1447 йил 4 зулқаъда | 2026 йил 21 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Агар вафот этсам...

09:31 / 18.06.2022 1229 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар вафот этсам, Аллоҳ насиб қилса, мусулмонлар лозим бўлган ишларни қилишади:
• кийимларимни ечиб олишади;
• жасадимни ювишади;
• кафанга ўрашади;
• тобутга солишади;
• масжидда ёки уйимда менга жаноза ўқишади;
• қабристонга олиб боришади;
• қабрга қўйишади;
• баъзи одамлар уйидан, баъзилари ишхонасидан жанозамни ўқиб, дафн қилиш учун келишади;
• мени дафн қилиб бўлишгач, бир неча кишилар "Мулк" сурасини тиловат қилишади, қолганлар уни тинглашади. Баъзи ҳиммат қилганлар "Ясин" сурасини ҳам тиловат қиладилар.


• дуолар қилингач, ҳамма тарқалишни бошлайди.


Аллоҳ насиб этса, уйимда қолдирадиган кишиларим ва нарсаларим:
• ота-онам, ака-укаларим, синглим, аҳли оилам, фарзандларим, жиянларим, қариндошларим, дўсту биродарларим;
• уй, машина ва уларнинг калитлари;
• китобларим;
• кийимларим, дўппиларим, поябзалларим;
• пулларим.


Вафот этганимдан сўнг дунё келган жойидан давом этаверади.


Ўтирган курсимга бошқа киши ўтириб, ишни давом эттиради.


Молу давлатим меросхўрларим орасида тақсимланади. Ўзим эса ўша молу давлатлар учун ҳисоб бераётган бўламан.


Вафот этганимда энг аввал исмимни тарк этишади.


Мени ювмоқчи бўлишганда, исмимни айтишмайди, балки, "Жасад қаерда?" дейишади.


Кафанга ўралган ҳолда тобутда ётар эканман, менга намоз ўқимоқчи бўлганларида, "Жанозани олиб келинглар" дейишади.


Қабристонга олиб бориб, дафн этаётганларида, "Маййитни узатинглар, тобутни тортиб олинглар" дейишади.


Шундай экан, мен насабимга, фалончиларнинг зурриёти эканимга, мансабимга, обрўйимга алданиб қолмаслигим керак.


Вафотимдан кейин мен учун маҳзун бўладиганлар уч хил бўлади:
1. Мени юзаки танийдиганлар "Бечора вафот этибди-да" дейишади.


2. Дўсту биродарлар бир неча соатдан то бир неча кунгача маҳзун бўладилар, эслаб, дуо қиладилар. Сўнг одатий ҳаётларини яшашда давом этадилар ва юзларида кулгу кўрина бошлайди.


3. Уйимдаги маҳзунлик бир йилгача чўзилиб, кейин исмим хотиралар қутисига ташланади.


Шу билан одамлар орасидаги ҳикоям ниҳоясига етади. Охират остонасидаги ҳақиқий ҳаёт бошланади. Бу қабр ҳаёти.


Қабримда чиройим ҳам, молим ҳам, фарзандларим ҳам, оила аъзоларим ҳам, ака-укаларим ҳам, "домла", "қори ака" деб юрган дўстларим ҳам, уй-жойларим ҳам, дафнда иштирок этганлар ҳам қолмайди.


Қабримда мен билан фақат амалим қолади.


Саволлар бошланади:
— Роббинг ким?
— Роббим Аллоҳ!
— Дининг нима?
— Диним Ислом!
— Мана бу одам ҳақида нима дейсан?
— Бу киши Аллоҳ таолонинг рисолатини биз умматларига етказган, омонатни адо этган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар!


Аллоҳ таолонинг фазли билан қабримда менга ёрдам берадиган нарсалар:
• ўқиган фарз намозларим;
• тутган фарз рўзаларим;
• берган закотларим;
• қилган ҳажим;
• нафл ибодатларим;
• махфий садақаларим;
• етимнинг бошини силаганим;
• ота-онамга қилган хизматларим;
• бошқа солиҳ амалларим.


Дунёга қайтиб, бир марта сажда қилиш, бир марта тасбеҳ айтиш орзусида ётган миллиардлаб қабрларда ётганлар бор.


Биродарлар, бугун бизда имконимиз бор, ҳали жонимиз танамизда. Бандалик вазифаларимизни ўз ўрнида, вақтида, ихлос билан адо этайлик! Зулм қилганларимиздан узр сўрайлик, қазо намозларимизни ўқиб, қазо рўзаларимизни тутиб, одамлардан олган қарзларимизни тўлайлик!


Роббимиз барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!


Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилик жамиятлар қатори бизда ҳам улуғ инсонни вафот этганидан кейингина иззатҳурматлаш, кўтаркўтар қилиб, табарруклаш одат бўлиб қолганга ўхшайди. Жуда кўп давоми...

1264 13:14 / 18.09.2025
Шаръий илм дегани mdash бу Ислом шариатига тааллуқли бўлган ибодатлар ва муомалатлар фиқҳи, Қуръони Карим тафсири илми, Ислом ақидаси илми, Набавий ҳадиси шариф давоми...

2665 18:30 / 22.03.2022
. . .Агар нафсларнинг майдонлари бўлмаганида, соликларнинг сайри юзага чиқмас эди. Зотан, сен билан У Зотнинг орасида масофа йўқки, уни сенинг юришинг давоми...

4119 17:00 / 31.12.2020
Мазкур сабаблар ўнтадир1. Қуръони каримни тадаббур ила, маъноларини фаҳмлаб қироат қилиш.2. Фарз ибодатларни тугал қилгандан кейин нафл ибодатлар ила Аллоҳ давоми...

5325 16:05 / 30.01.2019