1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Хулқнинг макони қалбдир

09:00 / 29.04.2023 2566 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Ислом динида бешта фарз бор. Яъни, Ислом динининг бешта устуни. Ҳаётий тажрибадан шу нарса равшанки, устун бирор пойдевор устига қурилиб, сўнг тикланади. Агар пойдевор бўлмаса, устун чириб, охир оқибатда йиқилади. Бу бешта устун ҳаммамизга маълум. Устунларнинг пойдевори нима? Бу макоримул ахлоқ – буюк хулқдир. Макоримул ахлоқ дегани ўзи нима? Бу – одоб, меҳр-оқибат, ҳурмат, яхшилик, хушмуомала ва бошқаларни айбларини беркитиш дегани. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора қилиб:


 وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ 


«Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!», деган. (Қалам сураси, 4-оят).


Аллоҳ таоло бу оятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қилган ибодатларини эмас, хулқларини мақтамоқда. Ибодатларимизни қабул бўлишида, дуоларимизни мустажоб бўлишида асосий ўрин тутадиган нарса бу ҳусни хулқдир. Хулқнинг макони қалбдир. Қалб тоза бўлса, унда ҳеч бир фитнага, фисқу фасодга ва адоватга ўрин қолмайди. Кимнинг қалбига Аллоҳ таоло ҳусни хулқ ато этган бўлса, бундай қалб эгаси раҳмдил, кечиримли, мулойим, бошқаларни айбини беркитадиган бўлади. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари: «Мен макоримул ахлоқ (яхши хулқлар)ни мукаммал этиш учун юборилганман», – деганлар. Ҳақиқатан, Муҳаммад алайҳиссалом олий даражадаги комил инсон эканларига асло шубҳа йўқ.


Банда ҳатодан ҳоли эмас. Билиб-билмасдан бир айб иш қилса, уни ўзи ёки ўзгалар ошкор қилишлиги жоиз эмас. Зеро, Аллоҳ очмаган пардани очмаган маъқул. Киши биродаридан бир айб ёки ҳатони кўрса, уни ислоҳ қилишга, тўғрилашга ҳаракат қилмоғи лозим. Бу иш қўлидан келмаса, у айбни яширишлиги яхшидир. Буюк хулқ эгаси бўлган Пайғамбар алайҳиссаломдан инсонларни айбини яшириш тўғрисида келган ривоятларнинг баъзиларни келтирамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ қиёматда унинг айбини яширади», дедилар.
Муслим ривояти.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мусулмондан дунё машаққатларидан бир машаққатни кўтарса, Аллоҳ таоло ўша бандадан қиёмат кунида қиёмат машаққатини кўтаради.  Ким бир мусулмоннинг дунёда айбини тўсса, Аллоҳ таоло охиратда унинг айбини тўсади. Ким бир мусулмонга дунёда ёрдам қилса, Аллоҳ охиратда унга ёрдам қилади», дедилар.


Муслим ривояти.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатида бўлади. Ким бир мусулмондан дунё машаққатини кетказса, Аллоҳ қиёматда ундан машаққатни кетказади. Ким мусулмоннинг айбини тўсса, Аллоҳ қиёматда унинг айбини тўсади».
Абу Довуд ва Термизий ривояти.


Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ўз биродарини айбини кўриб, уни яширса, шу сабабли Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади». 
Табароний ривояти.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким биродарининг айбини тўсса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг айбини тўсади. Ким биродарини айбини очса, Аллоҳ таоло унинг айбини очади, ҳатто уйини ичида бўлса ҳам шарманда қилади». 
Ибн Можа ривояти.

Жалолиддин домла Ҳамроқулов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръон билан даволаш руқя қилиш ndash касалга шифо топиш мақсадида Қуръон ўқиб дам солиш жоиздир. Бунинг эвазига ҳақ олиш ҳам жоиз.Бухорий ва бошқа имомлар Оиша давоми...

3162 19:00 / 27.12.2022
Ғийбат сабабли дунёда, динда жуда кўп зарарлар юзага келади. Ғийбат қилувчига Қуръони Каримдаги.Дунёни ҳам, охиратни ҳам қўлдан бой берди, Ҳаж сураси, 11оят давоми...

3466 14:00 / 28.03.2022
Бирор нарсага қарши чиқиш ёки уни қабул қилишдан аввал ўша нарса билан танишиб чиқиш кераклиги ҳамма билган ва амал қилиб келган ҳақиқатлардан биридир. Акс ҳолда давоми...

5085 23:07 / 26.04.2017
Аҳнаф ибн Қайс роҳимаҳуллоҳ айтади .Мен ҳеч қачон ўзимдан бошқа одам учун турғазиб юборилишим мумкин бўлган жойга ўтирмадим, Баҳжатулмажолис 1жилд, 47бет. Оқиллик давоми...

2066 14:18 / 09.09.2023
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021