1447 йил 5 зулқаъда | 2026 йил 22 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Жаҳжоҳ деган одам подшоҳ бўлмагунича кеча-кундуз йўқолмайди

10:45 / 13.09.2024 3397 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَذْهَبُ الْأَيَّامُ وَاللَّيَالِي حَتَّى يَمْلِكَ رَجُلٌ يُقَالُ لَهُ الْجَهْجَاهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: «لَا يَذْهَبُ اللَّيْلُ وَالنَّهَارُ حَتَّى يَمْلِكَ رَجُلٌ مِنَ الْمَوَالِي يُقَالُ لَهُ جَهْجَاهُ».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаҳжоҳ деган одам подшоҳ бўлмагунича кеча-кундуз йўқолмайди», дедилар.

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг ривоятида:

«Озод қилинган қуллардан бўлган Жаҳжоҳ деган одам подшоҳ бўлмагунча кеча-кундуз йўқ бўлмайди», дейилган.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَقُومُ السَّاعَةُ حَتَّى تَقْتَتِلَ فِئَتَانِ عَظِيمَتَانِ، تَكُونُ بَيْنَهُمَا مَقْتَلَةٌ عَظِيمَةٌ، دَعْوَتُهُمَا وَاحِدَةٌ، وَحَتَّى يُبْعَثَ دَجَّالُونَ كَذَّابُونَ، قَرِيبٌ مِنْ ثَلَاثِينَ كُلُّهُمْ يَزْعُمُ أَنَّهُ رَسُولُ اللهِ، وَحَتَّى يُقْبَضَ الْعِلْمُ وَتَكْثُرَ الزَّلَازِلُ وَيَتَقَارَبَ الزَّمَانُ وَتَظْهَرَ الْفِتَنُ، وَيَكْثُرَ الْهَرْجُ وَهُوَ الْقَتْلُ، وَحَتَّى يَكْثُرَ فِيكُمُ الْمَالُ، فَيَفِيضَ حَتَّى يُهِمَّ رَبَّ الْمَالِ مَنْ يَقْبَلُ صَدَقَتَهُ، وَحَتَّى يَعْرِضَهُ عَلَيْهِ فَيَقُولَ الَّذِي يَعْرِضُهُ عَلَيْهِ لَا أَرَبَ لِي بِهِ، وَحَتَّى يَتَطَاوَلَ النَّاسُ فِي الْبُنْيَانِ، وَحَتَّى يَمُرَّ الرَّجُلُ بِقَبْرِ الرَّجُلِ فَيَقُولُ يَا لَيْتَنِي مَكَانَهُ، وَحَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِهَا، فَإِذَا طَلَعَتْ وَرَآهَا النَّاسُ يَعْنِي آمَنُوا أَجْمَعُونَ فَذَلِكَ حِينَ ﴿ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ﴾ وَلَتَقُومَنَّ السَّاعَةُ وَقَدْ نَشَرَ الرَّجُلَانِ ثَوْبَهُمَا بَيْنَهُمَا فَلَا يَتَبَايَعَانِهِ، وَلَا يَطْوِيَانِهِ، وَلَتَقُومَنَّ السَّاعَةُ وَقَدِ انْصَرَفَ الرَّجُلُ بِلَبَنِ لِقْحَتِهِ فَلَا يَطْعَمُهُ، وَلَتَقُومَنَّ السَّاعَةُ وَهُوَ يُلِيطُ حَوْضَهُ فَلَا يَسْقِي فِيهِ، وَلَتَقُومَنَّ السَّاعَةُ وَقَدْ رَفَعَ أُكْلَتَهُ إِلَى فِيهِ فَلَا يَطْعَمُهَا». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Қуйидаги ишлар бўлмагунича Қиёмат қойим бўлмайди:

– даъвоси бир бўлган икки улкан гуруҳ ўртасида катта уруш бўлмагунча;

– ўттизга яқин каззоб дажжол чиқиб, ҳар бири ўзини Аллоҳнинг Расули деб даъво қилмагунча;

– илм кўтарилмагунча;

– зилзилалар кўпаймагунча;

– вақт тез ўтадиган бўлмагунча;

– фитналар зоҳир бўлмагунча;

– ҳараҳ, яъни қотиллик кўпаймагунча;

– орангизда мол-дунё кўпайиб, тўлиб-тошиб, мол эгаси садақани кимга бериш ҳақида ташвишланиб, уни бировга таклиф қилса, таклиф қилинган одам «Менинг у билан ишим йўқ» демагунича;

– одамлар бино қуришда кимўзарга ўтмагунча;

– бир киши бошқа бир кишининг қабри ёнидан ўтаётиб, «Қанийди, унинг ўрнида мен бўлсам», демагунича;

– қуёш мағрибдан чиқмагунча: у мағрибдан чиққанда барча одамлар иймон келтирадилар, ана шу «Ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермайди»[1] дейилган пайтдир.

Қиёмат қойим бўлганда икки киши ўртада кийимларини ёяди, лекин уларни савдолашишга ёки йиғиштиришга улгурмай қолади;

Қиёмат қойим бўлганда киши туясининг сутини соғиб келади, лекин ичишга улгурмай қолади;

Қиёмат қойим бўлганда киши ҳовузини тузатади, лекин ундан сув ичишга улгурмай қолади;

Қиёмат қойим бўлганда киши луқмасини оғзига олиб боради, лекин ейишга улгурмай қолади».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Қиёматнинг ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган аломатларининг баъзилари содир бўлган, баъзилари содир бўлмоқда, баъзилари эса энди содир бўлади.

Шунингдек, бу ҳадиси шарифда Қиёмат ҳеч ким ўзининг қилаётган ишини охирига етказа олмайдиган даражада тез қоим бўлишига ҳам эътибор қаратилмоқда.

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

[1] Анъом сураси, 158-оят.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ дейдилар .Ҳорун арРашиднинг қўшинида йигирма минг мужоҳид аскар бор эди. Улар қўшин девонига ўз исмларини ёздирмас эди. Ҳатто Аллоҳдан давоми...

2723 13:30 / 02.08.2021
Кўпчилик англаб олиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, бир шахсдан содир бўлган ҳар бир зулмга қарши унга ҳам ўшанча мислда жавоб қайтариш жоиз эмас. Мисол давоми...

4463 09:00 / 03.08.2021
Мусулмонларнинг мақсади карвон эди. Қурайшнинг мақсади эса карвонни қутқариш эди. Аммо Аллоҳ таоло урушни ирода қилди ва Бадр жанги бўлиб ўтди. Расулуллоҳ давоми...

2359 15:16 / 29.04.2024
Чигиртка белгиланган тартиб ва қатъий интизом асосида ҳаракатланади ва қаерга кетаётганини билади. Капалак эса, бетартиб шаклда учиб юради. Қиёмат қоим бўлганида давоми...

3444 18:00 / 14.05.2021