1447 йил 18 Рамазон | 2026 йил 07 март, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Усмон розияллоҳу анҳунинг шахсий сифатлари

14:00 / 15 январь 1364 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халифа бўлиш, ўша вақтдаги дунёнинг энг қудратли жамиятини узоқ вақт бошқариб туриш ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг шахсий сифатларига заррача ҳам салбий таъсир кўрсата олмади. У киши аввал қандай бўлсалар, шундай қолдилар. Ҳатто баъзи ҳолатларда яна ҳам яхшироқ даражаларга ўтдилар. Уламоларимиз ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг шахсий сифатлари ҳақида кўпгина ривоятлар келтирганлар. Келинг, шулардан баъзиларини ўрганиб чиқайлик.

Абу Нуъайм «Ҳулятул авлиё» китобида Абдулмалик ибн Шаддоддан ривоят қилади:

«Усмонни Жумъа куни минбар устида кўрдим. Эгнида қўпол, баҳоси тўрт дирҳам ёки беш дирҳамлик аданий изор ва титилган куфий ёпинчиқ бор эди».

Имом Аҳмад ва «Сифатус-Софва» китоби соҳиби ривоят қиладилар:

«Ҳасандан кундузи масжидда ухловчилар ҳақида сўралди.

«Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг кундузи масжидда ухлашини кўрганман. У ўша пайтда халифа эди. Турганида майда тошлар биқинига ботган бўларди. «Шу киши мўминларнинг амирими?! Шу киши мўминларнинг амирими?!» дейилар эди».

Шарҳабийл ибн Муслимдан ривоят қилинади:

«Усмон розияллоҳу анҳу одамларга амирларнинг таомини егизар эди. Ўзи эса уйига кириб, сирка билан зайт ер эди».

Абу Нуъаймнинг «Ҳулятул авлиё» китобида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қурайшдан уч киши одамларнинг энг юзи чиройлиси, энг хулқи гўзали ва энг ҳаёси собитлисидирлар: Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон ва Абу Убайда Жарроҳ розияллоҳу анҳум».

Имом Аҳмад қилган ривоятда Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни, у зотнинг ҳаёларини зикр қилиб туриб, жумладан:

«У уйнинг ичида бўлиб, устидан эшик қулфлоғлик турса ҳам, устидан сув қуймоқчи бўлса, ҳаёси кийимини ечиб ташлашга монелик қилар эди», деганлар».

Байҳақий Моликдан, у амакисидан, у отасидан ривоят қиладилар:

«У киши Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумонинг Маккадан келсалар, Маърасда тушишларини, уловларини минганларида бирор киши қолмай, ғуломни мингаштириб олишларини ва ўша ҳолда Мадинага кириб боришларини кўрган экан. Унга:

«Тавозеъ учунми?» дедим.

«Ҳа. Одамларни мингаштириб олишлари икковларининг бошқа подшоҳларга ўхшамаслиги учун», деди.

Кейин одамларнинг ўзлари улов миниб, ғуломлари ортларидан пиёда бориш одатини чиқарганликларини, бу айб эканини зикр қилди».

Абу Нуъаймнинг «Ҳулятул авлиё» китобида Маймун ибн Меҳрондан ривоят қилинади:

«Менга Ҳамадонийнинг хабар беришича, у Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтида хачирга миниб, ортига ғуломи Ноилни миндириб олиб кетаётганини кўрган экан».

Ибн Саъд, имом Аҳмад ва Ибн Асокирлар Абдуллоҳ Румийдан ривоят қиладилар:

«Усмон розияллоҳу анҳу таҳоратига ўзи сув тайёрлар эди. Унга: «Баъзи ходимларга айтсанг-ку, тайёрлаб беришади», дейилди. У:

«Йўқ. Кечаси дам олиш уларнинг ҳақлари», деди».

Ибн Саъд Амр ибн Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Усмон розияллоҳу анҳу ўзига фарзанд туғилса, уни латтага ўраб олдириб келиб, ҳидлар эди. Унга «Нимага бундай қиласан?» дейилди.

«Мабодо унга бирор нарса бўлиб қолса, муҳаббати қалбимда қолсин, деб шундай қиламан», деди.

Бу, албатта, келажакда келиши мумкин бўлган мусибатга розилик ила тайёргарлик кўриш эди.

Имом Термизий Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳонеъдан ривоят қилади:

«Усмон қабрни кўрса, йиғлаб, соқоллари ҳўл бўлиб кетар эди. Унга: «Жаннат ва дўзахни зикр қилсанг, йиғламайсан. Қабрни зикр қилсанг, йиғлайсан?» дейилди.

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қабр охират манзилларидан биринчи манзилдир. Ундан нажот топса, ундан кейингиси осондир. Ундан нажот топмаса, кейингилари бундан ҳам шиддатлидир», деганларини, яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қай бир манзарани кўрсам, қабр ундан кўра қўрқинчлидир», деганларини эшитганман», деди».

Ибн Саъд ва Ибн Асокир Абдурраҳмон ибн Ҳотибдан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан ҳеч кимнинг Усмон розияллоҳу анҳучалик ҳадисни батамом ва гўзал айтишини кўрмадим. Илло, у ҳадис ривоят қилишдан қўрқар эди».

Имом Аҳмад, Абу Яъло ва Баззор Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, у зотнинг саҳобалари ичида энг яхши тушунгани бўлсам ҳам, ривоят қилишдан монелик йўқ. Аммо гувоҳлик бераманки, мен у зотнинг «Ким мен айтмаган нарсани айтди, деса, дўзахдаги ўрнини олаверсин», деганларини эшитганман», дер эди».

Имом Аҳмад ва Ибн Асокир қилган ривоятда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу:

«Бирор наҳор ёки тунни Аллоҳнинг Китобига назар солмасдан ўтказишни истамайман», дедилар.

Яна ўшалар қилган ривоятда ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу:

«Агар қалбларингиз пок бўлса, Аллоҳнинг Китобидан тўймас эдингиз», дедилар».

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ана шундай инсон эдилар. У киши саҳобаи киромлар ичидан энг афзали бўлганликлари учун халифа қилиб сайланган эдилар.

Аммо фитна ниҳоятда ёмон нарса. Фитначилар ҳар қандай ёмон нарсани айтишдан ва қилишдан тоймайдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 22-жузидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 10 мартдаги 1801-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севикли икки набиралари, ҳазрати Али ва Фотимаи Заҳронинг жигаргўшалари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайннинг сиймолари бутун давоми...

14171 19:39 / 21.04.2017
Насаб илми олимлари ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг насаблари ҳақида қуйидаги силсилани келтирадилар У киши Усмон ибн Аффон ибн Абул Осс ибн Умайя давоми...

1107 16:37 / 16.10.2025
иккинчи қисм Ишлар уч хил бўлади тўғрилиги очиқойдин бўлган иш, унга эргаш. Зарари очиқойдин бўлган иш, ундан четлан. Сенга бутунлай номаълум бўлган иш, уни давоми...

1609 13:33 / 16.04.2025
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу ёки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу каби фақир бўлмаганлар. Аммо улардан афзал эдилар.Абу Бакр Сиддиқ давоми...

4749 11:00 / 17.05.2022
Аудиолар

232683 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151184 14:35 / 11.08.2021