1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Яхши амал қилса хурсанд бўлади!

11:00 / 10.12.2023 3253 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир киши Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг олдига келиб иймон ҳақида сўради. Абу Зарр розияллоҳу анҳу унга қуйидаги оятни ўқиди:
«Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарига, китобга, пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларига, етимларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир, ана ўшалар тақводорлардир».


Ҳалиги киши деди:
- Мен сендан яхшилик ҳақида сўрамадим!
Абу Зарр розияллоҳу анҳу деди:
- Бир киши Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб сен мендан сўраган нарсангни сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга мен сенга ўқиб берган оятни ўқиб бердилар. У сен менга айтган гапингни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтди. У рози бўлмагач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:
- Менга яқинроқ кел! Иймонли киши яхши амал қилса хурсанд бўлади ва савобини умид қилади. Агар ёмон амал қилса хафа бўлади ва азобидан қўрқади. Агар яхшиликларинг сени хурсанд қилса сен иймонлисан!».


Дунё охират экинзоридир. Биз бунда экин экамиз. Ҳосилни эса Аллоҳга йўлиққанимизда оламиз. Мўъмин киши дунёда бир яхшилик қилса замирида саодатни, қалбида роҳатни ҳис қилади. Буни Аллоҳ учун қилганига ишонади. Эртага Унга йўлиқишини билади. Аллоҳдан кўра вафоли зот йўқлигини, қиёматда унинг ажрини гўзал суратда беришини англайди!


Агар ёмон амал қилганингизда хафа бўлсангиз, демак сиз мўъминсиз!


Ҳаммамиз хатокормиз. Агар гуноҳнинг ҳиди бўлганида бир-биримиз билан ўтира олмаган бўлар эдик. Инсонлар кўришини истамаган томонларимизни сатр қилган, инсонлар кўришини истаган томонимизни тарқатган Аллоҳ покдир!


Мўъмин киши гуноҳ қилиб қўяди. Сўнгра унинг маҳзун бўлиб қолганини кўрасиз. Қалби синади. Сўнгра намоз, рўза, тавба, истиғфор, кечги намоз ва кўз ёшлари билан Аллоҳга қайтишга шошилади. 


Аммо гуноҳни қилиб хафа бўлмаса, надомат қилмаса мана бундан қўрқиш лозим. Аллоҳнинг ҳалимлигини ожизлик деб ўйласа, гуноҳ қилганида Аллоҳнинг сатр қилганини суистимол қилиб яна гуноҳда бардавом бўлса, мана бу хавфли!


Доктор Муҳаммад Ражаб айтади:
«Ўғлим! Гуноҳларинг ичида энг зарарлиси биринчиси ҳам эмас, охиргиси ҳам эмас, кўпи ҳам эмас, ози ҳам эмас. Сенинг ҳалокатинг гуноҳни қийналмасдан, қалбинг оғримасдан қилишингдадир.  Ана шундан сўнг қалбинг унга ўрганиб қолади. Уни тавбага ундайдиган синиқликни энди топа олмайсан. Эй ўғлим! Агар кунларимизни яхшилаб тафтиш қилганимизда, кўп гуноҳларимиз одатга айланиб кетганини англаган бўлар эдик. Бу гуноҳларнинг ҳаромлигига қалблар эътибор бермай қўйди. Эй ўғлим! Энг зарарли гуноҳ сени маст қилган гуноҳдир!».


Абдулқодир Полвонов


Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 10 майдаги 03-07/3450-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иймон инсон табиатини йўққа чиқармайди, аксинча, уни тарбиялайди. Иймон инсоннинг ғаризаларини йўқотмайди, аксинча, уларни тартибга солади. Ўғли ғарқ давоми...

1532 15:38 / 24.10.2025
Аллоҳ таоло айтади .Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар ёки уларнинг диёрлари яқинига давоми...

1730 14:54 / 10.01.2025
. . Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким жамоатдан бир қарич узоқлашса, бўйнидан Ислом бўйинбоғини ечган давоми...

2162 17:23 / 08.04.2024
Бир неча йил аввал, тақрибан 2002 ёки 2003 йиллар эди. Дубай шаҳрида истиқомат қилардим. Бир куни маҳалламда Туркиялик нуроний отахон билан танишиб қолдим. Ёши давоми...

2754 14:07 / 18.12.2023