1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари

09:00 / 10.06.2023 2491 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мак¬кадан Мадинага қилган машаққатли ҳижратларида ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг зикрлари бор.


Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Саҳиҳ»ларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари ҳақида келтирган узун ҳадисда, жумладан, қуйидагиларни ҳам келтирганлар:
«Ибн Шиҳоб айтади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ мусулмон отлиқлар билан келаётган Зубайр¬га йўлиқдилар. Улар Шомдан келаётган тожирлар эдилар. Бас, Зубайр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Абу Бакрга оқ кийим кийдирди».


Бу ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу учун катта бахт эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳамсафарлари Абу Бакр Сиддиқ билан мушрикларнинг таъқибидан қочиб, йўлнинг оғир машаққатларидан чарчаб-ҳориб, бировлардан изн сўраб, қўйларини соғиб ичиб келаётган бир пайтда икковларига оқ кийим кийдириб, хурсанд қилиш бахт эмасми?! Бир оздан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу худди шу Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу кийдирган оқ кийимларида дорул¬ҳижра – Мадинаи Мунавварага кириб бордилар.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам ҳижрат қилиб, Мадинаи Мунавварага келдилар. У киши дастлаб Мунзир ибн Муҳаммад ибн Уқбаникига тушдилар. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Салама ибн Салома ибн Вақш ал-Авсий билан биродар қилдилар.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиққа куёв эдилар. Яъни у киши Абу Бакр Сиддиқнинг катта қизлари Асмо бинти Абу Бакр¬га уйланиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга божа бўлдилар.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўз аҳллари билан ҳижрат қилиб келганларида Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо тўнғич фарзандларига ҳомиладор эдилар. Кейин нима бўлганини қуйидаги ривоятдан ўрганамиз.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى فِي بَيْتِ الزُّبَيْرِ مِصْبَاحًا فَقَالَ: يَا عَائِشَةُ، مَا أَرَى أَسْمَاءَ إِلَّا قَدْ نُفِسَتْ، فَلَا تُسَمُّوهُ حَتَّى أُسَمِّيَهُ، فَسَمَّاهُ النَّبِيُّ  عَبْدَ اللهِ، وَحَنَّكَهُ بِتَمْرَةٍ بِيَدِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ حَسَنٍ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайрнинг уйида чироқ кўрдилар ва:
«Эй Оиша! Асмо нифос кўрганга ўхшайди. Унга исм қўймай туринглар. Мен ўзим исм қўяман», дедилар.
Бас, у зот унга Абдуллоҳ деб исм қўйдилар ва қўллари билан хурмода танглайини кўтардилар».


Термизий ҳасан санад ила ривоят қилган.


Афтидан Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ва Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраи саодатларидан чироғи кўринадиган жойда яшаганга ўхшайдилар. У зот ўз қайинсингиллари Асмо розияллоҳу анҳонинг ҳомиладор эканликларидан хабардор бўлганлар. Унинг кўзи ёришини орзиқиб кутганлар. Чунки ҳижратдан кейин маълум муддатгача муҳожирлар оиласида фарзанд туғилмаган, яҳудийлар «Биз уларни сеҳрлаб қўйдик, улар энди фарзанд кўрмайдилар», деган гап тарқатишган эди.


Шунинг учун ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг оиласида фарзанд туғилганининг хабари тарқалганда мусулмонлар Мадинаи Мунаввара осмонини «Аллоҳу Акбар!» деб такбирга тўлдирганлар.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар, ушбу ривоятда келганидек, янги туғилган гўдакка ўзлари исм қўйиб, муборак туфуклари ила ҳўлланган хурмо билан гўдакнинг танглайини кўтарганлар.


Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан кейин бўлиб ўтган барча ишларда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу фаол қатнашдилар.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан биродар эдилар. Бу икки улкан саҳобийнинг исломий ака-укаликлари жуда ҳам олий нуқтадаги биродарлашиш бўлди. Икковлари худди эгиз фарзандлардек бўлиб юрдилар. Уларнинг бу ҳолатлари то умрларининг охиригача давом этди.
(Давоми бор)


«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Халифа бўлиш, ўша вақтдаги дунёнинг энг қудратли жамиятини узоқ вақт бошқариб туриш ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг шахсий сифатларига заррача ҳам давоми...

1395 14:00 / 15 январь
иккинчи мақола . . Усмон ибн Мавҳиб розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

1635 16:05 / 26 январь
Ҳалиги икки киши қайтиб келиб, бор гапни ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга етказган эдилар, у киши кулдилар. Кейин фитначиларни чақиртирдилар. Одамларни давоми...

496 12:52 / 17 февраль
Макка фатҳи Саъд ибн Абу Ваққос Макка фатҳи чоғида оғир хаста бўлиб қолдилар ва ушбу ривоятда зикр қилинган гаплар бўлиб ўтди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу давоми...

1426 09:11 / 18.05.2024
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021