарқатаётган эди. Ўғилчаси келиб битта олма олди. Умар дарҳол ўғлининг қўлидан олмани тортиб олиб жойига қўйди.

Ўғли уйига йиғлаган ҳолда келди. Онаси унга икки дирҳамга бозордан олма сотиб олиб едирди. Умар келганида қолган олмадан унинг олдига қўйди. Умар сўради:

- Бу олма қаердан келди?

Хотини деди:

- Бозордан сотиб олдик!

Умар деди:

- Бугун роса олма ейишга ҳавас қилган эдим!

Эътибор беринг, мусулмонлар халифаси халққа олма тарқатиб, егиси келса-да, ўзи емабди!

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Ал-бидая ван-ниҳая» китобида келтиради:

«Бишр Ҳофийнинг синглиси имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг олдига келиб сўради:

- Биз томда ипак йигирамиз. Гоҳида султоннинг аскарлари машъала кўтариб ўтиб қолади. Ўша машъаланинг нурида ипак йигиришимиз мумкинми?

Имом Аҳмад сўради:

- Аллоҳ сенга раҳм қилсин, кимсан?

- Мен Бишр Ҳофийнинг синглисиман!

Имом Аҳмад йиғлаб туриб деди:

- Зуҳд ва парҳезкорлик сизнинг уйингиздан балқиб чиқади. Машъала нурида ипак йигирма!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мушриклардан бири истеҳзо қилиб унга .Соҳибингизнинг яъни пайғамбарингизнинг сизларга ҳамма нарсани, ҳатто қазои давоми...

3122 17:00 / 01.03.2022
Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтадилар Ҳаддан ташқари мутаассиб йигитлардан бири билан мунозара қилиб тургандим. Ундан Мусулмон давлатларидан биридаги тунги давоми...

4597 19:08 / 13.12.2021
Titan Титанndash ушбу инсонлар томонидан ихтиро қилинган янги ва юқори технологияли сув ости кемаси батискаф 3000 метр чуқурликда кучли босимга дош беролмай портлаб давоми...

2652 09:00 / 03.08.2023
Ҳозирги кунда баъзи ёшларнинг бу калимани айта олмасликлари жуда афсусланарли бир ҳолдир. Буни айниқса, никоҳ ўқиладиган вақтда яна бир бор кўзга ташланиб давоми...

2820 09:00 / 12.12.2023