1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табриги

22:18 / 20.04.2023 2881 pdf Ўқиш режими + -

Қадрли ватандошлар!

Дунёдаги жамийки ислом уммати қатори юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам катта шоду хуррамлик билан кутиб олаётган улуғ айём – Рамазон ҳайити билан сиз, азизларни, бутун халқимизни чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва самимий тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Қалбларимиз қувонч ва эзгулик нурига тўлиб турган ушбу саодатли дамларда аввало мана шундай қутлуғ ва мунаввар кунларга эл-юртимиз билан биргаликда соғ-омон етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.

Халқимиз азалдан инсонпарварлик, меҳр-оқибат, хайру саховат ва бағрикенглик рамзи сифатида қадрлаб, эъзозлаб келадиган Рамазони шарифга бу йил ҳам пухта тайёргарлик кўрилиб, уни муносиб ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу эса мўмин-мусулмонларимиз учун барча диний ибодатларни файзли ва мазмунли ўтказиб, ушбу муборак ойнинг шафоат ва фазилатларидан тўла баҳраманд бўлиш имконини берди. Айниқса, минглаб юртдошларимиз икки муқаддас шаҳар – Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага бориб, айнан Рамазон кунларида Умра амалларини адо этиш бахтига мушарраф бўлганлари эътиборлидир.

Биз буларнинг барчасини дину диёнатини пок сақлаб, соф ниятлар билан яшаб келаётган халқимизга Аллоҳ таолонинг чексиз марҳамати сифатида қабул қиламиз.

Азиз юртдошлар!

Янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида ҳаётимизнинг барча соҳалари қатори диний йўналишдаги ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилиб бормоқда. Кейинги йилларда сизлар билан бирга бу борада улкан ишларни амалга ошираётганимиз халқимиз, жамоатчилигимизга яхши маълум, албатта.

Айниқса, юртимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари иш бошлагани, Бухорода Мир Араб олий мадрасасига, Самарқандда Ҳадис илми мактабига асос солингани, Қашқадарёда Абу Муин Насафий, Наманганда Султон Увайс Қараний қадамжолари, Тошкент шаҳрида Сузук ота мажмуаси янгитдан бунёд қилингани, ўнлаб муҳташам масжидлар, диний билим муассасалари барпо этилгани, зиёратгоҳ масканлар обод қилингани маънавий-руҳий ҳаётимизда алоҳида ёрқин саҳифа бўлиб қолади.

Энг муҳими, бундай кенг кўламли ишларимиз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси сингари муаззам обидалар қурилиши мисолида жадал давом эттирилмоқда.

Мўмин-мусулмонларимизга ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун янада қулай шароитлар яратилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, умра зиёрати бўйича квота бекор қилингани, ҳаж зиёратига борувчилар сони 3 баробар оширилганини қайд этиш зарур. Хусусан, биргина жорий йилнинг ўтган даврида 31 минг нафардан ортиқ ватандошларимиз Макка ва Мадинада муқаддас ибодатларни бажариб, эл-юртимиз ҳаққига эзгу дуолар қилиб қайтганларини таъкидлаш ўринли.

Айни вақтда юртимиздаги давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан табаррук қадамжолар обод қилиниб, эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилаётгани ҳам Рамазон ойининг аҳамияти ва файзу шукуҳини оширишга хизмат қилмоқда.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маънавий қадриятларни тиклаш ва эъзозлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлиб, биз бундай савобли ишларни келгусида ҳам изчил давом эттирамиз.

Муҳтарам дўстлар!

Биз жонажон Ватанимизда тинчлик ва осойишталик, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, халқимиз ҳаётини янада эркин, обод ва фаровон этишни мақсад қилган эканмиз, ўтган давр мобайнида эришган барча ютуқларимиз, жумладан, виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасидаги ижобий ўзгаришларни ҳар томонлама мустаҳкамлаб боришимиз кераклигини, буни ҳозирги ва келгуси тараққиётимиз тақозо этаётганини ҳаммамиз яхши англаймиз, албатта.

Фурсатдан фойдаланиб, бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган, инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларимизнинг янада самарали ва бардавом бўлиши учун жон куйдириб, ўз тақдири ва келажагига чуқур масъулият ҳамда дахлдорлик туйғуси билан яшаб, фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларимизга, кўпмиллатли бутун халқимизга чин дилдан миннатдорлик билдираман.  

Азиз ва қадрли ватандошлар!

Ушбу шукуҳли лаҳзаларда дунё мўмин-мусулмонларини, дўст ва ҳамкорларимизни Рамазон байрами билан самимий қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига тинчлик-барқарорлик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.

Оила даврасида, маҳаллаларда муборак Ийд-ал-фитр айёмини хурсандчилик билан кутиб олаётган сиз, муҳтарам юртдошларимни яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари рўёбга чиқсин!

Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Манба
president.uz
Мавзуга оид мақолалар
Грознийда Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад ҳожи Қодиров таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан quotЭнг яхши Қуръон ўқувчисиquot шаҳар танловининг якуний давоми...

1583 17:00 / 04.07.2021
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Бангладеш давлатлари ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилмоқда. Икки халқ ўртасидаги дўстона ришталар нафақат иқтисодий давоми...

961 20:06 / 15.08.2025
Айни кунларда Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси Ҳаж ndash 2024rdquo мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида бир нечта давоми...

2149 22:54 / 10.01.2024
.Усмон ибн Мазъун, жоме масжидида хизмат қилиб келаётган Исҳоқжон Бегматов Тошкент шаҳридаги .Имом Термизий, жоме масжиди имомхатиби этиб тайинланди. Бу ҳақда давоми...

11516 14:35 / 23.07.2019
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021