1447 йил 20 зулҳижжа | 2026 йил 06 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари

09:00 / 31.08.2023 2540 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(тўққизинчи мақола)

Уламоларимизнинг таъкидлашларича, Аллоҳ таоло Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга энг яхши жангчига керак бўладиган барча сифатни берган эди. У киши жангчи сифатида ўзига жуда ҳам ишонар ва Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимдан ёрдам кутмас эдилар. Жанг пайтида агар юз минг кишилик лашкарнинг бири бўлсалар ҳам, ўзларини ёл¬ғиз ҳис қилар ва жангнинг масъулияти фақат ўзларининг елкаларида тургандек ҳаракат қилар эдилар. Яна у киши бошқалардан жангчи сифатида сабот-матонатлари ва кучли бардошлари билан ажралиб турар эдилар.


Макка фатҳидан кейин Ҳунайн жанги бўлди. Унда аввалги ғалабалардан ва ададларининг кўплигида ғурурга кетган мусулмонлар душманнинг пистирмасига дуч келиб, ҳар тарафга тирқираб қоча бошладилар. Фақат Аллоҳ таолонинг инояти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабот ва матонатлари туфайли кейинчалик ишлар юришиб кетди. Аллоҳ таоло Ўз Расулига нусрат берди.


Шунда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг кўзи пана жойда яна пистирма қуриб, пайт пойлаб турган мушрикларнинг бошлиғи Молик ибн Авфни кўриб қолдилар. Вазият жуда нозик эди. Бир лаҳза кечикилса, мусулмонларнинг бир қанча бошлиқлари нобуд бўлишлари мумкин эди. Ана шундай таҳликали бир пайтда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу бир ўзлари душман тўпи устига от солдириб бордилар. Ҳеч нарсадан тап тортмай, душман устига ҳамла қилиб, уларни тирқиратиб юбордилар.


Бундай ишни қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаворийси керак эди.


Бундай ишни қилиш учун Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу керак эди.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида котиблик қиладиган оз сонли мирзалардан бири эдилар.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Ҳабашистонда бўлган вақтларида Нажоший у кишига қимматбаҳо калта найза совға қилган эди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ўша найзани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга совға қилган эдилар. Найза икки ийд ва бошқа кунлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида кўтариб юрилар эди.


Кейинчалик аббосий халифалардан Мутаваккилга ўша найза етиб келганда худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида кўтариб юрилгандек, унинг ўз олдида кўтариб юрилишига амр қилган.


Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз саккизта ҳадиси шариф ривоят қилганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Умар Шом томон сафарга чиқди. Токи у Сарғга етганида, унга Ажноднинг аҳли, яъни Абу Убайда давоми...

2787 14:26 / 18.07.2024
Ибн Саъд Атодан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу омилларига ҳаж мавсумида унинг ҳузурига келишларини амр қилар эди. Улар жамланганда .Эй одамлар давоми...

1294 12:34 / 27.10.2024
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларРасулуллоҳга нима бўлди9қисмАбу Куҳофанинг ўғли Абу Бакр розияллоҳу давоми...

6067 16:30 / 21.04.2017
Имом Ибн Жарийр Тобарий Язийд ибн Мансурдан ривоят қилади .Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга унинг Баҳрайндаги омили Ибн Жоруднинг ёки Ибн Абу Жоруднинг олдига давоми...

1449 13:25 / 16.10.2024
Аудиолар

232737 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

151290 14:35 / 11.08.2021